АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙНИНГ “ТАРИҚАТ ОДОБИ” АСАРИДА АХЛОҚИЙ ҚАДРИЯТЛАР ТАЛҚИНИ
23 январ 2020 й.
1071 марта ўқилди.

 АБДУЛХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙНИНГ “ТАРИҚАТ ОДОБИ” АСАРИДА АХЛОҚИЙ ҚАДРИЯТЛАР ТАЛҚИНИ

 
Бухоро қадимдан илм-фан, маърифат ва маданият марказларидан бири сифатида жаҳонда машҳур эканлиги тарихдан маълум. Бу муқаддас заминда яшаб ўтган буюк алломалар жаҳон илм-фани, маънавияти хазинасига катта ҳисса қўшганлар.
Афсуски собиқ шўролар тузумининг сиёсати туфайли буюк аждодларимизнинг маданий мероси, номи юртимизда бутунлай унутилган эди. Мустақиллигимиз шарофати билан халқимизнинг бой маданий меросидан янада баҳраманд бўлиш бахтига муяссар бўлдик.
Мустақилликка эришганимиздан кейин халқимизнинг тили, маданияти, қадриятлари тарихини билишга, ўзлигини англашга қизиқиш тобора ортиб борди. Ўтган авлод-аждодларимиз, миллатимиз фахрига айланган буюк инсонларнинг ҳаёти ва фаолиятига оид қимматли маълумотларни билиш ҳар биримизни, айниқса ёш авлодни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.
Бундан бир неча йил муқаддам кўплаб буюк алломаларимиз қатори Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг ҳам ўлмас маданий мероси у ёқда турсин, номларини ҳам деярли кўпчилик билмас эди. Мустақиллигимиз берган имконият туфайли Ҳожагон – Нақшбандия тариқати силсиласининг пир – муршиди “Хожаи - жаҳон” номи билан Мағрибу Машриқда машҳур бўлган бу зоти шарифнинг ўлмас мероси халқ мулкига айланди ва у кишининг номи улуғланадиган бўлди. Буюк аллома таваллудининг 900 йиллиги жаҳон миқёсида кенг нишонланиб, табаррук қабрлари ва унинг атрофи муҳташам зиёратгоҳга айлантирилди. Валиюллоҳнинг ҳаёти, ижоди таълимоти ва унинг ижтимоий аҳамиятини ёритувчи китоб, рисола ва мақолалар ёзилди.
Авлиёлар султони, қутби замон, олими Раббоний шайхуш-шуюх, буюк тарбиячи Хожаи Жаҳон “Рисолайи Соҳибия”, “Мақомоти Юсуф Ҳамадоний”, “Аз гуфторҳои Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний” номли асарлар ёзиб қолдирганлар.
Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг яна бир асарлари “Тариқат одоби” деб аталади. Бу китобни валиюллоҳ ўзининг иккинчи халифаси Авлиёи Кабирга бағишлаб ёзган. Авлиёи Кабир Бухорода вафот этган. Ул зотнинг қабрлари манбаларда Бухоро ҳисорининг ёнида Буржи Аёрда деб кўрсатилган.
“Тариқат одоби” рисоласида ҳазрат тариқат йўлига кирган толиби Ҳақларга қарата  ҳам илоҳий, ҳам дунёвий ўгитлар берганлар, насиҳат қилганлар. Хожагон – Нақшбандия тариқатининг барча пир-устозлари шогирдлар тарбиясида ундан фойдаланганлар. “Тариқат одоби” рисоласи бугунги кунда ҳам устоз-шогирд муносабатларини такомиллаштиришда, баркамол авлод тарбиясида маънавий-ахлоқий дастуруламал бўлиб хизмат қилади.
Келинг, ушбу рисоланинг баъзи бир ҳикматлари насиҳатларига эътибор қаратайлик.
Рисолада ўқиймиз: “Эй фарзанд, илм билан бирга одобни ҳам ўрган. Зеро одобсиз одам Аллоҳ лутфидан маҳрумдир. Халқ билан асло низо-жанжал этма. Яхши хулқ, нек одоб ила умргузаронлик қил”.
Ҳазратнинг Авлиёи Кабирга қилган ушбу насиҳатлари барча асру айёмда таълим тарбиянинг муҳим шарти бўлиб, бугунги кунда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Дарҳақиқат, илм одоби билан гўзал. Зеро, илм  ва одоб эгизак тушунчалар бўлиб, толиби илмнинг маънавий парвози учун қўшқанот бўлиб хизмат қилади. Илмсизга одоб тугал бўлмаганидек одобсизнинг илмидан ҳам манфаат бўлмайди. А. Ғиждувонийнинг ушбу насиҳатлари Пайғамбаримизнинг “Илмга нисбатан гўё чўпон каби посбон бўлинглар, лекин илмни фақат ривоят қилувчи бўлманглар” деган ҳадислари мазмуни билан ҳамоҳангдир.  Расулуллоҳнинг ҳадисларида ҳам илм олишга даъват бор.
“Лекин илмни фақат ривоят қилувчи бўлманглар“, деганда жаноби Расулуллоҳ илмга амал қилувчилардан бўлишга чақиряптилар. Бундан шу нарса англашиладики, илм фақат тилда эмас, дилдан чиқиши лозим. Унинг одоби ҳам илм соҳибида бўлиши лозим. Шунда унинг илмидан, хулқидан, одобидан халққа манфаат етади. Зеро, қалбдан чиққан илм, қалбга бориб етади.
Ҳазрати  Ғиждувоний ёзадилар: “Ҳалол луқма ейишни одат қил. Шубҳали луқмадан имкон қадар ўзингни йироқ тут. Билки, ҳалол луқма барча хайрли, савоб амал, яхшиликларнинг калитидир” (50-бет)
Ушбу ҳикматли сўзларда ҳам инсоннинг безаги бўлган яна бир фазилатга даъват бор. Хўш, ҳалолликнинг ўзи нима? Ҳалоллик – бу таъмадан, шахсий манфаатдан кечиб, инсоният бахти-саодати учун яшашдир. Ҳалоллик одамни буюк даражаларга етказади. Кишининг қалбида, Аллоҳ берган  бу фазилат бор экан, унинг қалбида ватан, миллат келажаги, халқ бахт-саодати туйғуси бўлади ва ундан бутун бир жамоатга манфаат етади. Одамнинг ҳалол поклиги ахлоқий, маънавий, маърифий баркамоллигига тарозидир. Ҳаром луқма эса одамни муттаҳам, таъмагир, порахўрга айлантириб, бадном қилади.
Абдулхолиқ Ғиждувоний Авлиёи Кабирга буюрадилар: “Сукутни ихтиёр эт. Қўлингдан келмайдиган ишлар ҳақида гапирма. Тилингни тий. Мабодо сўзлашмоқчи бўлсанг, албатта хайрли ва яхши гапларни айт. Халққа ҳамиша панду насиҳат айла. Ҳақ гапни гапир. Ҳақ гапни айтмоқдан асло қўрқма. Мудом Ҳақ тарафида бўл.” (60-бет) 
Сукут сақлаш, кам гапириш, гапирганда ҳам ҳақ гапни гапириш одам одобининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Бежизга халқимиз: “Суйдирадиган ҳам тил, куйдирадиган ҳам тил” деб айтишмайди. Чунки одамнинг сўзидан унинг маънавияти, ахлоқини билиш мумкин. Одамнинг тилига қараб уни оқил ёки жоҳил одамлигига баҳо берилади. Сукут сақлаш донишмандлик аломати бўлиб, кўп сўзлаш эса, нодонлик саналади.
Биз ушбу мақолада Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг “Тариқат одоби” китобларидан, ҳикматларидан, панду насиҳатларида бир-икки намуна келтирдик холос.
Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг Авлиёи Кабирга буюрган панду ҳикматлари умуминсоний фазилатлар бўлиб, барча замон ва маконда инсонни камолотга етакловчи, уни ҳам ботинан ҳам зоҳиран гўзал хулқли бўлишга хизмат қилувчи фазилатлар саналади. Ватанга садоқат, оилавий анъаналарни асраш, ўз меҳнати, билими билан обрў-эътибор топиш, ўзининг инсонийлик бурчини англаш каби маънавий, ахлоқий фазилатлар унда улуғланиб, худбинлик, кибр, риё, таъмагирлик, жоҳиллик каби кўплаб салбий иллатлар қораланади. Рисолада баён қилинган панду ҳикматлар мазмунан ва шаклан бойиб ривожланиб борса-да, аммо асосий негизга кўра, ҳамма вақт барқарорлигини сақлаб қолади. Унда тилга олинган одам наслига хос фазилатлар ҳамиша барча жамияту тузумларда улуғланган,  айни пайтда  қайд этилган иллатлар, қусурлар қораланган. Шу жиҳатдан қараганда улуғ бобокалонимиз маданий мероси - “Тариқат одоби” рисоласи улуғ бобокалонимиз меҳри билан бизларга етиб келган, бутун ҳаётимиз учун ҳам хизмат қилишга арзигулик катта маънавий бойлик, буюк хазинасидир. Ёшлар онгида буюк аждодларимиз томонидан бунёд этилган, шаклланган қадриятларни қадрлаш туйғусини юксалтириш, уларни ҳурмат қилиш туйғусини таълим-тарбия жараёнида фойдаланишнинг аҳамияти беқиёсдир.
Бугун биз ҳар бир юрт фуқароси қалбида ватанпарлик, инсонпарварлик туйғуларини қарор топтириш учун ҳаракат қилар эканмиз, айниқса, ёшларда миллий ахлоқни тарбиялар эканмиз, уларни мустақил Ватанга ҳар томонлама муносиб баркамол кишилар қилиб етиштириш учун курашар эканмиз, бу курашда зийрак ва доно боболаримиз ақлу идрокидан, заковат ва даҳосидан, улар томонидан яратилган маданий мерос дурдоналаридан фойдаланишимиз зарур албатта. Улуғ аждодларимизнинг ҳозирги кунгача ўз қимматини йўқотмаган руҳий озуқаларини умумбашарий аҳамиятга эга бўлган, то одамзод бор экан ўлмас фикрлари маънавий дурдоналарини инсоннинг поклиги, ҳалоллиги, тўғрилиги, меҳнатсеварлиги, илмсеварлиги, бахт-саодати ҳақидаги ҳикматли сўзларни, инсоннинг руҳий ва жисмоний соғлом бўлиши турли ахлоқий иллатлардан халос бўлиш учун хизмат қиладиган пурмаъно сўзларидан тарбияда фойдаланишимиз лозим.
 
 
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси 
Мақсуджон Акрамов 
 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram