Исломда инсон манфаатларини ифодаланиши
12 ноябр 2019 й.
1476 марта ўқилди.


Исломда инсон манфаатларини ифодаланиши

Миллий ва диний қадриятларимиз билан чамбарчас боғланиб кетган муқаддас динимиз – ислом динида ҳам инсон, шахс манфаати энг биринчи ўринга қўйилади. Зотан, ислом динининг нозил қилинишининг бош сабаби ҳам ва бу муқаддас диннинг асл моҳияти ҳам инсон манфаатини олийларга кўтариш эди. Қуръони каримнинг бир қатор ўринларида бу умуминсоний юксак қадрият алоҳида таъкидланган. Инсон манфаатлари ҳақида сўз юритилар экан, аввало ислом дини инсон зотига дунёдаги барча нарсалар унга беминнат хизмат қилиши учун яратилган зот сифатида қарашлигини алоҳида таъкидлашимиз лозим. Ислом инсон учун лозим бўлган маънавий ва моддий манфаатлар уйғунлигини ўзида мужассам эта олган диндир.
Инсонларга манфаат етказиш бу – фақат ҳукумат томонидан амалга оширилиши лозим бўлган иш эмас. Балки, жамиятимиз вакилларининг ҳар бири яхши ишда пешқадам бўлиши, ҳар бир шахс ўз имконияти доирасида ўзгаларга манфаат етказиши мақсадга мувофиқ ишдир. Ана шунда жамиятимиз аъзолари ўртасида меҳр-муҳаббат ва дўстлик ришталари мустаҳкамланади, тинчлик ва аҳиллик қарор топади. 
    Агар динимиз таълимотларига тафаккур назари билан қарайдиган бўлсак, унда эзгу ишларни амалга оширмоқ ва одамларга наф етказмоқ энг улуғ ишлардан ва энг муҳим чақириқлардан бири эканлигининг гувоҳи бўламиз. 
    Аллоҳ таоло эзгу ишларни амалга ошириш ва яхши амаллар қилишни Ўзига қилинадиган ибодат билан ёнма-ён зикр қилган: “Эй иймон келтирганлар, рукуъ қилингиз, сажда қилингиз ва Парвардигорингизга ибодат қилингиз ва эзгу ишларни қилингиз – шоядки, нажот топсангиз!” .
 Ояти кариманинг мазмуни ҳақида диққат билан фикр юритсак, Аллоҳга ибодат қилиш билан бир қаторда инсонларга манфаат етказиш ва хайрли ишларни амалга ошириш дунёю охиратда нажот топиш воситаларидан бири эканлиги ойдинлашади. Демакки, Парвардигорга ихлос билан ибодат қилиш ҳамда одамларга наф етказиш инсонга нажот ва саодат келтирадиган энг улуғ ишлардан экан. Шундан ҳам маълумки, динимизда инсон манфаатининг ўрни беқиёсдир. 
    Эзгу ишларни амалга ошириш деганда қийналган инсонга ёрдам бериш, бошига мушкил тушган кишининг оғирини енгил қилиш, қарздорга қарзини узишда кўмаклашиш, беморлар ҳолидан хабар олиш, мусибатзада инсоннинг кўнглини кўтариь, тасалли бериш, ҳожатмандларнинг ҳожатини раво қилиш ва ҳоказолар каби бандаларга манфаати тегадиган барча ишлар тушунилади. 
    Ҳа, инсонларга манфаат етказиш динимизда энг улуғ ишлардан биридир. Аллоҳ таоло инсониятга Ўзининг энг сара ва танланган бандаларини пайғамбар қилиб юборар экан уларни эзгу ишларга буюрган: “ва уларга (пайғамбарларга) эзгу ишлар қилишни ваҳий қилдик”  .
 Муфассир уламоларнинг таъкидлашларича, “эзгу ишлар” деганда Аллоҳ ва бандаларининг ҳақ-ҳуқуқларидан иборат барча яхшиликлар, жумладан, Аллоҳга ибодат қилиш ва одамларга манфаат етказиш тушунилади. 
     Одамларга манфаат етказувчи инсоннинг мартабаси шу даражада юксалтирилдики, у Аллоҳга энг суюкли ва маҳбуб бўлган бандалар қаторидан жой олди. Набий алайҳиссаломга “қайси одам Аллоҳга энг суюкли бўлади?” дея савол беришганда у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “одамларнинг Аллоҳга энг маҳбуби инсонларга энг кўп манфаат етказувчисидир”, деб марҳамат қилдилар  (Табароний ривояти). 
    Бошқа бир ҳадиси шарифда эса одамларга энг кўп фойда етказувчи инсон одамларнинг энг яхшиси ва афзали дея васфланади: “мўмин киши дўст бўлади ҳамда дўст тутилади. Ўзи (биров билан) дўст бўлмайдиган ва (биров томонидан) дўст қилинмайдиган инсонда яхшилик йўқдир. Одамларнинг энг яхшиси эса оламларга энг кўп манфаат етказадиганидир” . 
    Онгли мусулмон тасаввурида инсоннинг барча амаллари, модомики ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз ибодат даражасига кўтарилади. 
   Шунинг учун ҳам мусулмон кишисига яхшилик эшиклари доимо очиқ. Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади. Савоб ишлар сирасига яхши ва эзгу ишлар, яъни жамиятга фойдаси тегадиган амаллар киради. Шу жумладан, қуйидагиларни ҳам кўрсатиш мумкин: хайру саховат, муҳтожлар ва етимларга яхшилик қилиш, омонатдорлик, кечиримлилик, қариндош-уруғ билан силаи-раҳмда бўлиш, яхши қўшничилик, беморларни зиёрат қилиш, илм олишга ҳаракат қилиш ва ёшларни илмга даъват қилиш, жамиятда тинчлик-хотиржамликни таъминлашда фаол бўлиш; гуноҳ-маъсият ишлардан тийилиш ва ҳоказо. 
Аллоҳ таоло бандаларига азбаройи меҳрибонлигидан яхшилик эшикларини кўпайтириб қўйган. Кимдир илм олиб, илм бериб яхшиликка эришади. Кимдир, ҳалол касб-кор қилиб яхшиликка эришади. Кимдир, ибодат ва Қуръони карим тиловатини кўп қилишлик билан Аллоҳнинг розилига эришади. Яна кимдир одамларнинг оғирини енгил қилиш билан жаннатга киради. Кимдир нафл рўза тутишда пешқадам бўлса, яна кимдир таҳажжуд намози ўқишда тиришқоқ бўлади. Кимдир, одамларга қиладиган чиройли муомаласи ва одоби билан Аллоҳ назарига тушса, кимдир хайр-саховати билан мартабаси баланд бўлади. Хулласи калом, эзгулик йўллари динимизда ниҳоятда кўп. Яхшиликдан бирорта нарсани арзимас санамаслик керак. Ҳатто, бировга табассум билан боқишни ҳам оддий иш деб ўйламаслигимиз керак. Зеро, бир биродарингизга табассум билан қарашингиз ҳам садақа ва савобли амал ҳисобланади. Суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бизларга ўгит бериб айтадилар: “Яшиликдан бўлган бирор ишни ҳақир санамагин, агарчи, ўша иш ўз биродарингни очиқ юз билан қаршилашдан иборат бўлса ҳам” . 
Бу ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом яхшиликдан саналувчи ҳар қандай ишни бажаришга тарғиб этадилар. Баъзилар яхшилик ва савоб деганда фақатгина маълум меҳнат ва маблағ талаб қиладиган ишларни тушунадилар. Бу хато тушунча. Ҳозиргина ўқиганимиз ҳадиси шарифга кўра, инсон ўз биродарини очиқ чеҳра билан қарши олиши ҳам маъруф ва савобли амаллардан эканлиги айтилмоқда ва шундай ишга ҳам бепарво бўлмаслик уқтирилмоқда. Зеро, инсон ниятига қараб, зоҳирда кичик кўринган арзимас амал учун ҳам охиратда улкан ажру савобларни қўлга киритиши мумкин. 
    Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: “Иймон етмишдан ортиқ шохобчадан иборатдир. Уларнинг энг афзали “Ла илааҳа иллаллоҳ! ” калимаси, энг қуйи даражаси эса йўлдан азият берадиган нарсаларни олиб ташлашдир. Ҳаё ҳам унинг бир шохобчасидир” .
Ушбу муборак ҳадисда ҳам мўминлик амаллари ниҳоятда кўплиги, ҳатто йўлдан азият берадиган нарсаларни олиб ташлаш ҳам иймоний амаллардан эканлиги айтилади.
Саид ибн Абу Бурда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу лайҳи ва саллам: "Ҳар бир мусулмон садақа қилиши лозим", дедилар. Саҳобалар: "Ё Набиййаллоҳ, агар ҳеч нарсаси бўлмаса-чи", дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: "Ҳалол меҳнат қилиб, ўзи ҳам манфаатланади, бировга ҳам садақа беради", дедилар. Саҳобалар: "Агар унга қурби етмаса-чи", дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: "Ожизу жабрдийдаларга ёрдам берсин", дедилар. Саҳобалар: "Бу ҳам қўлидан келмаса-чи", дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: "Яхшилик қилиш йўлига ўтиб, ёмонликдан қайтсин, шу унинг садақа қилганидир",дедилар .
Ҳар бир яхшилик бесамар қолмайди. Банданинг ихлоси, ниятига қараб, зарра миқдоридаги амалига ҳам Аллоҳ таоло ажр беради. Мўмин ҳалол меҳнат қилиб, ўзига, оиласига нафақа қилиши, ортганидан муҳтожларга улашиши, мазлумга ёрдам бериши, ожизларнинг ҳолидан хабар олиши, кишиларни яхшиликка чақириши, ёмонликдан қайтариши ва гуноҳлардан тийилиши айни савобдир. Аммо санаб ўтилганлардан баъзисига қурби етмайдиган ожиз киши яхши ният қилса, яхшилик йўлида имкони борича ҳаракат қилса, ҳеч бўлмаганда, ёмонликни тарк этса ҳам охиратда даражаси юксалади. 
     Имом Нававий: "Ғам чекиб, қайғуда қолганнинг қайғусига шерик бўлиб, илиқ сўз айтиш ҳам савобдир", деганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўгитларидан бирида инсон ёмонлик қилишга қасдлансаю, Аллоҳ таолодан қўрқиб, уни тарк этса, бу иши учун у мукофотланади, дея марҳамат қилганлар. 
    Шунингдек, садақа қилолмаган кишининг дилдан ният қилишига ҳам ажр бор. Чунки амал ниятга боғлиқ. Агар бир ишни Аллоҳ таоло розилиги учун қилмоқчи бўлган кишининг имконияти етмай қолса ҳам яхши нияти учун савоб бор. Аммо яхши амалини миннат қилиш ёки ундан бир эваз кутиш ё бошқалар уни мақташларини исташда савоб йўқдир.
Абу Зар розияллоҳу анҳу ривоятидаги ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Биродарингга табассум билан боқишинг ҳам садақадир", деганлар . Демак, самимий тарзда кўнгилдаги ғиллу-ғашларни унутиб, табассум қилиш ҳам, кўнгилларга илиқлик улашиш ҳам садақадир. Зеро, ўзгаларга табассум билан муомала қилиш сиртдан қаралганда оддий ва арзимас иш бўлиб кўринсада, аслида унинг ижобий таъсири жуда ҳам улкандир. Табассум қалбларнинг қулфини очадиган калит ҳисобланади. Шу боис ҳам ҳадиси шарифда ўз биродарига табассум билан қараш ҳам садақа яъни ажр-савобли амал эканлиги таъкидланган. 
Шунга кўра, мусулмон киши имкони доирасида ўзи яшаётган жамият фаровонлиги ва саодати йўлида хайрли амалларни адо этмоғи лозим. Агар бундан ожиз бўлса ёки бирор-бир сабаб юзасидан қила олмаса, у вақтда тили ва қўл-оёқларини ёмонликдан тийса ҳам ажру-савобга сазовор бўлади.
Исломда инсон манфаатларини ифодаланишини муқаддас динимизнинг асоси бўлган Қуръони карим оятлари ҳамда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларидан мисоллар келтириб мухтасар ҳолда кўриб чиқдик. Бу заминда азалдан ҳар бир инсон ўз қадрини топган. 

Когон туман  “Хўжа Каъбул Ахбор Вали” 
жомеъ масжиди имом хатиби  Ҳ. Одилов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 06:00
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram