Ота-онанинг одоби ва боласига яхшилиги Давоми…
14 август 2020 й.
125 марта ўқилди.

 
Ота-онанинг одоби ва боласига яхшилиги
2-қисм

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўта болажон зот эдилар. У киши болалар ичида набиралари имом Ҳасан ва имом Ҳусайнларни жуда яхши кўрар ва уларга меҳрибонлик кўрсатар эдилар. Ушбу ривоятда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг имом Ҳасан розияллоҳу анҳуга кўрсатган меҳрлари, саҳобалардан бирларининг бунга бўлган муносабатлари ва бу муносабатнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонлардан баҳоланиши ҳақида сўз кетмоқда.
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени олиб сонларига ўтқазар эдилар. Ҳасанни эса, бошқа сонларига ўтқазар эдилар. Сўнгра сонларини бир-бирига қўшиб туриб: «Аллоҳим! Иккисига раҳм қилгин, мен уларга раҳм қилурмaн»,–дер эдилар». (Бухорий ривояти)
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва: «Сизлар болаларни ўпасизларми? Биз уларни ўпмаймиз»,–деди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қалбингдан раҳматни суғуриб олган бўлса мен нима ҳам қила олар эдим»,–дедилар». Икки Шайх ривоят қилишган.
Қизларга алоҳида ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлиш ҳақида Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг кўрсатмалари ҳам бор. Сабаби, қизлар меҳрга муҳтож, ўзлари ожиза бўлишади. Шу боис, улар тарбиясида кўпроқ эътибор ва меҳр, эҳтиёткорлик зарур бўлади.
 
12. Болалари орасида адолат қилиш ҳам ота-онанинг вазифасидир.
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Отам мени кўтариб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордилар ва:
«Ё Расулуллоҳ, гувоҳ бўлинг, мен Нўъмонга ўз молимдан буни, буни, бердим»,–деди.
«Ҳамма ўғилларингга шунга ўхшаш бердингми?»–дедилар у зот.
«Йўқ»,–деди.
«Бунга мендан бошқани гувоҳ қил»,–дедилар ва сўнгра:
«Уларнинг барчаси сенга бирдек яхшилик қилиши сени хурсанд қиладими?»–дедилар.
«Ҳа»,–деди.
«Ундоқ бўлса, йўқ!»–дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Аллоҳга тақво қилинглар ва фарзандларингиз орасида адолатли бўлинглар», дейилган.
Бешовлари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадисга биноан, мусулмон инсон молиявий масалаларда фарзандларининг барчасини баробар кўриши керак бўлади. Агар тенг имкониятли фарзандларнинг бирига мол бериб, бошқасига бермаса ёки бирига оз, иккинчисига кўп берса, адолатсизлик бўлади. Болалари орасида ҳиқду ҳасад, фитна кучаяди.
Агар шаръий узр бўлса, ота-она ўз болаларидан бирига кўпроқ, бошқасига озроқ мол берса, бўлади.
Мисол учун, бири бемор, иккинчиси соғ, бири камбағал, иккинчиси бой, бирининг болалари кўп, иккинчисиники оз.
 
13. Балоғатга етгандан сўнг уйлантириб, оилали қилиб қўйиш ва бошқалар.
Кўриниб турибдики, оилада фарзандларнинг алоҳида ҳуқуқлари бўлиб, унга амал қилиш шарт этиб қўйилмоқда.
Шу ўринда оила раҳбари зиммасига катта масъулият юклатилишини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчимиз. Маълумки, фарзандларининг, аҳли-аёлининг ахлоқи, хулқ-атвори, юриш-туриши учун оила бошлиғи масъулдир.
 
14. Тарбия ҳаққи ҳам фарзандлик ҳаққларидандир.
Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида: «Эй, иймон келтирганлар, ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлган ўтдан қўрқитинг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмайдилар ва нима буюрилса, шуни бажарадилар», деган (6-оят).
Аҳли-аёлини, фарзандларини диндор қилиб тарбиялаш оила бошлиғининг Аллоҳ таолонинг олдидаги бурчи эканига юқоридаги ояти карима ёрқин далилдир. Одамлар орасида «Ўзингни бил, ўзгани қўй», деган номаъқул гап юради. Лекин шариат бўйича, эр хотин учун, ота болалар учун масъулдир. Қиёматда Аллоҳ Таолонинг ҳузурида жавоб беради. 
Ушбу оят маъносида ҳадиси шарифлар ҳам бор. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ёш болани етти ёшида намоз ўқишга буюринг, ўн ёшга етганда ҳам ўқимаса, уринг», деганлар.
Ҳазрати Умар юқорида зикр қилинган ояти карима нозил бўлгандан сўнг: «Ё Расулуллоҳ! Ўз нафсимизни-ку сақлаймиз, аҳлимизни қандай сақлаймиз?» деб сўраган эканлар.
Шунда Набий алайҳиссалом: «Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар», деб жавоб берган эканлар.
Ҳазрати Али: «Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар», деб айтганлар.
Демак, ҳар биримиз ўғил-қизимизни, оила аъзоларимизнинг барчаларини динга даъват қилишимиз, диний аҳкомларни доимо бажаришларини қатъият билан талаб қилиб, иймон-эътиқоди, одоб-ахлоқи ва бошқа жиҳатлари тарбиясига аҳамият бериб туришимиз керак.
 Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
1. Аллоҳ Таоло ота-онага ва фарзандга бирдек яхшилик қилган бандаларини «аброрлар» деб атагани.
2. Мўмин бандада ота-онасининг ҳаққи бўлганидек, фарзандининг ҳам ҳаққи борлиги.

Манбалар асосида тайёрланди.

Бухоро шаҳар "Мир Араб" ўрта махсус ислом билим юрти мударриси,
“Хўжа Таббанд” жомеъ масжиди имом-хатиби,
  Камол Ниёзов 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:55
Куёш: 06:33
Пешин: 13:10
Аср: 17:10
Шом: 18:55
Хуфтон: 20:25
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram