ҲАЗРАТ ХОЖА МАҲМУД АНЖИР ФАҒНАВИЙ
04 декабр 2017 й.
5481 марта ўқилди.

 

Қадимий Бухоро замини Имом Бухорий, Ибн Сино ва Абу Бакр Наршахий каби алломаларга, буюк тариқат пирлари - Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Амир Кулол, Ориф Ревгарий, Анжир Фағнавий,Али Ромитаний ва Бобойи Самосий сингари азиз-авлиёларга бешик бўлгани билан ҳам бутун дунёга маълум ва машҳур.

И. А. КАРИМОВ

 

ҲАЗРАТ ХОЖА МАҲМУД АНЖИР ФАҒНАВИЙ

(тах.1210- 1286)

Ҳазрат Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий Вобкент тумани Анжир Фағни қишлоғида тахминан 1210 йил туғиладилар ва шу қишлоқда 1286 йил вафот қиладилар.

Бу зоти шариф ўрта бўйли,оқ танли, бурни ўзига ярашган, кенг оғизли, кўркам соқолли, нуроний юзли эдилар. Бошларига оқ салла ўрар, кароматлари жуда кўп эди.

Манбаларда ёзилишича, Хожа Маҳмуд тақво, зуҳд, қаноатда ҳаммага ибрат бўлган.

Ҳазрат Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий ҳақларида Абдураҳмон Жомийнинг “Нафоҳатул унс”, Алишср Навоийнинг “Насоимул муҳаббат”, Али Сафийнинг “Рашаҳоту айнул ҳаёт”, Бадридцин Сарҳиндийнинг “Ҳазаротул қудс”, Муҳаммад Толибнинг “Матлабул толибин”, Мажидуддин Бадахшонийнинг “Жомиъус салосил”, Тоҳир Эшоннинг “Тазкирайи нақшбандия”, Носириддин Тўранинг “Туҳфат аз зоҳирин” ва бошқа асарларда маълумотлар берилгандир.

Тасаввуфшунослардан устоз Нажмиддин Комилов, Маҳмудхон Ҳасаний, шунингдек, Гулчеҳра Наврўзова, Нарзулло Йўлдошев, Ҳамидхон Исломий, Самад Азимов, Мирзо Кенжабек, Сайфиддин Сайфуллоҳ, Ойгул Шарипова, Нодирхон Ҳасанлар Ҳазрат Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий ҳақларида тадқиқотлар этиб, илмий мақолалар эълон этган. Хожа Маҳмуд «Силсилаи шариф»даги ўн иккинчи ҳалқанинг пири муршиди, буюк тарбиячи, аллома, валиюллоҳ ҳисобланадилар.

Манбаъларда бу зоти шарифнинг касблари гилкор (лой-сувоқ ишлари билан шуғулланадиган) ва дурадгорлик дейилган. Хожа Маҳмуднинг туғилган қишлоқларининг ҳозирги номи Анжирбоғдир.

Вобкент тумани марказидаги табаррук Минорадан ўтиб, Шофиркон туманига бораётганда чап томонга бурилсангиз, йўл сизни Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий зиёратгоҳларига элтади. Катта йўл бошида зиёратгоҳ номи ёзиб қўйилгандир.

Тоҳир Эшон ёзадиларки, “Бузругвори ҳазрати маъбудий, матлаъи шамси масъудий Ҳазрат Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийдурлар:

Баъди Ориф бидои ба он масъуд,

Фахри аброр Хожаи Маҳмуд.

Олими вақти маънавий омад,

Шухрати Анжир Фағнавий омад.

 

Сарвари халқу раҳбари дин аст,

Мушки ў на Хито, на аз Чин аст.

Буд аз авлоди Саййиди Арабий,

Аз чароғи Ахмади набавий”11'

 

Мазмуни: Хожа Ориф ар Ревгарийдан сўнг пок зотларнинг фахри ҳисобланмиш Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий бахтиёрлик (Силсилаи шариф) шайхи бўлдилар. Бу зоти шариф маънавий оламнинг олими эди, Анжир Фағнавийнинг шуҳратлари оламни тутди. Бу киши халқнинг сарвари ва диннинг раҳбари эди. Бу зоти шариф Хитой ёки Чиннинг мушки эмас, бу киши саййиди арабий (яъни пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам) авлодлари) Аҳмади набий (пайгамбармиз саллоллоҳу алайҳи васаллам) нурларидандир.

Ушбу шеърий парчадаи маълум бўляптики, Ҳазрат Фағнавий насаблари пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга бориб тақалар экан, бу зоти шариф саййидзода ҳисобланадилар.

Навоий ёзадиларки: “Ул (яъни Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий) Хожа Ориф хулафосидиндур”. Маълум бўляптики, Ҳазрат Фағнавий илми ҳол ва илми қолни Ҳазрат Хожа Ориф ар Ревгарийдан ўрганган. 

 

Ҳазрат Маҳмуд Анжир Фағнавий якка шахс учун зикри хафийни (хуфёна), жамоат учун зикри жаҳрийни (баланд овозда) афзал кўрарди .

Нақл этилишича, кунлардан бир кун Мавлоно Ҳофизиддин (бу зоти шариф Хожа Муҳаммад Порсонинг боболари ҳисобланадилар ) Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийга бир мажлисда қуйидаги саволни бердилар: “Ҳазрат, сиз нимага асосланиб алония (жаҳрия) зикрини танладингиз?” Бу мажлисда жуда кўп бухоролик уламо, фузалолар иштирок қилган экан. Хожа Маҳмуд дейдилар: “Бу зикр услубини танлаганимизнинг сабаби шуки, токи ухлаганлар уйғонсин. Алар ғафлатдан кутулиб шариату тариқат қонунларига доимий бўйсунувчи бўлсинлар. Ҳақиқий тавба шарафига муяссар бўлиб, икки дунё саодатига етишсунлар!”

Мавлоно бундай асосли жавобни эшитгандан сўнг: “Сизнинг йўлингиз тўғридур, ҳакдур ва бу машғулот сизга ҳалолдур!” - деб тан берадилар. Худди шу мажлисда Мавлоно Ҳофизиддин яна Хожа Маҳмудга илтимос қиладиларки, алония зикри таърифини бизга баён айланг. Кимнинг бундай зикрга амал этишга ҳаққу ҳуқуқи бор? Хожа дедиларки, алония зикри билан шундай киши машғул бўлсинки, унинг тили ёлғон гаплардан ва ғийбатдан пок, оғзи ҳаром ва шубҳали таомдан пок, дили риёдан пок, қулоғи ҳаром - ҳариш, беҳуда сўзлар эшитишдан пок, боши Аллоҳ таолодан бошқа зот хаёлидан пок бўлиши лозим!

Бу жавоблар Мавлоно Ҳофизиддинни ҳам, мажлис ахлини ҳам қониқтирган. Ушбу жавоблардан Хожа Маҳмуднинг илмлари, |фаросатлари, акллари нақадар юксаклигини билса бўлади.

Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий ҳазратларининг энг етук шогирдлари Ҳазрат Хожа Али ар Ромитаний ҳисобланадилар. Хожа, Али ар Ромитаний даврида бир дарвеш бор экан, ул дарвеш Ҳазрат Хизр алайҳиссалом билан учрашиб сўрабти: “Бу асру айёмда этагини тутишга арзийдиган, Ҳақ йўлидаги пир ким? Токи унга эргашайлик” Хизр алайҳиссалом шундай жавоб берибдилар: “Ҳозирги асру айёмда замонанинг Шайхи Ҳазрат Маҳмуд Анжир Фағнавийдурлар!”

“Рашаҳот”да таъкид-ланишича, Хизр алайҳис-саломни кўриб юқоридаги саволни берган зот Хожа Али ар Ромитанийнинг ўзлари экан. Лекин камтарлик юзасидан бу воқеани бошқа бир дарвеш номидан эълон қилганлар.

Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий соҳибкаромат авлиё бўлганлар.

Накл этилишича, Хожа Али Ромитанда бир гуруҳ асҳоблари билан зикр ила машғул эдилар. Ногоҳ аларнинг устида катта оқ рангли қуш пайдо бўлди ва фасеҳ (бурро) тилда деди: “Эй Али, мардона бўл!” Барча асҳоб бу қушни кўриб, унинг гапини эшитдилар ва аларга ажиб бир кайфият пайдо бўлди, ҳаммалари ҳушдан кетдилар. Асҳоблар ҳушларига келгандан сўнг Хожа Алига дедиларки, бу оқ қуш воқеасини бизга баён қилинг. Хожа Али дедилар: “Бу куш Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий ҳазратлари бўладилар. Бу маҳал ул зот Хожа Деҳқон Қалтий ҳузурларига боряптилар. Хожа Деҳқон Қалтий Хожа Авлиё Кабирнинг халифалари ҳисобланади. Хожа Деҳқон Қалтийнинг вафотларига яқин қолган. У киши Аллоҳ таолодан сўнгги нафасим яқинлашганда дўстларингдан, яъни аҳлуллоҳлардан бирини бошим тепасига ҳозир эт, токи рехлатим осон кечсин, деб сўраган экан. Шу боис Хожа Маҳмуд у кишининг ёнига учиб бордилар.”

Ҳазрат Махдуми Аъзам Даҳбедийнинг «Мақомати Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» асарларида ёзилишича, ҳар гал Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий: Ё Раббий!» - десалар, Ҳазрат Борий таолодан: «Лаббай, ё абди! (Лаббай, эй менинг бандам!)” деган бевосита жавобни эшитардилар.

Худди шу “Мақомот”да баён қилинишича, Шайтон алайҳи лаъна Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий ёнларида ўн икки йил, бу зоти шарифни йўлдан оздираман, деб ният килиб юрди. Иттифоко, бир кун ярим тунда Ҳазрат Хожа Маҳмуд Ҳазрат Абдулхолиқ Ғиждувоний мозорлари зиёратига келдилар. Шайтон алайҳи лаъна қўлига шамъни олиб у кишидан олдин борар эди. Шайтон алайҳи лаъна фурсатни ғанимат билиб савол берди: “Сулукда қирқ сайрнинг микдори қанча бўлгай?” (Бундай саволдан мақсад шу эдики, Хожа Маҳмуд: “Бир ман!”- деб жавоб берсинлар. Зеро бу ерда “ман” ҳам ўлчов бирлиги, ҳам манманлик маъносида келади. Шайтон алайҳи лаъна бундай жавобдан сўнг Хожани мазах қилиб: “Тариқатда ҳали хом экансиз, вояга етмаган экансиз!” демоқчи эди.) Ҳазрат Хожа Маҳмуд Шайтон алайҳи лаънанинг ғаразли ниятини сезиб, дедилар: “Саккизта беш сайр бўлгай!” Бундай жавобни кутмаган Шайтон алайҳи лаъна тупроқни бошига сепиб, наъра уриб, фарёд қилиб деди: “Ўн икки йилдан бери зўр уриб, бу кишини йўлдан оздиролмадим, ҳийла-найрангларим ўтмади. Энди бу ерда қолишим бефойда!”

Ҳазрат Хожа Маҳмуд Анжир Фагнавийнинг жуда кўп кароматлари ҳақида маълумотлар берилган. Нақл этилишича, бир кун қишнинг чилласида Ҳазрат Хожа Ориф ар Ревгарийнинг хонақохдарига Яман мамлакатидан шайхлар меҳмон бўлиб келади. Улар суҳбат асносида Бухоро анжирини мақтайдилар ва анжир егилари келганини билдиради. Ҳазрат Хожа Ориф зудлик билан бир муридларини Вобкентга Хожа Маҳмуд ҳузурларига юбориб, анжир келтиришни буюрадилар. Хожа Маҳмуд кўмилган анжир танасининг остидан кесакларни олиб, бир саватга соладилар-да, саватни матога ўраб берадилар ва муридга тайинлайдилар: “Ушбу саватни Ҳазрат Хожа Ориф ёнларига борганда очинг!” Рўмол Хожа Ориф ҳузурларида очилганда, ҳозиргина узилган анжирлар бор эди. Бу ҳолни кўриб шайхлар ва барча давра аҳли ҳайратланди. Ҳазрат Хожа Ориф муридлари Хожа Маҳмуднинг мана шу кароматларини кўрганларидан сўнг, иршод (яъни шайхлик, пирликка ижозат) хати ёзиб бердилар ва Хожа Маҳмуд муридлар тарбияси билан шуғулланадиган бўлдилар.

Хожа Маҳмуднинг Саййид Умар исмли ўғиллари бўлиб, ул зоти шарифдан бир неча фарзандлар туғилган. Уларнинг ҳаммалари илмда ва одобда кишиларга намуна эди.

Ҳазрат Хожа Маҳмуд Анжир Фагнавий 1286 йил вафот қиладилар.   Шуни таъкидлаш жоизки, Хожа Маҳмуднинг жасадлари Вобкент туманининг Анжир Фағни қишлоғида дафн қилинган. Чунки барча муътабар манбаларда Хожа Маҳмуд зиёратгохлари Анжир Фағни қишлоғидадир, деб ёзилган.

“Туҳфат аз зоирин” китобида Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийнинг авлодлари ҳақида ҳам маълумотлар бор. Ушбу китобда ёзилишича, Хожа Муҳаммад Ширин Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийнинг авлодларидир. Хожа Муҳаммад Ширин Ҳазрат Шоҳ Ахсавийнинг (ваф. 1601) муридлари эди. Хожа Муҳаммад Ширин бир неча йил Ҳазрат Шоҳ Ахсавийга хизматлар қилдилар ва у кишининг вафотларидан сўнг солик (яъни тариқат йўлига кирган)ларнинг раҳбари бўладилар. Хожа Муҳаммад Шириннинг қабрлари Бухоро вилояти Қоракўл туманидадир .

Хожа Маҳмуднинг биринчи халифалари Мири Хурд, иккинчи халифалари Ҳазрат Хожа Али ар Ромитаний ҳисобланадилар.

Хожа Мири Хурднинг исмлари Амир Хусайндир. Хожа Мири Хурднинг акалари Амир Ҳасан бўлиб, Мири Калон номи билан машҳур. Лекин Ҳазрат Маҳмуд Анжир Фағнавий вафотларидан сўнг халифалик Мири Хурдга насиб этди.

 Хожа Мири Хурд авлодлари Бухоро шаҳрида, Вобкентда бор. Пойи Остона гузарида истиқомат қилган Насрулло Яҳёев Мири Хурднинг авлодлари ҳисобланади.

“Кўнгил дўстлари” китобида ёзилишича, Хожа Ориф Ревгарий ҳазратларининг дарсларидан ва суҳбатларидан Хожа Маҳмуд камолга етди. Моддий ва маънавий илмларда замоннинг буюк олимларидан бўлдилар. Одамларни иршод этмоқ, саодат йўлини кўрсатмоқ учун муршиди комил ижозат берди. Кўп олим етиштирдилар. Минглаб одамларнинг залолатдан ҳидоятга, саодатга эришишларига сабабчи бўлдилар. Етиштирган олимларининг энг буюги ва ўзларидан сўнг халифаси (ўринбосари) Хожа Али ар Ромитаний ҳисобланадилар.

Маълумки, хожагон-нақшбандия тариқатидаги “Силсилаи шариф”нинг ўн иккинчи ҳалқасининг пири Ҳазрат Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий бўлсалар, ўн учинчи ҳалқасининг пири Ҳазрат Хожа Али ар Ромитаний ҳисобланадилар. Хожа Али ар Ромитанийнинг касблари тўқувчилик эди.

Ҳазрат Хожа Али ар Ромитанийдан сўнг муридлар тарбияси билан Ҳазрат Бобойи Самосий шуғулланганлар.

Шуни ҳам таъкидлашни истардикки, собиқ шўролар замонасида Бухоройи шарифнинг бошқа зиёратгохлари каби Ҳазрат Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий зиёратгоҳи ҳам хароб этилган, ташландиқ ҳолда эди. Хожа Маҳмуд жомеъларида намоз ўқиш таъқиқланиб, бу обида жамоа хўжалигининг омборига айлантирилганди. Табаррук чашма-қудуқ кўмиб ташланган, таҳоратхона, меҳмонхона, дарвозахоналар бузиб йўқотилганди. Жомеъдаги ноёб қўлёзма китоблар талон-тарож қилинганига кексалар гувоҳ. Ҳазрат Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий қабрлари устида бир савобталаб киши беш болор уйча бино этиб, унинг томини шифер билан ёпган эди. Шифернинг ёриқларидан қабр устига ёмғир-қор ўтиб турарди. Меҳмонларни ушбу зиёратгоҳга элтишга одам уяларди. Дарвоқе, Хожа Маҳмуд қабрлари зиёратига келмоқ ҳам таъқикданган эди. Истиқлол шарофатидан Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий зиёратгоҳларида Юртбошимизнинг ташаббуслари билан ободончилик ишлари бошланди. 1999 йилда ушбу зиёратгоҳда вилоят бош архитектори М. Қ. Маҳмудов лойиҳаси асосида янги мажмуа қад ростлади. Икки қаватли янги мақбара, ҳовуз, янги жомеъ масжид, меҳмонхона, дарвозахона, ошхона, ва бошқа иншоотлар бунёд қилинди. Хожа Маҳмуд мажмуалари атрофида гўзал боғ, гулзор барпо этилгандир. Вилоят ҳокими С. Қ. Ҳусенов ушбу бунёдкорлик ишларида бош-қош бўлди. Саховатпеша тадбиркор, фермер, тижоратчи, ҳунарманд ва бошқа юртдошларимиз Хожа Маҳмуд мажмуаларини қурилишида беминнат хизмат қилдилар. Ҳазрат Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий жомеълари намозхонлар ихтиёрига берилган. Мазкур жомеъда намозхонлар ҳар ибодатдан сўнг Аллоҳ таолодан мустақиллигимизни мустақиму пойдор бўлишини сўраб дуо қилмоқда. Бу ерда этилган дуолар ижобатдир.

Нуроннй юз, хуш сурат бўлган,

Хизр билан ҳамсуҳбат бўлган,

Айтган сўзи пурҳикмат бўлган

Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий!

 

Олиб Хожа Орифдан сабоқ,

Билиб Хожа Жаҳонни маёқ,

Авлиёга айланди шу чоқ

Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий!

 

Баланд эди Хожада ҳиммат,

Оқ Қуш янглиғ учди - каромат!

Элни Ҳаққа бошлади фақат

Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий!

 

Етимларга берди бошпана,

Йиқилганни қўллади ёна,

Ҳақ зикрини айтди у қона,

Хожа Маҳмуд Анжнр Фағнавий!

 

“Хожа ёмон!”-деганлар - ёмон!

Шўроларнинг шиори ёлғон!

Барбод бўлди аларнинг замон!

Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий!

 

Ҳаққа етди фиғону оҳлар,

Кўмди неча чоҳканни чоҳлар,

Обод бўлди зиёратгоҳлар,

Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий!

 

Истиқлолнинг шарофати бу,

Юртбошимнинг жасорати бу!

Ватан озод, юрт обод мангу!

Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий!

 

Садриддин ҳам куйламоқдадир,

Юрт иқболин уйламоқдадир.

Ҳақиқатни суйламоқдадир,

Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий!

 

С.С.Бухорий

 

 

 

«Хожа Махмуд Анжир Фагнавий» 

жомеь масжиди имом хатиби :              Ғ. Очилов.

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 06:00
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram