Ота-онанинг одоби ва боласига яхшилиги (Давоми…)
06 август 2020 й.
1019 марта ўқилди.

 

Ота-онанинг одоби ва боласига яхшилиги  (Давоми…)

5. Ақиқа ҳам боланинг ота-онадаги ҳақларидандир.
«Ақиқа» луғатда «ёриш» маъносини англатиб, аслида, янги туғилган боланинг сочига айтилади. Шариат таълимотларига мувофиқ, туғилишнинг еттинчи куни боланинг сочини олиб, ўша соч оғирлигида кумуш садақа қилиш тавсия этилади. Ана ўша соч бошдан ажратиб олингани учун «ақиқа» дейилади. Ўша муносабат ила сўйиладиган қўй ҳам «ақиқа» дейилади. Истеъмолда шу маъно кўп ишлатилгани учун, «ақиқа» деганда фақат янги фарзанд туғилиши муносабати ила сўйиладиган қўй англанадиган бўлиб қолган. Салмон ибн Омир аз-Зоббий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ғулом ила ақиқа бордир. Бас, унинг учун қон чиқаринг ва ундаги нопокликни кетказинг», дедилар». Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган. Ҳадисдаги бу жумла «янги туғилган боланинг ақиқаси ўзи билан», деб тушунилади. Яъни ҳар бир янги туғилган болага ақиқа лозим, деганидир. «Бас, унинг учун қон чиқаринг.» Яъни янги фарзанд туғилгани шарафига жонлиқ сўйинг. Бу муносабат ила қон чиқариш қандай бўлишини келаси ҳадиси шарифлар баён қилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумога биттадан қўчқор сўйиб ақиқа қилдилар». Сунан эгалари ривоят қилишган.
6. Янги туғилган боланинг қулоғига азон ва такбир айтиш.
Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фотима розияллоҳу анҳонинг туққан боласи Ҳасан ибн Алининг қулоғига азон айтаётганларини кўрдим». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиси шарифга биноан, янги туғилган фарзанднинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтмоқ мандубдир. Аллоҳнинг зикри янги туғилган боланинг қулоғига кирган биринчи нарса бўлиши қандай ҳам яхши. Албатта, бу улуғ нарсанинг ўзига яраша баракаси бўлади. Ривоятлардан бирида: «Кимнинг боласи туғилса-ю, унинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтса, унга Умму Сибён зарар етказа олмас», дейилган. Умму Сибён болаларга зиён етказадиган жин тоифасидир.
7. Янги туғилган боланинг танглайини кўтариш.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Менинг ўғлим туғилганида уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим. Ул зот уни Иброҳим деб номладилар, хурмо ила танглайини кўтардилар ва унга барака тилаб, дуо қилиб, менга тутқаздилар. У болаларимнинг каттаси эди». Икки Шайх ривоят қилишган. Кўпчилик саҳобалар ўзларининг янги туғилган фарзандларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб боришар эди. Ул зот алайҳиссалом ёш болаларни кўрсалар, ўта хурсанд бўлар эдилар. Янги туғилганларга Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғлига қилган муносабатни қилар эдилар. Ана шу ишга тақлид қилиб, янги туғилган фарзандни солиҳ кишилар ҳузурига олиб бориш мусулмонлар ичида доимий одатга айланган. «Ул зот уни Иброҳим деб номладилар...» Демак, аҳли фазл, олим ва муқтадо кишилар томонидан янги туғилган фарзандларга исм танланиши ҳам яхши иш. Чунки, ундоқ кишилар бунга ўхшаш ишларга боғлиқ масалаларни, шаръий ҳукмларни яхши биладилар ва тўғри тасарруф қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғилларига Иброҳим номини қўйганлари ҳам бунинг бир мисоли. «...хурмо ила танглайини кўтардилар...» Ёш боланинг танглайини кўтариш катта одам бир нарсани олдин ўзи чайнаб туриб боланинг оғзига қўли билан солиб қўйишидир. Бу нарса мева бўлгани афзалдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деярли доимо болаларнинг танглайини хурмо билан кўтарганлар. Бу ҳам яхши ният аломатидир. Аҳли солиҳ, фазилатли кишиларнинг бу ишни қилишлари марғубдир.
«...ва унга барака тилаб, дуо қилиб, менга тутқаздилар.» Бу иш энг марғуб ишдир. Аҳли солиҳ, дуогўй кишиларнинг янги туғилган болалар учун дуо қилишлари, айниқса, барака тилаб дуо қилишлари жуда яхши ишдир. Барча ота-оналар бунга катта эътибор бермоқлари керак.
8. Ҳомийлик.
Бола етти ёшга киргунча бировнинг ҳимоясига муҳтож. Яъни, овқатланиш, кийиниш, ювиниш ва бошқа ҳолатларда доимо катталарнинг ёрдамига муҳтож. Бу ишларни унинг ота-онаси, улар бўлмаса, яқин қариндошлари амалга оширишлари вожибдир.
9. Валийлик.
Етти ёшдан балоғат ёшига етгунча болалар валийга, ўзидан катта раҳбарга муҳтождирлар. Бу ҳам ота-онага, улар бўлмаса, яқин қариндошларига юклатилади.
10. Нафақа.
Болаларнинг нафақаси, яъни уларни озиқ-овқат, кийим-кечак, турар жой билан таъмин этиш отанинг бурчидир. Бу нарсалар ҳалол-пок бўлиши шартдир. Фақир ёш боланинг нафақаси отасига вожиб бўлади. Бу ҳукмнинг далили қуйидаги ояти каримадир. Аллоҳ Таоло «Бақара» сурасида: «У(она)ларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир», деган (233-оят). Боланинг сабабидан онага нафақа бериш вожиб бўлганидан кейин боланинг ўзига нафақа бериш вожиб бўлишига ҳеч шубҳа қолмайди. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Ҳинд бинти Утба: «Ё Расулуллоҳ, Абу Суфён ўта бахил одам, менга ва боламга кифоя қиладиган нарсани бермайди. Фақат, унга билдирмай олсамгина бўлур»,–деди. «Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол»,–дедилар у зот. Икки Шайх ривоят қилишган. Унга бу ишда худди ота-онаси ва хотинининг нафақасидаги каби бирор киши шерик бўлмайди. Яъни, боланинг нафақаси фақат отага, ота-онанинг нафақаси фақат ўғилга ва хотиннинг нафақаси фақат эрга вожиб бўлади. Унга бу нафақада ҳеч ким шерик бўлмайди.
11. Болага меҳрибонлик кўрсатиш ҳам ота-онанинг вазифасидир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис Тамиймий ўтирганда Ҳасан ибн Алини ўптилар. Шунда у: «Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ўпганим йўқ»,–деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга назар солдилар ва: «Раҳм қилмаганга раҳм қилинмас»,–дедилар». Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Давоми бор...
Манбалар асосида тайёрланди

Бухоро шаҳар "Мир Араб" ўрта махсус ислом билим юрти мударриси,
“Хўжа Таббанд” жомеъ масжиди имом-хатиби
Камол Ниёзов
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 05:58
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram