Ислом бағрикенглик ва осонлик динидир
13 январ 2022 й.
596 марта ўқилди.

 Ислом  бағрикенглик ва осонлик динидир

بسم الله الرحمن الرحيم

Бизларни соф фитратда яратган ва бизларга мусулмон ота-оналарни берган Парвардигори оламга беадад ҳамду санолар бўлсин. Сабр-бардошда ва саховатда тенгги йўқ ва атрофдагилар билан ҳаниф муомалада бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз дуруду саловотлар бўлсин.
Ислом динимиз бағрикенг ва осонлик динидир. Бағрикенглиги шундаки, Қуръони каримда аввало инсон зотига бағрикенг муносабатда бўлиш ва ғайримуслим бўлган самовий динларга эҳтиромда бўлишни ўргатиб келган. Инсон ким бўлишидан қатъий назар, модомоки динга душманлик қилмас экан, унга бағрикенглик қилинади. Худои таборак ва таоло Ўзининг китобида шу ҳақида хабар беради:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ
“Эй одамлар! Дарҳақиқат, биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз (дўст, биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир” 
Ўлкамизга Ислом динига асос солган ота-боболаримиз риоятлари каби ҳозирда ҳам масжидлар фаолият кўрсатаётганидек насронийлар черкови, яҳудийлар ибодатхоналари ва бошқа дин вакиллари бутхоналари иш олиб бормоқда. Албатта, бу дини ва мусулмонларимизнинг бағрикенглигидан далолат қилади. Буларнинг замирида эса барча миллат-у элатлар тинчлиги ва осудалиги ётади.
Исломнинг бағрикенглик ва осонлик сифати ўзи етиб борган ерларда тарқалиши ва боқий қолишига таъсир қилган. Осонлик асосига биноан кишиларнинг қудрати етадиган нарсага таклиф қилиш жорий бўлган. Тоқат етмайдиган нарсага таклиф қилиш йўқ. Эътиқодда мажбурлаш мумкин эмас, балки у қаноат ва розилик билан қабул бўлиши лозим. Аллоҳ таоло Ўзининг китобида:
لَا إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ
“Динда зўрлаб киритиш йўқдир” 
أَفَأَنْتَ تُكْرِهُ النَّاسَ حَتَّى يَكُونُوا مُؤْمِنِينَ
“Ахир сиз одамларни мўмин бўлишга мажбур қилурмисиз?” 
Имом Шотибий ўзларининг “Мувафақот” номли китобларида дейдилар: «Ислом бағрикенг ва осон бўлса ҳам, унда машаққат тамомила йўқ қилинган эмас. Чунки осонлик шариатнинг мақсадларидан бўлгани каби машаққат ҳам унинг мақсадларидандир. Бунинг далили савоб олиш машаққатга боғлиқлигидир. Нафсни ҳалол бўлмаган нарсага мойил бўлишдан жиловлаш ва ҳалол нарсага мўътадиллик ила қўйиб юборишдир ». (.. 1-жуз. 329-бет. 2-жуз. 109-бет).
Ислом ақл, тафаккур юритиб иш юритишга чақиради шак-шубҳаларга, хурофотларга эргашишдан қайтаради. Ҳар бир ишни кўр-кўрона эмас, ўйлаб, мулоҳаза юритиб бажаришга ундайди, тафаккурга чорлайди, далил-ҳужжат билан иш кўришга чақиради.
Биринчи давр мусулмонлари ичида турли ирқ, миллат, халқ вакиллари бор эди. Муҳаммад алайҳиссаломга Пайғамбар сифатида дастлаб иймон келтирганлар орасида Абу Бакр розияллоҳу анҳуга ўхшаш аслзода араблар ҳам, Билол Ҳабаший розияллоҳу анҳуга ўхшаш асли Африқоликлар ҳам, Суҳайб Румий розияллоҳу анҳуга ўхшаш асли Овруполиклар ҳам, Салмон Форсий розияллоҳу анҳуга ўхшаш асли Осиёликлар ҳам бор эди.
Шунингдек, дастлабки мусулмонлар ичида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга ўхшаш муккасидан кетган ашаддий мушриклар ҳам, Ҳабашистон подшоҳи Нажоший розияллоҳу анҳуга ўхшаш масийҳий ҳам, Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳуга ўхшаш билимдон яҳудийлар ҳам, Салмон Форсийга ўхшаш аввал мажусий бўлиб кейин ҳақиқатни излаб бир диндан иккинчисига, сўнгра учинчисига ўтиб юрганлар ҳам бор эди.
Демак энг мукаммал эътиқод ва ибодат тенг ҳуқуқлиги-Исломий тенг ҳуқуқликдир. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ Ўзи бизларни Ҳақ динидан айирмасин ва иймонимизни доимо ҳамроҳ қилсин!
سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ ، أَشْهَدُ أَنْ لا إِلَهَ إِلا أَنْتَ ، أَسْتَغْفِرُكَ وَأَتُوبُ إِلَيْكَ

Бухоро тумани “Чаҳор Бакр” жомеъ масжид 
имом-хатиби Азизхўжа Иноятов

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram