Саййидаи Осиё Қуръонда содиқ мўмина аёллар қаторида
19 феврал 2021 й.
157 марта ўқилди.

 
Саййидаи Осиё Қуръонда содиқ мўмина аёллар қаторида

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни ерга тўртта чизиқ чиздилар ва “Бу нима, биласизми?“ деб сўрадилар. Саҳобалар: “Аллоҳ ва унинг Расули билгувчидир “, дейишди.  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Булар жаннатнинг энг афзал аёллари—Хадича бинту Ҳувайлид, Фотима бинту Муҳаммад, Марям бинту Имрон ва Фиръавннинг аёли Осиё бинту Мазоҳимдир“, - дедилар. 
Осиё онамизнинг ҳаёти ва у кишининг Исломдаги хизматлари ҳақида сўз юритамиз. Тарихчилар хабар беришича, Мусо алайҳиссалом даврида Рамзес иккинчи Фиръавн бўлгани айтилади.  Қуръони Каримда Фиръавн худонинг йўлидан чиққан фуқароларни ўз хоҳишига бўйсундиришга ҳаракат қилган, кишиларга ўзини Робб сифатида кўрсатган, ўзига бўйсунмаганларга зулм ўтказган золим подшоҳ тимсолида тасвирланади. Фиръавн бир куни туш кўради, тушида унинг подшоҳлиги инқирозга учрайди. У кўрган тушини таъбир қилиб беришга сеҳргар ва фолбинларни тўплайди.  Унинг атрофидаги сеҳргар ва фолбинлар подшоҳга, сенинг мулкингни йўқ бўлишига Бани Исроилдан келажакда туғиладиган бир ўғил бола сабабчи бўлади, деган хабарни етказади. Фиръавн Бани Исроилда туғилган барча гўдакларни сўйишга қарор қилди. Одамлар подшоҳга: «Бир йил қатл қилдир, бир йил қолдир, бўлмаса, Бани Исроил қирилиб кетади», - дейишди. Подшоҳ кўнди. Кечирилган йили Хорун туғилди, қатл йили Мусо дунёга келди.  
Аллоҳ таоло болани сандиққа солиб, Нилга оқизишни онасига билдирди. Онаси худди шундай  қилди. Сандиқ оқиб, Фиръавннинг қасрига яқин келди.. Хотини Осиё сандиқни олдириб уни очиб, болани қўлига олди. Қалбига унинг муҳаббати тушди. Қаттиқ хурсанд бўлди. Билдики, бу бола мубораклидир.  Фиръавннинг териси оқариб қолган эди. Мусонинг қўлчаси билан Осиё терини силаб қўйган эди, Аллоҳнинг қудрати ила оқаргани кетди.  Орадан оз муддат ўтиб, подшоҳнинг аскарлари болани ўлдиришга фармон олганларини айтиб  келдилар. Осиё: «Бу бола Бани Исроил эмас, бошқа ердан оқиб келди, мен ўзим бориб бу  ҳақида подшоҳга арз қиламан», деди ва болани кўтариб шоҳнинг олдига борди. Шоҳ ҳузурига кириб: «Бу сенинг ва менинг кўз қорачиғимизку», деди. Фиръавн: «Сенинг кўз қорачиғингдир, лекин менинг унга ҳожатим йўқ», - деди. “Фиръавннинг хотини (унга): «(Бу бола) мен учун ҳам, сен учун ҳам кўз қувончидир. Уни ўлдирманглар. Шоядки, унинг бизларга нафи тегса ёки уни бола қилиб олсак», деди. Улар (ўзларининг ҳалокатлари шу гўдак қўлида эканини) сезмаган ҳолларида (уни бола қилиб олдилар)” (Қасос сураси, 9- оят).  
Бир куни Осиё Мусо билан Фиръавннинг олдига келди ва уни шоҳ ҳузурига ташлаб чиқиб  кетди. У ерда мажлис бўлаётганди. Мусо Фиръавннинг тиззасида ўтириб, соқолини юлиб олди. Ҳомон: «Шу бола сенинг мулкингни хароб қилади, сенга меросхўр бўлади, бунинг бобоси Иброҳим халилдир», деб Мусони ёмонлади. Фиръавн жаллодларни чақирди. Бу хабар Осиёга етиб келди ва тезлик билан шоҳ ҳузурига югурди ва: «Менга ҳадя қилган  болани сўймоқчимисан!» деди. Фиръавн: “Соқолимни юлиб олди, мулозимларим: «Бу бола сенга меросхўр бўлади, қўлингдаги мулкингга эгалик қилади», дейишди”, деди. Осиё: «Сен уларнинг сўзига ишонма! Бу бола ҳали ёш, ҳеч нарсанинг фарқига бормайди. Мен буни сенга исбот қилиб беришим мумкин!», деди. Фиръавн: «Қандай қилиб?!», деди Осиё: «Боланинг олдига чўғ билан гавҳар қўй. Агар гавҳарни олиб, чўғдан сақланса, билгинки, у ақл юритаётган бўлади. Агар чўғни олса, билгинки, ақлли кимса гавҳар турганда чўғни олмайди», - деди. Фиръавнга бу гап маъқул бўлди. Сарой хизматчиларидан иккитасини чақириб, бирининг қўлига чўғ, иккинчисиникига гавҳар берди ва уларни боланинг  олдига юборди. Жаброил алайҳиссалом Мусонинг қўлидан ушладилар ва чўғ устига  қўйдилар, ҳатто у чўғни қўлида кўтариб оғзига солди, бундан тили куйди. Шу сабаб,  Мусо алайҳиссаломнинг нутқлари яхши, равон бўлмай қолган. Фиръавн буни кўриб: «Бу  бола сўйилмасин», - деди. Осиё хурсанд бўлиб болани олиб чиқиб кетди. Унга малика яхши  тарбия берди, ёзиш ва ўқишни ўргатди. Мусо Осиёнинг фазилати билан худди  подшоҳнинг ўғлидек ўсди. Аллоҳ шу ишларга сабабчи қилди. «Қачонки, у вояга етиб,  (ақли) тўлгач, Биз унга ҳикмат ва билим ато этдик. Биз чиройли амал қилгувчи кишиларни  мана шундай мукофотлармиз». (Қасос сураси, 14-оят).  
Бир куни Мусо Бани Исроилни ҳимоя қилиб, Фиръавн аҳлларидан бирини ўлдириб қўйдилар.  Подшоҳнинг азоб беришидан қўрқиб, Мадянга қочиб кетдилар. У зотнинг кетганларини эшитган Осиё онамиз қаттиқ изтироб чекдилар. На таом, на уйқуда ҳаловат бўлмади, чунки Мусонинг фироқи қалбларини ўртарди. Мусо алайҳиссалом ўн йилдан сўнг Мисрга пайғамбар бўлиб келдилар. Инсонларни ягона Аллоҳга ибодат қилишга, Унга ҳеч нарсани  шерик қилмасликка чақирдилар. Ниҳоят Мусо алайҳиссалом акалари Хорун билан Фиръавннинг қасрига кирдилар. Буни кўрган Осиё ниҳоятда хурсанд бўлдилар. Улар Фиръавнни Ҳаққа даъват қилишаётганини эшитдилар. Осиё онамиз Мусо алайҳиссаломнинг содиқ, ҳақ  пайғамбар эканликларига ишондилар. Ва ягона Аллоҳга ҳамда Мусо алайҳиссаломнинг расул эканликларига иймон келтирдилар. Фиръавн аҳлларидан амакилари Хазиқил ҳам имон келтириб  мўмин бўлди. Хазиқил ва Осиё имон келтирганларини қаср аҳлидан яширдилар. 
Осиё  онамиз Фиръавн, Ҳомон ва аъёнларнинг Мусо алайҳиссаломга зарар беришларидан қўрқиб,  Аллоҳдан у зотга ёрдам беришини, улар устидан ғолиб бўлишини сўраб дуо қилдилар. Мусо алайҳиссаломнинг Фиръавн сеҳргарлари устидан ғолиб бўлганларини кўриб кўп суюндилар. Иймонлари янада қувватланди. Фиръавннинг мўминларни қийнаши Ҳазрати Осиёнинг нафсониятларига таъсир қиларди ва янада Аллоҳга бўлган имонлари зиёда бўларди. Осиё  иймонларини оз муддат яшириб юрдилар. Бу кўпга бормади. Хотини ёлғиз Аллоҳга имон келтиргани, Мусо алайҳиссаломнинг даъватларини тасдиқ этганини  билиб қолган Фиръавн қаттиқ ғазабга келди. Осиёнинг олдиларига қаттиқ жаҳл билан кирди ва:  «Мусонинг Роббисига куфр келтирасан, бўлмаса, ўлгунингча азоблайман», - деб кескин  талаб қилди. Осиё ҳеч қўрқмасдан: «Роббим, Роббинг ва ҳамма нарсанинг Роббиси бўлган ёлғиз Аллоҳга келтирган иймонимдан қайтмайман», - дедилар. Фиръавннинг ғазаби янада ортди. Коҳин ва вазирларни тўплаб деди: «Мазоҳим қизи Осиё ҳақида нима  биласизлар?» Улар Осиёни мақташди. Фиръавн: «У бошқа Худога итоат қиляпти!» деди.  
Коҳинлар: «Уни ўлдиргин», дейишди. Фиръавн: «Уни ўлдиролмайман, лекин қаттиқ азоб берсам, динидан қайтади!» деди ва хизматчиларига «Азобнинг энг қаттиғини қўлланглар», деб буюрди. Улар ерга тўртта қозиқ қоқиб, унга Осиё онамизнинг қўл-оёқларини маҳкам боғлашди ва қуёшнинг қайноқ ҳарорати остига қўйишди. Шунча азоб берилса ҳам, Осиё иймонларидан қайтмадилар. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ учун бўлгани сабабидан азоб ҳам у кишига роҳат бўлди. Фиръавн азобни тинимсиз кучайтиришни амр қиларди, Осиё эса ҳаммасига сабр қилардилар. Иймонлари эса зиёда бўлиб бораверди. Кун ўтгани сайин Фиръавн Осиё онамизга азоб беришнинг турли усулларини ўйлаб топарди. Унинг мулкида катта саҳрои биёбон бор эди. Ана шу жойда Осиёга азоб берарди. У зотнинг эса дуолари ижобат бўлиб, малоикалар қанотлари билан қуёшнинг ҳароратини  тўсишарди. Бир куни Осиё онамиз жаннатдаги маконларини кўриб кулдилар. Фиръавн хотинини кузатиб турганди, бу ҳолга ажабланди. Атрофдагиларга: «Унинг жиннилигидан ажабланяпсизми? Биз азоблаяпмиз, у куляпти», деди. Охири Осиё онамизни ўлдиришди. Пок руҳлари Роббиси ҳузурига кўтарилди. Малоикалар у аёлнинг жаннатда яшашлари, неъматланишлари учун руҳларини олиб чиқиб кетишди. Охиратда Осиё онамиз улуғ марҳамат ва икромга ноил бўладилар. Бу икром Расулуллоҳ алайҳиссалом айтган жаннати аёллардан бири бўлишларидир.  Саййидаи Осиё Қуръонда содиқ мўмина аёллар қаторида, Ҳақ йўлини топган аёл сифатида  мадҳ этилдилар. Аллоҳга имон келтиришда орқага қайтмаган бу аёл Фиръавннинг азобларига, чидаган ҳолда иймонларида собит турдилар. 

Ромитан туман “Ҳазратибобо” жомеъ масжид
имом-ноиби Абдурашид Гафуров
«орқага

Фикр билдириш

Фикр беринг

Сизнинг исмингиз *:
E-mail *:
Фикр матни *:
Текшириш коди:


* - асосий қаторлар

Бухоро -
Бомдод: 05:25
Куёш: 06:12
Пешин: 13:10
Аср: 17:45
Шом: 19:25
Хуфтон: 21:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram