Тавассул ҳақида эътиқодимиз
07 май 2022 й.
754 марта ўқилди.

Тавассул ҳақида эътиқодимиз
 
“Тавассул” тушунчаси луғатда яқинлашиш, “васила” эса мақсадга олиб боришга восита бўладиган ҳар бир нарса, деб изоҳланади. Васила, умуман олганда, шахсларни ва яхши амалларни васила қилишни ўз ичига олади.
Васила қилиш Қуръон, суннат, саҳобаларнинг амали ва маъқул йўллар билан собит бўлган. Қуръони каримда Моида сурасининг 35-оятида бу ҳақда:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَابْتَغُوا إِلَيْهِ الْوَسِيلَةَ
"Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва Унга васила ахтарингиз", дейилган.
Бу ояти каримадаги васила хоҳ ҳаёт бўлсин, хоҳ вафот этиб кетган бўлсин, барча шахсларни ва амалларни васила қилишни ўз ичига олади. Шахсларни васила қилиш борасида Имом Бухорий бобомиз ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:
عَنْ أَنَسٍ رضي الله عنه أَنَّ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ رضي الله عنه كَانَ إِذَا قَحَطُوا اسْتَسْقَى بِالْعَبَّاسِ بْنِ عَبْدِ الْمُطَّلِبِ فَقَالَ: اللَّهُمَّ إِنَّا كُنَّا نَتَوَسَّلُ إِلَيْكَ بِنَبِيِّنَا فَتَسْقِينَا وَإِنَّا نَتَوَسَّلُ إِلَيْكَ بِعَمِّ نَبِيِّنَا فَاسْقِنَا قَالَ فَيُسْقَوْنَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қаҳатчилик бўлганида Аббос ибн Абдулмутталиб ила истисқо қиларди:
“Эй бор Худоё! Албатта, биз Сенга Пайғамбаримиз ила тавассул қилар эдик. Сен бизни сероб қилар эдинг. Энди биз Сенга Пайғамбаримизнинг амакисини васила қиламиз. Бизни сероб қилгин”, деди. Яна: “Сероб қилинур эдилар”, деди”.
Ҳазрати Умар Аббос розияллоҳу анҳуни васила қилганидан кейин “Аллоҳга қасам мана шу Аллоҳга бўлган василадир” деб айтганлар.
.عن مالك قال : أصاب الناس قحط في زمان عمر بن الخطاب ؛ فجاء رجل إلى قبر النبي صلى الله عليه وسلم فقال : يا رسول الله ، استسق الله لأمتك فإنهم قد هلكوا ؛ فأتاه رسول الله صلى الله عليه وسلم في المنام ؛ فقال ائت عمر فأقرئه السلام ، وأخبره أنكم مسقون . وقل له : عليك الكيس الكيس . فأتى الرجل عمر ، فأخبره ، فبكى عمر ثم قال : يا رب ما آلو إلا ما عجزت عنه
Молик раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади: “Умар розияллоҳу анҳу замоналарида инсонларга қаҳатчилик етиб, бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам равзалари олдига келиб: “Эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳ таолодан умматингизга сув сўрасангиз. Чунки улар ҳалокатга дучор бўлишди”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушида унинг ҳузурига келиб: “Умарнинг ҳузурига бор, мен томондан саломимни етказ, сизларга сув берилар экан, деб яна унга: “Пухта бўлгин, пухта бўлгин” деб айтгин”, дедилар. Киши Умар розияллоҳу анҳуга хабарни етказди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу йиғлади, сўнг: “Эй, Роббим! Ожиз қолгунимча кучимни аямайман”, деди”.
Бу ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин у зотни васила қилиш жоиз эмас дегувчиларга қарши ошкора далилдир.
Мусулмонлар ўзаро бир-бирлари ҳаққига дуо қилишлари дурустлиги ҳақида ҳадисда шундай дейилган:
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ عُمَرَ اسْتَأْذَنَ النَّبِىَّ صلى الله عليه وسلم فِى الْعُمْرَةِ, فَأَذِنَ لَهُ, فَقَالَ: يَا أخي, لاَ تَنْسَنَا من دعائك. فقال عمر: هي أحب إلي من الدنيا
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан умрага изн сўрадилар. Бас, унга изн бериб: “Эй, биродарим! Дуоингда бизни эсдан чиқарма”,  дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “У дунё(даги нарсалар)дан яхшироқдир”, деди”. 
Шунингдек, саҳобий розияллоҳу анҳумлар ва тобеинлар бир-бирлари ҳаққига дуо қилишни илтимос қилганлар. 
Ҳаттоки Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кийимларигача васила қилиш қадимда одат бўлган. Бу ҳақда Имом Муслимдан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган:
فَأَخْرَجَتْ إِلَيَّ جُبَّةَ طَيَالِسَةٍ كِسْرَوَانِيَّةٍ لَهَا لِبْنَةُ دِيبَاجٍ وَفَرْجَيْهَا مَكْفُوفَيْنِ بِالدِّيبَاجِ فَقَالَتْ هَذِهِ كَانَتْ عِنْدَ عَائِشَةَ حَتَّى قُبِضَتْ فَلَمَّا قُبِضَتْ قَبَضْتُهَا وَكَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَلْبَسُهَا فَنَحْنُ نَغْسِلُهَا لِلْمَرْضَى يُسْتَشْفَى بِهَا
“Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳо кисровий таёлисий ёқаси ва икки чекасига ипак қопланган бир жуббани чиқарди ва: “Бу Оиша розияллоҳу анҳо вафот топгунича унинг ҳузурида эди. Вафот топгач, уни олдим. Буни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кияр эдилар. Биз уни шифо сўраган касалларга ювиб (сувини) берамиз”, – деди”.
Демак, василага шариатимизда рухсат берилган бўлиб, билиб-билмай уни инкор этишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
 
Абдулбосит Раҳимов,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram