ЧАҚИМЧИЛИК ҲАҚИДА
20 феврал 2017 й.
3139 марта ўқилди.

 ЧАҚИМЧИЛИК ҲАҚИДА

 
 
 
         Жамиятимиз ичида оз бўлса-да тарқалган иллатлардан бири бу чақимчиликдир. Чақимчилик араб тилида «намийма» дейилади. Уламолардан Имом Нававий чақимчиликни қуйидагича таърифлайдилар: «Чақимчилик бузғунчилик йўли билан одамларнинг гапини бир-бирига етказишдир».
 
Чақимчи бошқанинг гапини бошқага бузғунчилик ниятида етказади. Кўп ҳолларда чақимчилик ҳасад кўролмаслик каби иллат сабабидан пайдо бўлади. Чақимчи одам бошқа бировнинг мансаби, обру-эътибори, ширин турмуши ёки бошқа фазилатларига ҳасад қилиб, ундан бу неъматларнинг олиб қўйиш йўлларини ахтаради. Оқибатда чақимчилик қилиб, ўша одамнинг обрў эътиборига футур етказишга ҳаракат қилади. Мисол учун бир корхонада ишлайдиган ходимлардан бири ўзига ўхшаган бошқа ходимнинг омад-ютуқларига ҳасад қилади. Нима учун икковимиз ҳам бир вақтда иш бошлаган бўлсак, бир хил ишласак, аммо касбдошимнинг мансаби ўсиб бораяпти, омади келаяпти. Мен эса ҳали ҳам оддий ходим бўлиб юрибман. Тезда бунинг чорасини кўриш керак – деган уй хаёллар билан ўша омади келган дўстига нисбатан турли-туман иғво – фитналар режасини ишлаб чиқаради. Ишхона жамоаси орасида у ҳақида турли гап – сўзларни тарқатади. Бошлиққа унинг сўзлари ва ишларини ёмонликка буриб етказади. Натижада қип-қизил чақимчига айланиб қолади.
 
Чақимчи одам асосан иккиюзламачи бўлади. Бировга у юзи билан, бошқага бу юзи билан келади. Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади. У киши Расулуллоҳ с.а.в.нинг «Албатта, одамларнинг ёмони иккиюзламачи кишидир. Анавиларга бир юз билан келади ва манавиларга бир юз билан келади», деганларини эшитган эканлар. Аммор р.а.дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ с.а.в.: «Кимнинг бу дунёда икки юзи бўлса, қиёмат куни унинг оловдан бўлган икки тили бўлади», дедилар. Бу дунёда икки томонга икки хил гап ташиб, чақимчилик билан машғул бўлганлар охиратда тил азобига дучор бўлар экан. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда, Набий с.а.в. «Энг яхшиларингизни айтиб берайми?» дедилар. «Ҳа» дейишди. «Кўрилганларида Аллоҳ зикр қилинадиганлар» дедилар. «Энг ёмонларингизни айтиб берайми?» дедилар. «Ҳа» дейишди. «Чақимчилик қилиб юрадиганлар, муҳаббатли кишиларнинг орасини бузадиганлар, пок, бегуноҳ одамларга оғирлик келтирадиганлар» дедилар. Кўриниб турибдики, чақимчи энг ёмонлар тоифасининг рўйхатида биринчи турар экан. Шунинг учун бу иллатдан ўзимизни эҳтиёт қилишимиз, бировларнинг гап-сўз, ҳатти-ҳаракатларини бошқаларга етказиб, чақимчилик қилиб, ўзига қандайдир яхшилик орттириш йўлига зинҳор юрмаслик керак.
 
 
 
 
 
«Хўжа Абдуллоҳ Сафидмўй»
масжиди имоми: Муқаддамов Ж. 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 06:01
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram