РАМАЗОНДА ДАХШАТЛИ ҚИЧҚИРИҚ БЎЛАДИМИ?
07 май 2020 й.
1158 марта ўқилди.


РАМАЗОНДА ДАХШАТЛИ ҚИЧҚИРИҚ БЎЛАДИМИ?
ҳадис

389-CАВОЛ:  Шу кунларда ижтимоий тармоқда диний мазмундаги овозли ва видео хабарлар тарқалди. Унда, Рамазон ойи жума куни бошланса, 15-кунида даҳшатли қичқириқ келиши, катта талофат ва ўлимларга сабаб бўлиши, фақат баъзи дуоларни айтганлар омон қолиши айтилган. Буни ҳадис деб айтилгани кўпчиликни иккилантириб қўйди. Шу масалага ойдинлик киритсангиз. 

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Ижтимоий тармоқда кенг тарқатилан ушбу ривоят тўқима ва ёлғон “ҳадис” ҳисобланади. 
   Ушбу тўқима ривоят матни: Ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “...Рамазоннинг ўртасида, Жума кунини тунида қаттиқ овоз гумбирлаш бўлади. У гумбирлаш шунчалик қаттиқ бўладики ухлаётганни уйғотиб, тик турганни ўткизади. Асир хотинларни уйларидан чиқарур. Жума кечасида бўлур, ўша санада кўп зилзилалар бўлур. Ўша жума куни бомдод намозини адо қилсанглар уйга киринглар ва эшикларни қулфланглар. Деразаларингизни ёпинглар, ўзларингизни эса ўранглар, қулоқларингизни тўсинглар. Қачон қичқириқни ҳис этсанглар Аллоҳ таолога саждага йиқилинглар, ва "Субҳанал қуддус", "Субҳанал қуддус" "Роббунал қуддус" денглар. Кимики буларни қилса нажот топур, ким агар шуни қилмаса ҳалок бўлади”, дедилар. (Нуайм ибн Ҳаммод "Фитналар" асарида ривоят қилган)
    Мазкур ривоятни муҳаддис уламолар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан тўқилганини таъкидлашган. Жумладан, бу ҳақда муҳаддис олим Ибнул Жавзий раҳимаҳуллоҳ “Мавзуъот (тўқима ҳадислар)” номли китобларида: “Бу ривоят тўқима, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам номидан сўзланган ёлғондир”, – дейдилар. Имом Ал-Уқайлий ва Имом Заҳабий раҳимаҳумаллоҳ: “Бу гапнинг асли йўқ, тўқима”, – деганлар. Аллома Ибн Қаййим “Бу ривоятлар ишончсиз” эканини айтиб ўтган. Ушбу уламолар мазкур тўқима ривоятнинг санадида Пайғамбар алайҳиссаломга ҳадис тўқиш билан танилган ровийлар борлигини таъкидлаб, ундан огоҳлантиришган. 
   Бунинг устига, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг даврларидан бери ўтган 1400 йилдан ортиқ муддатда Рамазоннинг жума куни бошланиши ва 15- куни ҳам жумага тўғри келиши жуда кўп кузатилган, лекин воқеъликда юқорида айтилган гаплар, даҳшатлар юзага келмаган. Шунинг учун ҳам тарқалаётган бундай сўзлар ёлғондир.
   Ёлғон сўзлаш ёки ёлғон гувоҳлик бериш динимизда катта гуноҳлардан ҳисобланади. Хусусан, Аллоҳ ва Унинг Расулига ёлғон тўқиш улкан фалокатдир. Бу ҳақида эса Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди қилган:
وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّنِ افْتَرَى عَلَى اللّهِ كَذِبًا أُوْلَئِكَ يُعْرَضُونَ عَلَى رَبِّهِمْ وَيَقُولُ الأَشْهَادُ هَؤُلاء الَّذِينَ كَذَبُواْ عَلَى رَبِّهِمْ أَلاَ لَعْنَةُ اللّهِ عَلَى الظَّالِمِينَ۝
яъни: “Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан кўра золимроқ ким бор? Ана ўшалар Роббларига рўбарў қилинурлар ва гувоҳлар айтурлар: «Манавилар Роббларига нисбатан ёлғон гапирганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг лаънати золимларгадир” (Ҳуд сураси 18-оят).
   Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам у зотнинг номидан ёлғон гапириш оқибатларидан огоҳ этадилар ва шундай дейдилар: “Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдан ўз ўрнини тайёрлайверсин” (Имом Бухорий ва Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Амр разияллоҳу анҳудан ривоят қилишган). 
     Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ эканига Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қуйидаги сўзлари яққол далил ҳисобланади:
كَفَى بِالْمَرْءِ إِثْمًا أَنْ يُحَدِّثَ بِكُلِّ مَا سَمِعَ (رَوَاهُ الامَامُ مُسْلِمٌ وَالامَامُ أَبُو دَاوُدَ عن أبي هريرة رضي الله عنه)
яъни: “Ҳар бир эшитган гапини гапиравериш, кишининг гуноҳкор бўлиши учун етарлидир!” (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривоятлари).
   Хулоса шуки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган гапни у зотдан, деб нақл қилиш, уни ҳақиқатини билмай кўр-кўрона тарқатиш инсонни дўзах томонга етакловчи амалдир. Бундай йўл тутишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак. Тавфиқ Аллоҳдандир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво ҳайъати.  

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram