Жаннат ва дўзах орасидаги кўприк
23 январ 2023 й.
240 марта ўқилди.

 Жаннат ва дўзах орасидаги кўприк

Динимиз таълимотига кўра биз иймон келтирган нарсалардан бири бу ўлим ва ўлимдан кейин қайта тирилишдир. Буни хабарини Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз орқали бизларга етказган. Иймоннинг етти шатрларидан бири ҳам айни мана шу яъни, “ўлгандан кейин қайта тирилиш”га иймон келтирганмиз. 
Аслиятда, инсон ҳаёти тўрт бўлакка бўлинган: 
1.Она қорнидаги ҳаёт,
2.Дунё ҳаёти яъни айни пайтдаги ҳаётимиз,
3.Қабрдаги ҳаёт (барзах ҳаёти),
4.Қиёматдаги савол-жавобдан кейинги “абадий ҳаёт”.
Инсон унга Роббиси тақдир қилган икки ҳаётни кўргандан сўнг, барзах ҳаёти сари йўл олади, яъни қабр ҳаёти сари равона бўлади. Вақтийки, қиёмат қоим бўлгунига қадар қабрда уйқуда бўлади. Исрофил номли фаришта қиёмат далолатини билдирадиган сурни чалганда қарбда ётган барча ўликлар Аллоҳнинг изни ила тирилади ва ҳар бир банда Роббиси ҳузурида амаллари борасида савол-жавоб қилинади. 
Агар банда ҳаётлик чоғида амалларини холис ва гўзал тарзда бажарган бўлса унга Аллоҳ мукофот тариқасида жаннатни абадий макони қилиб беради. Бу ҳақида Аллоҳ Қуръонда:
مَنْ عَمِلَ صَالِحًا مِّن ذَكَرٍ أَوْ أُنثَىٰ وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَلَنُحْيِيَنَّهُ حَيَاةً طَيِّبَةً ۖ وَلَنَجْزِيَنَّهُمْ أَجْرَهُم بِأَحْسَنِ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ
“Эркагу аёл, ким мўмин ҳолида яхши амал қилса, Биз унга яхши ҳаёт кечиртирамиз ва, албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзалига бериладиган ажр ила мукофотлармиз”, -дейди. (Наҳл сураси, 97-оят)
Аллоҳ паноҳ берсин, инсон дунё ҳаётида амаллари хатодан иборат бўлса, Роббиси ва Пайғамбарига итоатсиз бўлса, Аллоҳ уларнинг ҳам қиёматдаги ҳолатларини хабарини Қуръонда бериб:
بَلَىٰ مَن كَسَبَ سَيِّئَةً وَأَحَاطَتْ بِهِ خَطِيئَتُهُ فَأُولَـٰئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ ۖ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ
“Йўқ! Ким гуноҳ қилса, ва уни хатолари ўраб олган бўлса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар”, -деган. (Бақара сураси, 81-оят) 
Шу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васалламдан ворид бўлган мавзуимизга дахилдор бўлган ҳадисларни баён этамиз. 
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васаллам: Айтдилар. “Бир маҳал ҳазрати Оиша йиғлаётганди. Аллоҳнинг Расули: “Нега йиғлаяпсан?” - деб сўрадилар. Ҳазрати Оиша: “Жаҳаннамни эсладим, шунинг учун йиғладим. Қиёмат куни оила аъзоларингизни эсга оласизми?” -деди. У зот дедиларкий: “Уч жойда биров-бировни ўйлай олмайди: амаллар тарозида тортилаётганда,  яхши амаллар енгил ё оғир келишини билмоқчи бўлиб турганда ва Сирот кўпригидан ўтаётганда, бундан ўта олиши, ё  ўтаолмаслигини билгиси келиб турганда”. (Имом Абу Довуд р.а. ривояти)
Анас Ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:    Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламдан қиёмат куни менга шафоат қилишларини сўрадим. “Иншааллоҳ, шафоат қиламан!” - дедилар. Мен: “Сизни қаердан топаман?” - дедим. “Мени даставвал Сирот олдидан қидир!” - дедилар. “У ердан тополмасам-чи?” - дедим. “Амаллар тортиладиган тарози атрофидан изла!” -дедилар. Мен: “Тарози атрофидан ҳам тополмасам-чи” -деб сўрадим. У зот дедилар: “Кавсар ҳовузи ёнидан қидир! Мен албатта шу уч жойдан бирида бўламан”. (Имом Термизий ривояти)
Айтмоқчи бўлганимиз, ҳар бир инсон қиёмат куни дуч келадиган, унга тўқнашадиган яна бир манзил “Сирот” аталмиш кўприк бор. Ҳадисларда сирот кўприги жаннат билан дўзах орасини ажратиб турувчи кўприк дея таърифланган. Яна, сирот кўприги, унинг ҳолати ҳақида келган ҳадисларда унинг қалинлиги қилич тиғи қалинлигида, бошқа ривоятларда соч толаси қилинлигида деган маълимотлар ҳадислар орқали етиб келган. Ким ушбу кўприкдан ўта олса жаннатга, ундан йиқилган, тайрилганлар кўприк остидаги жаҳаннамга қўним топади. 
Хулоса шуки, ҳар бир мусулмон номини боши узра кўтарган инсон амалларини гўзал қилса, амаллари холис Аллоҳ учун бажарилса, тақвоси нафсидан ғолиб келса бундай инсон бу кўприкнинг ғамида бўлмаса ҳам бўлади. Зотан, Аллоҳ таоло бундай бандалар учун Қуръонда зикр қилганидек уларга ваъда қилинган улкан башорат бордир.
ثُمَّ نُنَجِّي ٱلَّذِينَ ٱتَّقَواْ وَّنَذَرُ ٱلظَّٰلِمِينَ فِيهَا جِثِيّٗا
“Сўнгра, тақво қилганларга нажот берамиз ва золимларни унда тиз чўккан ҳолларида қолдирамиз”. (Марям сураси, 72-оят)
Аллоҳдан сўраймизки, иймон неъмати билан неъматланган ҳар бир бандага Аллоҳнинг ўзи нажот бериб, Пайғамбар соллаллоҳу алайхи васалламнинг шафоатларига муносиб бўлиб, сирот кўпригидан шамолдек ўтиб жаннат неъматлари узра саёҳат қилишни Роббим тақдир қилсин.
Миршод Саидов 
Бухоро шаҳар “Масжиди Баланд” жомеъ 
                                                          масжиди имом-хатиби
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:45
Куёш: 07:44
Пешин: 13:10
Аср: 16:40
Шом: 18:20
Хуфтон: 19:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram