Исломда қарз олди-берди масаласи
15 октябр 2021 й.
758 марта ўқилди.

بسم الله الرحمن الرحيم

الْحَمْدُ لِلَّهِ، وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى سَيِّدِنَا رَسُولِ اللَّه، وَعَلَى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ وَمَنْ تَبِعَهُمْ بِإِحْسَانٍ إِلَى يَوْمِ الدِّينِ أَمَّا بَعْدُ

Исломда қарз олди-берди масаласи

 

Ҳурматли жамоат! “Қарз” сўзи луғатда “кесиш” деган маънони билдиради. Қарз берган киши молидан бир қисмини кесиб, бошқага бергани сабабли шундай деб аталган. Шариат истилоҳида эса: “Қарз – бир нарсани бошқа кишига уни қайтариб бериш шарти ила мулк қилиб беришдир”.

Демак, қарзга олинган нарса қарз олувчининг мулкига айланади. Уни хоҳлаганича ишлатади. Қарз берувчига эса унинг эвазини берса бўлди.

Қарз бериш – бандани Аллоҳ таолога яқин қиладиган амаллардандир. Чунки қарз беришда одамларга раҳм-шафқат қилиш, уларнинг ишларига енгиллик бериш, ғамларини аритиш бор. Қарз беришнинг савоби жуда улуғ экани кўплаб ояти карималарда очиқ-ойдин баён қилинган. Албатта, бунда қарз берувчи бирор дунёвий манфаатдан тама қилмаслиги шарт. Ажр умидида берилган қарзнинг савоби бир неча баробар кўпайтирилади ва гуноҳлар мағфират қилинади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

 إنْ تُقْرِضُوا اللَّهَ قَرْضًا حَسَنًا يُضَاعِفْهُ لَكُمْ وَيَغْفِرْ لَكُمْ وَاللَّهُ شَكُورٌ حَلِيمٌ

яъни: “Агар сизлар Аллоҳга «қарзи ҳасана» берсангиз (муҳтожларга эҳсон қилсангиз), У сизларга бир неча баробар қилиб қайтарур ва (гуноҳларингизни) мағфират қилур. Аллоҳ миннатдор (оз олиб, кўп берувчи) ва ҳалимдир” (Тағобун сураси 17-оят).

Ояти каримада “муҳтожларга эҳсон қилиш ва уларга чиройли қарз бериш”ни “Аллоҳ таолога қарз бериш” дейилмоқда. Аллоҳ таоло бандасидан қарздор бўлиб қолмайди, балки бандага янада яхшироғини беради ва улуғ ажр билан мукофотлайди. 

Шунинг учун ҳам баъзи уламолар: “Муҳтож кишига қарз бериш – фақир инсонга садақа беришдан афзалдир”, – дейишган. Чунки қарзни аксар ҳолатда муҳтож одам сўрайди.

Киши қанча қарз берса, ҳар куни ўша миқдорда садақа қилганни савобини олади. Бу ҳақда Бурайда ибн Ҳусайб Ал-Асламий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

مَنْ كَانَ لَهُ عَلَى رَجُلٍ حَقٌّ، فَمَنْ أَخَّرَهُ كَانَ لَهُ بِكُلِّ يَوْمٍ صَدَقَةٌ

(رواه الامام أحمد عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ)

яъни: “Ким бирор кишига қарз берган бўлса, сўнг уни бироз муддатга узайтирса, кечиктирган ҳар куни учун унга садақа савоби ёзилади”, – дедилар (Имом Аҳмад ривоятлари).

Қарздорга муҳлат бериш ёки қарзни кечиш банданинг авф қилиниши ва Қиёматда гуноҳларидан ўтилишига сабаб бўлади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

 كان رجلٌ يدايِنُ الناسَ فكان يقولُ لفتَاهُ: إذا أتيتَ مُعْسِرًا فتجاوزْ عنه لعلَّ اللهَ أنْ يتجاوَزَ عنَّا قال: فلَقِيَ اللهَ  فتجاوَزَ عنْهُ

(رواه الامام البخاري عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Бир киши одамларга қарз берар эди ва хизматкорига: “Қарзини узишга қийналган кишининг ёнига қарзни сўраб борсанг, ундан қарзини кечгин, шоядки Аллоҳ ҳам биздан гуноҳларимизни кечса”, – дер эди”. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “У Аллоҳга йўлиқди ва Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечди”, – дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).

Бошқа ҳадиси шарифда қарздорга муҳлат берган ёки қарзни кечган кишини Аллоҳ таоло соя бўлмайдиган кунда, яъни Қиёматда соялантиради:

مَنْ أَنْظَرَ مُعْسِرًا أَوْ وَضَعَ لَهُ، أَظَلَّهُ اللهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ تَحْتَ ظِلِّ عَرْشِهِ، يَوْمَ لاَ ظِلَّ إِلَّا ظِلُّهُ

(رواه الامام مسلم عن أبي اليسر رضي الله عنه)

яъни: “Ким камбағалга муҳлат берса ёки қарзини кечса, соя бўлмаган Қиёмат кунида Аллоҳ уни Ўз аршини соясида соялантиради” (Имом Муслим ривоятлари).

Муҳтарам жамоат! Киши молиявий фаолиятида бошқаларнинг қилганига эмас, ўзининг билимига ва имкониятига қараб иш тутиши лозим. “Фалончи пистон ишни қилиб, бунча пул топибди, мен ҳам шу ишни қиламан” деб қарзга кириб қолмаслик керак. Ҳозирги қарздорларнинг аксарияти шу қабилда иш тутганлардир.

Қарздор бўлиб қолганлар қарзларини узиш бирламчи вазифаларидан бири эканини бир зум ҳам эсдан чиқармасликлари, қарзнинг узилмай қолиши дунё ва охиратда шармандалик эканини унутмасликлари лозим. Агар банданинг нияти содиқ бўлса, қарзини узишга сидқидилдан уринса, Аллоҳ таоло унга ёрдам бериши ҳақдир. Ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Ким қарзини адо қилишни ирода қилиб одамлардан мол олса, Аллоҳ таоло унга тўлаш сабабларини муҳайё қилиб қўяди, ким талофат етказишни ирода қилиб олса, Аллоҳ унга талофат етказади” (Имом Бухорий ривоятлари).

Шуни яхши билиш керакки, одамлардан қарз олиб, уни тўламасдан ёки тўлайдиган мол қолдирмасдан дунёдан ўтиб кетадиганлар Қиёматда бу қарзни савоблари билан тўлаб беради. Чунки у ерда тўлайдиган пул йўқ, савоб эса ҳаммага керак бўлиб турган бўлади. Имкони бўла туриб, қарзни чўзишни Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “зулм” деб атаганлар:

مَطْلُ الغَنِيِّ ظُلْمٌ

(رواه الإمام البخاري عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

Яъни: “Бой зиммасидаги қарзини бермасдан чўзиб юриши – зулмдир”– дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).

Демак, моддий имкони бор одам ўз зиммасидаги молиявий бурчни адо этмай юриши –  золимликдир. У бу билан ҳақдорларга ҳам, ўзига ҳам зулм қилган бўлади. Ҳақдорлар ундан ўз вақтида ҳақларини ололмай, зулмга учрайдилар. Ўзи эса бу иши билан гуноҳга ботиб, ўзига зулм қилган бўлади.

Мабодо қарз олишга мажбур бўлиб қолганда ҳам, олишдан аввал ўша қарзни узишга имкони бор-йўқлигини минг бор ўйлаб кўриш керак. Кўпчилик “қарз орқали пул топсам бўлди, ишим юришиб кетади”, деган фикрда бўлади. Аслида эса пул топганнинг ҳаммаси ҳам бойиб кетавермайди. Агар шундай бўлганида, бугун қарздорлар бу қадар кўпайиб кетмасди.

Абу Мусо разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом:

إنَّ أعظَمَ الذُّنوبِ عِندَ اللهِ أن يَلْقاه بها عبدٌ بَعْدَ الكبائِرِ التي نهى اللهُ عنها: أن يموتَ رَجُلٌ وعليه دَينٌ لا يَدَعُ له قَضاءً

яъни: “Аллоҳнинг наздида Аллоҳ қайтарган кабира – катта гуноҳлардан кейинги энг оғир гуноҳ – бир киши зиммасидаги қарзини узишга нарса қолдирмай вафот этиб, У Зотга рўбарў бўлишидир”, – дедилар (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Бировдан олган қарзини узмасдан ёки уни узишга имкон қолдирмасдан вафот этишдан оғир нарса йўқлигини баён қилиш учун бундан ортиқ огоҳлантириш бўлмаса керак.  

Муҳтарам азизлар! Қарз банданинг хаққи бўлиб, бу ҳақни фақат ўз эгаси кечиши мумкин холос. Уни Аллоҳ таоло кечмайди. Қарз олиб, уни узмай юрганлар бу ҳақиқатни яхшилаб англаб олишлари лозим. Самура разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам:

هَا هُنَا مِنْ بَنِي فُلاَنٍ أَحَدٌ؟ قَالَهَا ثَلاَثاً فَقَامَ رَجُلٌ فَقَالَ: أَنَا مِنْهُمْ فَقَالَ عَلَيْهِ الصَلاَةُ وَالسَّلاَمُ:إِنَّ صَاحِبَكُمْ مَحْبُوسٌ عَنِ الْجنَّةِ بِدَيْنِهِ

(رواه الامام أحمد سمرة بن جندب رضي الله عنه)

яъни: “Бу ерда фалон қавмдан ким бор?”, – дедилар. Бир киши: “Мен борман”, –деди. Шунда У Зот: “Соҳибингиз қарзи туфайли жаннатдан тўсилиб турибди”, – дедилар (Имом Аҳмад ривоятлари).

Рўзғор тебратиш ёки иш юритиш учун сармояга муҳтож бўлиб қолган кишига қарз бериш билан молиявий алоқа олиб борилади. Лекин ҳаргиз қарзга олинган пулга маблағ қўшиб бериш шариатимизда қатъий қайтарилган. Буни шариатда “судхўрлик” деб аталади.

Судхўрлик – энг катта гуноҳлардан. Қуръони каримда судхўрлик билан шуғулланувчиларга дунё ва охиратда аламли азоблар борлиги ҳақида огоҳлантирилган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا الرِّبَا أَضْعَافًا مُضَاعَفَةً وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

яъни: “Эй, имон келтирганлар! (Берган қарзларингизни) икки баравар ва ундан ҳам кўпайтириб, устама шаклида еб юбормангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Зора (шунда) толе топсангиз” (Оли Имрон сураси, 130-оят). Ҳадиси шарифда:

لعنَ رسولُ اللَّهِ صلَّى اللَّهُ عليهِ وسلَّمَ آكلَ الرِّبا وموكلَهُ وشاهديهِ وَكاتبَهُ

(رواه الامام الترمذي)

яъни: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам рибохўрни, унинг eдирувчисини, бунга гувоҳ бўлган кишиларни ҳамда котибини лаънатладилар” (Имом Термизий ривоятлари).

Демак, пул қарз бериб, уни устамаси билан кўпайтириб олиш шариатимизда ҳаром қилинган. Ризқ – инсонга Аллоҳ таоло томонидан берилган илоҳий неъмат экан, уни ҳалол йўллар билан излаш лозимдир.

Одамлар ўртасидаги қарз муомаласида гоҳида берган қарзини тилла ёки гўшт каби маҳсулотларга чақиб қўйиш ҳоллари учрайди. Яъни, берилган қарзлар пулнинг инфляцияси туфайли қадри тушишини эътиборга олиб, қарзни олаётганларида берганларидан кўра кўпроқ маблағни олишни хоҳлайдилар. Баъзи аҳли илмлар буни жоиз деб билсаларда, аммо тўрт мазҳаб жумҳур уламолари, жумладан, ҳанафий мазҳабимиз олимлари ҳам бу ишни ножоиз ва шаръан мумкин эмаслигини таъкидлайдилар. Чунки, бунда рибо хавфи мавжуд. Пулнинг қадрсизланиши ҳамиша бўлиб келган. Қарз бераётганда албатта ушбу омилларни ҳисобга олиш керак. Яъни, ўша вақтда қарзни ўзи учун асосий ва барқарор деб билган пул бирлигида бериши керак.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, қарз берилган пул бирлиги қарзни тўлаётган вақтида бутунлай муомаладан чиқиб кетса ёки бекор қилинса, шу ҳолдагина ўша пулнинг қарз берилган вақтидаги бошқа нарсадаги қийматини талаб қилиш мумкин бўлади. Бир пайтлар муомалада бўлган рубль ва купон пуллари бунга мисол бўлиши мумкин. Лекин маълум бир пул бирлигида қарз олган киши, олдиндан келишмаган ҳолда уни тўлаш пайтида ўзаро розилик билан бошқа пул бирлигида тўлаши жоиз.

Сўмда берилган қарзни бошқа пул бирлигида, масалан, доллар, евро кабиларда қайтарилишига келишиб олиш насия рибоси ҳисобланади. Чунки, бу жинси ҳар хил пулларни насия айирбошлашга битим тузиш ҳисобланади. Бу эса шаръан жоиз эмас. (Муҳаммад Тақий Усмонийнинг “Буҳус фи қозоё ал-фиқҳия ал-муосиро” китобидан фойдаланилди).

Муҳтарам жамоат! Ҳозирда кўпчилик кишилар қарздорликдан қандай қутилиш мумкинлиги ҳақида саволлар билан мурожаат қилишади. Қарздорликдан қутилиш учун аввало ниятни яхши қилиш ва албатта қарзни узишга астойдил ҳаракат қилиш лозим. Кейин Аллоҳ таолодан қарзини узишга ёрдам қилишини сўраш керак бўлади. Кўплаб ҳадиси шарифларда тез-тез такрорлаб юриладиган дуоларни Пайғамбаримиз алайҳиссалом таълим берганлар. Абу Саъид разияллоҳу анҳу айтдилар: “Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кирган эдилар, бирдан ансорлардан Абу Умома деб аталадиган кишини кўриб қолдилар. Шунда У Зот: “Эй Абу Умома! Масжидда намоз вақтидан бошқа вақтда ўтирганингизни кўряпманми?” – дедилар. “Мени ғамлар ва қарзлар босди, эй Аллоҳнинг Расули!”, – деди. “Сизга агар айтсангиз, Аллоҳ ғамларингизни кетказадиган ва қарзларингизни узадиган калималарни ўргатиб қўяйми?” дедилар. “Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!” деди. Шунда Расулуллоҳ: “Тонг оттирсангиз ва кечга етсангиз:

اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنَ الْهَمِّ وَالْحَزَنِ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنَ الْعَجْزِ وَالْكَسَلِ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنَ الْجُبْنِ وَالْبُخْلِ، وَأَعُوذُ بِكَ مِنْ غَلَبَةِ الدَّيْنِ وَقَهْرِ الرِّجَالِ، قَالَ: فَفَعَلْتُ ذَلِكَ فَأَذْهَبَ اللهُ هَمِّي وَقَضَى عَنِّي دَيْنِي

(رَوَاهُ الامام أَبُو دَاوُدَ)

яъни: “Ё Аллоҳ! Сендан ғам босиши, маҳзунлик, ожизлик ва дангасаликдан паноҳ сўрайман! Қўрқоқлик, бахиллик, қарзга ботиш ва одамларнинг ғолиб келишидан паноҳ сўрайман!” денг– дедилар. Шундай қилдим, натижада Аллоҳ ғамимни кетказди ва қарзимни адо қилишга ёрдам берди (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Муҳтарам азизлар! Шуни ҳам қайд этиб ўтиш лозимки, айримлар коммунал хизмат, яъни электр энергия, газ, сув, ер солиғи ва бошқа тўловларни ўз вақтида тўламасдан мажбурий ижро ходимларини овора қилиб, аҳоли билан жиддий муомала қилишларига мажбур қилаётганлар борлиги ачинарли ҳолдир. Аслида ушбу коммунал хизматлардан фойдаланиш учун ҳар бир хонадон шартнома тузган. Ўша шартномага кўра, ўзимиз ишлатган нарсани тўловларини ўз вақтида адо қилишимиз лозим бўлади. Бунга бепарво бўлиш юқоридаги оят-ҳадисларда огоҳлантирилган жазоларга олиб келишини эсдан чиқармайлик.

Шу билан бирга ушбу коммунал хизмат тўловлари кўпчиликнинг – халқнинг ҳаққи саналади. Уни турли асоссиз баҳоналар билан ўз вақтида тўловларни амалга оширмаслик ёки ҳисоблагич жиҳозларини тескарига айлантириш, ёхуд  ҳар-хил ҳийлалар ишлатиб ҳақ тўлашдан қочишга ҳаракат қилиш айни бировнинг ҳаққини, устига-устак, халқни ҳаққини ейиш эканини эслатиб қўймоқчимиз. Бундай шариатга зид ишлар Қиёмат куни катта жавобгарликларга сабаб бўлишини унутмаслигимиз керак. Ҳавла бинти Амр разияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

إِنَّ رِجَالاً يَتَخَوَّضُونَ فِى مَالِ اللَّهِ بِغَيْرِ حَقٍّ، فَلَهُمُ النَّارُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ

رَوَاهُ الإِمَامُ البُخَارِي

яъни: “Баъзи бир одамлар Аллоҳнинг мулки (жамоат пуллари)га хиёнат қилади. Қиёмат куни улар жаҳаннамга равона бўлишади” дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).

Аллоҳ таоло халқимиз фаровонлигини янада зиёда қилсин! Қарздорларга  қарзларини узишлари учун ёрдам ва тавфиқ ато айласин! Омин!

 

Муҳтарам имом-домла! Келгуси жума маърузаси “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг!” мавзусида бўлади, иншааллоҳ.

  

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram