Таҳоратга оид фатволар (давоми)
18 март 2020 й.
45 марта ўқилди.


ТАҲОРАТ
Таҳоратга оид фатволар (давоми)

69-ФАТВО
Таҳорат қилгач, икки оёғини нопок ерга қўйса, қаралади: агар ер қаттиқ ва қуруқ бўлиб, узоқ турмай, дарҳол оёқларини ердан олса, зарари йўқ. Аммо оёқлари қуриган, ер эса нам бўлиб, оёқ­ларига ўша намлик ўтса, уларни ювиши лозимдир.
«Сирожия».
 
70-ФАТВО
Гул, қовун, тарвуз сувлари, сут, сирка каби су­юқликлар тоза ҳисобланади ва улар билан қўл, кийимлар ювилса, тоза бўлади, лекин улар билан таҳорат ёки ғусл қилинмайди.
«Сирожия».

71-ФАТВО
Таяммумни барча ер жинсидан бўлган нарсалар билан қилиш мумкин. Масалан, қум, чанг, тош, оҳак, сурма, ганч, зирних (маргимуш), ёқут, мар­жон, зумрад, фируза, ғишт ва бошқалар. Аммо кул, қўрғошин, олтин, кумуш, шиша, туз, лой каби нар­салар билан таяммум қилинмайди. Имом Сарахсий ва Ҳусомиддин (р.ҳ.) сўзига кўра, тоғ тузлари билан таяммум қилиш жоиз, сув тузлари билан мумкин эмас. Олтин, кумуш, темир, мис каби металлар ердан олиниб, буюм ясалмай турган ҳо­латида улар билан таяммум қилиш мумкин.
«Сирожия», «Нафъул-муфтий».

72-ФАТВО
Тўққиз ёшга етмаган қиз боладан ҳайз қони келса, у шаръан ҳайз ҳисобланмайди.
«Сирожия».

73-ФАТВО
Рўзадор киши таҳоратда оғзини ғарғара қилмай чаяди. Сув томоққа кетиб қолиш хавфи бўлгани учун ғарғара қилиш макруҳ ҳисобланади.
«Нафъул-муфтий»,
«Ҳошиятул Виқоя».

74-ФАТВО
Қалин соқолли одам таҳоратда соқоли остига сув етказиши шарт эмас, балки устки қисмини ювиб қўяверади. Аммо соқоли сийрак киши со­қоли остига сув етказиши фарз амаллардан ҳи­соб­ла­нади. Ғуслда эса, қалин соқол остига ҳам сув етказиш шартдир.
«Нафъул-муфтий»,
«Шарҳи Ниқоя», «Бадое».
 
75-ФАТВО
Инсоннинг баданидан чиққан тер шаръан тоза ҳисобланади. Аммо муттасил арақ ичишга мубтало бўлган кишининг тери нажасдир.
«Сирожия», «Захоир».

76-ФАТВО
Оғиз тўлиб қайт қилиш таҳоратни синдиради. Аммо овқат ошқозонга етиб бормасидан қайт қилса, таҳорат синмайди.
«Сирожия»,
«Хизонатур-ривоёт».

77-ФАТВО
Балиқнинг ичидан чиқадиган қонга ўхшаш нарса қон ҳисобланмайди. У тозадир. Зеро, қон қу­ёшга тутилса, қорайиши керак. Балиқдан чиқ­қан нарса эса офтобда оқаради.
«Нафъул-муфтий».

78-ФАТВО
Ит сувга беланиб силкинганида сачраган сув ки­йимга тегса, қаралади: агар сув ит юнгини остигача ивитган ва унинг кийимга теккан миқдори бир дирҳамча бўлса, кийим нопокдир. Борди-ю, ит юнгининг устки қисмигина ивиган бўлса, сачраган сув кийимни нопок қилмайди.
«Нафъул-муфтий», «Жомеъул-музмарот».

79-ФАТВО
Кийимнинг нажосат теккан ери унутилиб, уни топиш имкони бўлмаса, бир жойи қасд қи­линиб, ювиб қўйилаверади. Шунингдек, хирмон янчиётган от-эшаклар тезагини ажратиб олиб ташлаш қийин бўлгани сабабли бир қисм дон олиб ювилса ёки ювмай эҳсон қилинса, янчилган доннинг ҳамма­си покланган бўлади.
«Мухтасар», «Нафъул-муфтий», «Хулоса».


80-ФАТВО
Гилам, палос каби сувини сиқиб чиқариш мумкин бўлмаган нарсаларга нажас теккан бўлса, улар бир кеча оқар сувга ташлаб қўйиш билан покланади.
«Нафъул-муфтий», «Фатҳул-Қадир», «Мухтасар».
 

81-ФАТВО
Суюқ асалга нажас тушса, уни поклаш учун ўн­га икки миқдорида, яъни асалнинг бешдан бирича сув қўшиб қайнатилади. Сув буғланиб тамом бў­лиши билан яна сув қуйиб, ушбу жараён уч марта такрорланади.
«Нафъул-муфтий», «Қуня».

82-ФАТВО
Бадан, кийим, идиш ва бошқа нарсаларни пок­лаш учун ишлатиладиган воситаларнинг турла­ри кўпдир. Масалан:
Сув. Тоза сув покловчи восита ҳисобланади. Бинобарин, бир марта ишлатилган сув «мустаъмал» бўлиб қолиши сабабли унинг поклаш воситаси бўлиш-бўлмаслигида ихтилоф қилинган. Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф (р.ҳ.) наздида, «мустаъмал» сув нажас саналиб, бошқа нарсани поклай ол­майди. Муҳаммад (р.ҳ.) наздида эса, у тозалиги сабабли бошқа нарсани ҳам поклашга ярайди.
Сувдан бошқа суюқлик турлари. Сирка, иш­қор каби суюқликларнинг сув ўрнига ўтиш шар­ти – суюқ ҳолатда бўлиши билан бирга нажосатни кетказувчи, тоза суюқликлар сирасига кирувчи бўлишидир. Шунга кўра, ёғ, сут, қон, сийдик каби суюқликлар ҳеч нарсани поклай олмайди. Ўзи нажосат бўлгач, нарсадаги нажосатни кетказган тақдирда ҳам, барибир ювилган жойини нопок қилиб қўяверади. Масалан, сийдик билан кийимдаги қонни кетказиш мумкин. Лекин қон кетиб, сийдик асорати сақланиши оқибатида кийим нопоклигича қолаверади.
Ерга суртиш. Оёқ кийимлари остига нажосат тегса, Абу Ҳанифа билан Абу Юсуф (р.ҳ.) наз­дида, ерга ишқаш билан поклаш мумкин. Имом Муҳаммад, Зуфар, Шофиъий, Молик (р.ҳ.) наз­дида, фақат сув билан ювиш туфайлигина тозаланади. Қу­­ригандан кейин белгиси қолмайдиган су­юқ нажосатлар фақат сув билан ювиб поклана­ди. Лекин қайси восита билан бўлса-да, нажосатнинг ҳиди, ранги қолмагунча тозаланса, ҳар қандай нар­са то­за бўлаверади, деб иттифоқ этилган.
Ишқалаш. Кийимда қуриб қотиб қолган манийни ишқалаш билан ҳам либос пок бўлади.
Тупроқ. Шиша, пичоқ ва бошқа қаттиқ металлдан ясалган силлиқ асбоблар ерга, тупроққа ёки бошқа матоҳларга артиш ва ишқаш билан пок­ланади.
Матоҳ билан артиш. Қон олинган аъзодаги қон юқини латта, пахта, бинт каби нарсалар би­лан артиб тозалаш мумкин.
Олов. Ўрнида айтиб ўтилганидек, сўйилган ҳайвон калласи қонга беланган бўлса-да, оловда куйдирилса, у покланган ҳолда пишади. Унинг шўр­васи ҳам ҳалол. Қизиган тандирга нопок сув се­пиб қуритилгач, пиширилган нон тоза ҳисоб­ла­нади. Темирдан ясалган асбобларга теккан нажосат ҳам олов билан покланади.
Бир жинсдан бошқа жинсга айланиш. Ароқ сиркага айлантирилса, ҳалол бўлади. Туз конига сингиб кетган эшак, чўчқа каби ҳайвонлар билан туз нопок бўлиб қолмайди. Бу Абу Ҳанифа билан Муҳаммад (р.ҳ.) наздида шундай. Аммо Абу Юсуф (р.ҳ.) наздида, туз нопок бўлади. Фатво олдинги ҳукмга берилган.
Кесиш. Тахта, ёғоч каби нарсаларнинг нажосат теккан жойи кесиб ташланса, қолган қисми пок ҳисобланади.
Ерни ҳайдаш. Нажосат тушган ерни чо­пиш, ҳайдаш, ағдариш каби ишлов билан поклаш мумкин.
Ўйиб олиб ташлаш. Масалан, қотиб қол­ган ёғ, мой, қаймоқ каби нарсаларга сичқон ёки бошқа палид нарса тушса, ўша нарса атрофи би­лан ўйиб олиб ташланса, қолгани пок ҳисоб­ла­нади.
Оқар ҳовуз. Кичик ҳажмдаги ҳовузга сув бир томондан кириб, иккинчи тарафдан чиқиб кетаётган бўлса, унга нажас тушса, нопок қилмайди.
Ошлаш. Ўлимтик ва гўшти ҳаром ҳайвон­ларнинг териси ошлаш билан тоза бўлади. Ўлим­тикнинг юнги, суяги, пайи ҳам тоза ҳисобланади. Териси ошлашни қабул қилмайдиган ҳайвонлар те­риси покланмайди. Масалан, илон, сичқон ка­би­ларнинг териси ошлашни қабул қилмайди. Ит­нинг териси нажас, юнги эса, тоза дейилган.
«Бисмиллоҳ» билан сўйиш. Гўшти ейил­май­­диган (чўчқадан бошқа) ҳайвонларни мусул­­мон одам «Бисмиллоҳ» билан сўйса, териси, гўш­ти то­за бўлиб қолади. Аммо ейиш учун ҳалол бўлмайди.
Ернинг қуриши. Ерга нажосат тушган бўл­са, қуриб асорати кетиши билан ер тоза бўлади. Имом Зуфар, Аҳмад ва Шофиъий (р.ҳ.) наз­дида, ювилмагунча тоза бўлмайди. Ерга ёпишиб турган, масалан, девор, дарахт, гиёҳ, қамишга ўх­шаган нар­салар ҳам худди шундай. Шағал ҳукми ҳам туп­роқ кабидир.
Агар дарахт ёки қамишдан кесиб ёки синди­риб олинса ва унга нажас тегса, фақат ювиш ёки ке­сиб ташлаш билан тоза бўлади. Ерга ётқизиб терилган ғиштлар ҳам ер ҳукмидадир.

Сувини чиқариш. Қудуқ сувига нажас тушса, белгиланган миқдорда сув олиб ташлаш билан қудуқдаги қолган сув пок ҳисобланади.
Тақсимлаш. Аввал айтилганидек, донни ян­чиётган ҳайвонлар сийдиги аралашиб кетган дон тақсимлаб олинса, ёки бир қисми олиб ювилса, ёхуд бировга бериб юборилса, қолган қисми ҳа­лол ҳисобланади.
Бир қисмини ювиш. Агар кийимнинг бир ерига нажас тегса, кейин унинг қайси жой экани маълум бўлмаса, бир ўрни қасд қилиб ювилса, қолган қисми ҳам тоза ҳисобланади.
«Нафъул-муфтий».

83-ФАТВО
Кийим юпқалигидан йиртилиб кетмасин деб ювганда сиқмаган бўлса ҳам, зарурат юзасидан шу кийимда намоз ўқиш жоиз бўлади.
«Нафъул-муфтий»,
«Дуррул-мухтор».

84-ФАТВО
Замзам суви билан ғусл қилиш жоиз, лекин истинжо қилиш макруҳдир.
«Нафъул-муфтий»,
«Дуррул-мухтор».

85-ФАТВО
Дашт, саҳро жойлардаги тошлар устига си­йиш, улар билан истинжо қилиш жоиз эмас. Зеро, тошли жойлар жинлар маскани ҳисобланади. Шу­нинг­дек, суяк ва тезаклар билан ҳам истинжо қи­лин­май­ди. Зеро, суяклар жинлар озуқаси, тезак­лар эса (жинлар) уловларининг озуқасидир.
«Нафъул-муфтий».

86-ФАТВО
Қасддан бетаҳорат намоз ўқиган киши кофир бўлади. Имом Ҳалвоний сўзига кўра, таҳоратнинг фарзлигини билиб туриб, бетаҳорат намоз ўқиган киши зиндиқдир.
«Қозихон».

87-ФАТВО
Ҳайз кўрган аёл ҳар бир намоз вақти кирганда таҳорат олиб, ҳар куни ўқийдиган жойига ўтириб, бир намоз ўқиганчалик вақт мобайнида тасбеҳ, таҳлил ўқиб ўтириши мустаҳаб амаллардан ҳи­соб­ланади.
«Сирожия».

88-ФАТВО
Йиртқич қушларнинг оғзидан қолган сув ёки таом макруҳдир. Лекин улар қафас ёки бошқа иҳо­та қи­линган жойларда тоза емиш билан боқи­лаётган, тумшуқлари нопок нарсадан ифлосланмаётган бўл­са, уларнинг оғзидан қолган ёки оғзи теккан нарса макруҳ эмас. Бу Абу Юсуфнинг (р.ҳ.) сўзлари бўлиб, шундай деб берилган фатвони ма­шойих­лар маъқуллашган.
«Захоир».

89-ФАТВО
Катта ҳовуз ёки оқиб турган ариқ сувига ҳайвон тезаги ёки бошқа нажосат турларидан бири тушган бўлса, уни бирор идиш билан олиб ташлаганда шу идиш ва унинг ичидаги сув нопок бўлади. Ҳо­вуз ва ариқ суви эса поклигича қолади.
«Захоир».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

muslim.uz сайтидан 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:26
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram