Аллоҳ таоло азизу-мукаррам қилган инсон зоти.
20 феврал 2017 й.
2722 марта ўқилди.

              Аллоҳ таоло азизу-мукаррам қилган инсон зоти.

 
Инсон зотини жамики мавжудоту-махлуқотлар орасида азизу-мукаррам қилиб яртган Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримиз фахри коинот Расулуллоҳ (с.а.в) ва ул зотнинг аҳли байтларига дуруду салавотлар бўлсин!
Аллоҳ таоло яратган жамики мавжудоту-махлуқотлар орасида инсонни энг азизу-мукаррам қилиб яратди.Фақатгина яратиб қўймасидан, балки ер юзидаги барча нарсаларни инсонга мусаххар (бўйинсиндириб) қилиб қўйди ва инсонларнинг ер юзида умргузаронлик қилишликлари учун, уларга барча нарсани муҳайё қилди.  
Инсонниг яралишининг ўзи бир гўзал ҳолатдир.Бир парча лаҳта қондан гўзал кўринишдаги, чиройли шаклу-шамойилдаги, барча аъзолари ўзига мутаносиб ҳолатдаги инсонни яратиб қўйган. Бу ҳақда Аллоҳ табарока ва таоло Ўзининг муборак каломи шарифида шундай деб марҳамат қилади:
خَلَقَ الْإِنْسَانَ مِنْ عَلَقٍ 
(У) инсонни лахта қондан яратди.
(Алақ сураси, 2-оят)
لَقَدْ خَلَقْنَا الْإِنْسَانَ فِي أَحْسَنِ تَقْوِيم                   
Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик.
(Тийн сураси 4-оят)  
Яна бир муборак ояти каримада шундай марҳамат қилинади:
وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آَدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلًا 
Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик.                       
  
Расулуллоҳ (с.а.в) ҳам ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида шундай деб марҳамат қиладилар:
"Мўъмин банда Аллоҳ таолонинг наздида фаришталардан ҳам мукаррам ва афзалдир".
   Ушбу ҳадиси шарифда инсоннинг мартабаси, мақоми нақадар улуғ эканлиги зикр қилинияпти. Албатта фаришталар фақатгина Аллоҳ таолога ибодат қилишлик ва баъзи махсус вазифаларни бажаришлик учун яратилган. Фаришталарга ақл, онг ато қилинган. Аммо улар турли хил шаҳвоний ҳирслардан, нафсдан ҳоли ҳолатдадир. Ҳайвонларда нафсу-шаҳват бору, лекин ақл йўқ. Аммо одамзот уларнинг иккаласидан ҳам (фаришталар ва ҳайвонлардан) фарқ қилади. Яъни, инсонга ҳам ақлу-заковат, фаҳму-фаросат ва шу билан биргаликда нафсу-шаҳвоний ҳирс ҳам ато қилинган. Албатта  инсониятга ато қилинган ақлу-заковат, фаҳму-фаросат уни хайрли, савобли амалларга чорлайди. Унинг нафсу-шаҳвати эса фақатгина нафсоний ҳирсларни қондиришликка, шу билан биргаликда инсонни турли хил жирканчлигу-ифлосликка, фисқу-фасодга, гуноҳу-маъсиятга ундаб туради. Ҳаттоинки нафс ўзининг шаҳвоний ҳирсини қондириш учун инсониятни ҳар қандай гуноҳу-маъсиятга чорлаб туради. Агар инсоннинг ақлу-заковати, фаҳму-фаросати нафсоний ҳирсу-шаҳватлардан ғолиб келса, ўша инсон фаришталардан кўра аълороқ, улуғроқ мақомга эга. Агар бордию инсоннинг нафсоний ҳирсу-шаҳвати унинг ақлу-заковатидан, фаҳму-фаросотидан кўра устун бўладиган бўлса, бундай инсон ҳайвонданда баттарроқ мақомга тушуб қоларкан. Аллоҳ таолонинг Ўзи барчаларимизни нафснинг қули бўлиб қолишликдан асрасин!
         Улуғларимиздан бирлари муборак Каъбага юзланиб дуоларида Аллоҳдан фақатгина бир нарсани сўраётган эканлар: "Эй Аллоҳим нафсимни ўзимга қул қилиб бергин". Шунда ёнларида ўтирган бир киши ул зотдан сўраган экан: "Эй улуғ зот сиз ушбу дуодан бошқа дуони билмайсизми?". Шунда ул улуғ зот жавоб берган экан: "Албатта инсон ўз нафсининг қулига эмас, балки нафс инсоннинг қули бўлиши лозим. Агар бордию инсон ўз нафсининг қули, нафсининг бандиси бўладиган бўлса, ўша нафс ўз соҳибини ҳалокатга олиб боради. Унинг жойи жаҳаннамда бўлади. Кимники Аллоҳ таола ўзининг нафсини бошқара оладиган қилиб қўйган бўлса, яъни инсон ўзининг нафсини гуноҳу-маъсиятдан сақлай олса, бу улуғ неъматдур. Чунки барча гуноҳларнинг, осийликларнинг, фисқу-фасодларнинг асосий бош сабабчиси инсон ўз ҳавои-нафсини тия олмаслигидан келиб чиқади. Ушбу жамиятда яшаб турган ҳар биримизнинг қиладиган ишимиз қалб поклигига эътибор беришдан иборат. Яъни, қалбни турли хил гуноҳу-маъсият ишлар билан эмас, балки эзгу, савобли амаллар билан, иймон нури билан бойитиб, покизалаб, уни нурафшон этиб боришлигимиз лозим бўлади. Шундагина биз, қалб мусаффолигини таъминлаган бўламиз.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таола гоҳида Ўзининг бандаларини, шу жумладан сизу-бизларни ҳам бу ҳолу-ҳаётлик чоғимизда турли хил қийинчилигу-машаққатлар билан, оғирлигу-енгилликлар билан, дарду-аламлар билан синаб, имтиҳон қилиб кўрар экан. Албатта ушбу имтиҳону-синовлардан ўтишлик ҳар бир банданинг ўз сабру-қаноат, иродасига боғлиқдир.
Абу Ҳурайра (р.а) дан ривоят қлинади:"Набий (с.а.в): "Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни синовга учратур", дедилар".
Яна Абу Ҳурайра (р.а) дан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ (с.а.в): "Мусулмонга қай бир мусибат: ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан кириши ҳам етадиган бўлса, албатта Аллоҳ таоало ушбу ҳолатлар сабабидан ўша банданинг хатоларини каффорот қилур", дедилар".
Инсонниг қадри-қиммати ҳамма вақт, ҳар ерда улуғланиб келган. Ислом динида ҳам инсон қадри, унинг иззати жуда олий даражада кўтарилган. Шу жумладан, жонажон юртимизда чиқарилган ва чиқарилаётган турли қонун-қоидаларда, бош қомусимизда ҳам инсон обрўсига, унинг ҳақ-ҳуқуқларига алоҳида эътибор берилган.
      Албатта, яхшиликлар, эзгу-савобли амаллар, хайрли ишлар бардавом бўлиб турган диёрда, инсон қадри ҳамиша улуғланади ва ўша юрт тараққий этиб, юксалиб бораверади. Ўша юртда истиқомат қилувчи  инсонлар ўзаро ҳамжиҳатликда, меҳр-муруватда умргузаронлик қилаверадилар. Аллоҳ таолонинг Ўзи барчаларимизни турли хил бало-қазолардан, офатлардан, фитналардан Ўз паноҳида асрасин!  
 
Когон шаҳар “Шом” жомеъ
масжиди имом-хатиби Иллиев Олим.
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 05:58
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram