Башарият саййиди...
05 декабр 2017 й.
3562 марта ўқилди.

Башарият саййиди...

Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни оламларга раҳмат қилиб юборган ҳақ таолога Ўзининг жалолига яраша ҳамду санолар бўлсин!.
Оламларга раҳмат қилиб юборилган Муҳаммад Мустафога Аллоҳ таолонинг батамом ва баркамол саловотлари ва саломлари бўлсин!.

Аллоҳ таоло «Анбиё» сурасида: «БИЗ СЕНИ ФАҚАТ ОЛАМЛАРГА РАХМАТ ҚИЛИБ ЮБОРДИК», деган (107 - оят).

Аллоҳ таоло бу ояти каримада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилмоқда. Эй Муҳаммад, Биз сени Пайғамбар этиб юборишимиздан мақсад – фақат оламларга раҳмат бўлишингдир.

Аллоҳ таоло Одам отадан бошлаб бандаларига улар бир уммат-дин бўлишлари учун юбориб келаётган Пайғамбарлар силсиласини Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ниҳоясига етказди.

Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни инсоният ўсиб-улғайиб камолга етган пайтида мукаммал ва баркамол Ислом ила юборди. 
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни барча оламларга раҳмат қилиб юборди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган дин, Қуръон, таълимотлар барча оламларга раҳмат-шафқатдир. Жамодот ва наботот оламига ҳам, ҳайвонот ва инсонлар оламига ҳам, яна бошқа оламлар бўлса, уларга ҳам раҳматдир. Ҳам бу дунёнинг раҳмат-шафқати, ҳам у дунёнинг раҳмат-шафқатидир. Буни фаҳмлаб олиш қийин эмас. Ислом таълимотларига бир назар солишнинг ўзи кифоя. Бутун оламларга меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат улардан балқиб турганини ҳар қандай одам дарҳол пайқаб олади.

Ҳар бир мўмин банда билиб қўйиши лозим бўлган ҳақиқатлардан бири камолот сифатлари ила энг олий даражада сифатланган ва хулқланган банда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Шунинг учун ҳам мўмин банда барча ҳимматини ишга солиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари билан хулқланишга ҳаракат қилиши керак. Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашса, ҳеч шубҳасиз камолотнинг чўққисига эришади. У киши ҳар бир нарсада, ҳар бир сўзда, ҳар бир ишда мўминлар учун гўзал намунадирлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари билан хулқланиш учун Қуръони Карим ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва сийратларини яхшилаб ўрганиш керак. У зотнинг хулқлари Қуръон эди. Оиша онамиздан у кишининг хулқлари ҳақида сўрашганда, «Хулқлари Қуръон эди», деб жавоб берганлар. Яъни Муҳаммад алайҳиссалом Қуръондаги олий хулқлар билан хулқланганлар. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам Қуръондаги барча яхши одоб-ахлоқни ўзларига сингдирганлар.
Пайғамбаримизнинг ўзлари «Мен яхши хулқларни батамом қилиш учун юборилганман», деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари доимий равишда Аллоҳ таолодан ўзларини гўзал одоблари ва карамли хулқлар билан зийнатлашини сўраб юрар эдилар. У зот ўз дуоларида «Эй Аллоҳим! Менинг хулқимни ва халқимни гўзал қилгин», дер эдилар. Шунингдек У зот «Эй Аллоҳим! Мени инкор қилинган ахлоқлардан четда қилгин», дер эдилар. Аллоҳ таоло У зотнинг бу борадаги дуоларини қабул қилди.

Аллоҳ таоло У зотга барча гўзал ахлоқларни, мақталган йўлларни ва аввалги ҳамда охиргиларнинг хабарларини таълим берди. Охиратдаги нажот йўлини, бу дунёдаги ютуқ йўлини ўргатди. Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишни, У зотдан ўрнак олишни насиб этсин!.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳақларида, у кишининг фазилатлари тўғрисида қанча гапирсак, шунча оз. Суюкли Набийимиз таваллуд топган муборак Раббиул-аввал ойи юртимиз узра соя ташлаб турибди. Масжидларда, мадрасаларда, қолаверса ҳар бир мўъмин-мусулмоннинг уйида ҳабибимиз Муҳаммад с.а.в.нинг муборак исмларига салавотлар, Мавлуди шарифлар ўқилмоқда. Келинг, азизлар Пайғамбаримиз с.а.в.нинг сийратларини янада яхшироқ ўрганайлик, суннатларига эргашайлик, у кишига тинимсиз салавот айтишдан чарчамайлик. Аллоҳ таоло барчаларимизни у зотнинг хулқлари билан хулқланиб яшашимизни насиб этсин. У зотга эса чексиз саловот ва саломларини юборсин. Омин!.

 

“Жўйбори калон ” аёл-қизлар ўрта-махсус ислом

билим юрти мударрисаси Иноятова Мафтуна

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 06:01
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram