БАРОАТ КЕЧАСИ
18 апрел 2019 й.
215 марта ўқилди.

 

БАРОАТ КЕЧАСИ

Ҳижрий-қамарий тақвимнинг саккизинчи ойи Шаъбондир. Шаъбон ойининг 14-дан 15-га ўтар кечаси энг фазилатли тунлардан биридир. Бу кечани "Бароат кечаси" дейилади. 
“Бароат” сўзи араб тилида “озод бўлиш”, “нажот топиш”, “қутулиш”, “халос бўлиш” деган маъноларни англатади. Бу кечанинг бароат, яъни нажот топиш, озод бўлиш кечаси дея номланишига сабаб, унда Аллоҳ таолонинг раҳмати сабабли беҳисоб инсонлар дўзахдан нажот топадилар, Аллоҳнинг азобидан қутулиб қоладилар. 
Бароат кечасида бир йил ичида бўлажак ишлар ҳақида қазою ҳукм қилиниб, бандаларнинг ажали ва умр белгиланади, уларнинг амал саҳифалари Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтарилади. Шу куни Аллоҳ таолонинг раҳмати ер юзига ёғилади.
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен: "Ё, Расулуллоҳ, сизни ҳеч бир ойда шаъбон ойидаги каби кўп рўза тутганингизни кўрмадим?" деб сўраганимда, у зот: "Бу ой ражаб билан Рамазон ўртасидаги ой бўлиб, одамлар ундан ғафлатда қолади. Ҳолбуки, барча амаллар оламларнинг Роббисига мана шу ойда кўтарилади. Мен эса рўзадор бўлган ҳолатимда амалим кўтарилишини истайман", дедилар» (Имом Насоий ва Абу Довуд ривояти).
Демак бу ойда рўза тутган кишига янада кўпроқ савоб берилар экан.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон Шаъбон ярми кечаси бўлса унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар. Чунки, ўшанда, Аллоҳ қуёш ботиши пайтида дунё осмонига тушади ва: «Қани, истиғфор айтувчи борми? Мен унга ризқ берурман. Қани балога учраган борми? Мен унга офият берурман. Қани фалончи, қани фистончи?» дейди. Токи, тонг отгунча шундоқ бўлади», дедилар». (Ибн Можа ривоят қилган).
Шаъбон ойида солиҳ амалларни кўпроқ қилишга тарғиб этилишидан мақсад, бандаларни келаётган Рамазон ойига жисмонан ва руҳан тайёрланиб бормоқларини таъминлаш ҳамдир.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кечалардан бирида йўқотиб қўйдим. Сўнг у кишини излаб чиқдим. Қарасам, У зот Бақиъ қабристонида бошларини осмонга кўтариб турган эканлар. «Эй, Оиша, Аллоҳ ва Унинг Расули сендан четлашидан хавф қилдингми?» дедилар. «Сиз баъзи аёлларингизга боргансиз, деб гумон қилувдим», дедим. «Албатта, Аллоҳ Шаъбоннинг ярмидаги кечада дунё осмонига тушади ва Калбнинг қўйлари жуни ададидан кўпроқни мағфират қилади», дедилар. (Ибн Можа, Термизий ва Аҳмад ривоят қилган).
Бани Калб қабиласи ўша вақтда сурув-сурув қўйлари билан машҳур бўлган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаъбон ойининг ярмида Аллоҳ таоло ниҳоятда кўп гуноҳларни мағфират қилишини ифодалаш учун ана шу қўйларнинг жунини мисол қилиб келтирганлар.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ Шаъбон ярмидаги кечада қараб кўриб жамики махлуқотларини мағфират қилур. Магар мушрик ва хусуматчи бундан мустаснодир», дедилар. (Ибн Можа ва Аҳмад ривоят қилган).
Ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси дунё осмонига (Ўзининг шаънига мувофиқ) тушади ва Аллоҳга ширк келтирган ва қалбида гина, қудрат бор кишидан бошқа барчани мағфират қилади”, дедилар”. (Имом Байҳақий ривояти). 
Бундан бошқа ҳадиси шарифларда ҳам бароат кечасининг фазилатлари баён этилган. Биз ана шу кечани ғанимат билиб, ибодат қилишимиз, тиловат ва зикрда бардавом бўлишимиз, дуолар қилишимиз зарур бўлади. Аллоҳ таоло яхши умид билан кўтарилган қўлларни асло қуруқ қайтармайди.

Ромитан туман “Маҳаллаи боло” жомеъ 
масжиди имом хатиби Ғайрат Нажмиддинов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:40
Куёш: 05:19
Пешин: 13:10
Аср: 18:15
Шом: 20:00
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram