Фирқаланиш тарихи
15 ноябр 2019 й.
1355 марта ўқилди.

 

 Фирқаланиш тарихи

 Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг Абу Бакр Сиддиқ Умар ал-Хаттоб ҳамда Усмон ибн Аффон разияллоху анҳумларнинг  даврларигача мусулмонлар орасида тафриқа юз бермаган. Аммо бу пайтларда ислом диёрлари ниҳоятда кенгайиб, турли халқлар, хилма-хил тоифадаги одамлар исломга кира бошлаган эдилар. Ана шу даврларга келиб мусулмонлар орасида тушунмовчилик сабаб бўлиб  баъзи фитналар натижасида соф исломий ақийдадан четга чиқиш ва ундан оғиш ҳолати пайдо бўла бошлаган. Дастлабки тафриқа Али разияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида пайдо бўлган. Бу зотнинг халифалик даврларида мусулмонлар ўртасида бўлиб ўтган "Жамал" ва "Сиффин" фитналаридан кейин "Таҳким" воқеаси вужудга келган. Ушбу 'Таҳким" воқеасидан сўнг бир гуруҳ кимсалар: "Ҳукм - ҳоқимлик фақат Аллоҳникидир" (Юсуф сураси, 40-оят) ояти каримасини далил қилишиб, унга амал қилиш даъвоси билан мусулмонлар оммасидан ажралиб чиққанлар.
Мусулмонлар оммасидан ажралиб чиққан бу тоифа "хавориж", яъни "ихтилоф солувчилар" дея ном олганлар. Али разияллоҳу анҳу уларнинг даъволарини эшитиб: "Сўзлари ҳақ лекин ҳақ сўз билан ботил нарса ирода қилиняпти" деганлар.
Кейинчалик Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ҳазрати Алининг хаворижларга нақадар аниқ таъриф берганларини эътироф этиб: "Агар Али разияллоҳу анҳу бўлмаганида хаворижлар кимлигини танимаган бўлар эдик" деганлар.
Али разияллоҳу анҳунинг ана шу сўзлари кейинчалик жуда машҳур бўлиб кетган. Чунки хаворижлардан кейин чиққан фирқаларнинг аксар қисмида ана шу каби ҳақ сўз билан ботилни ирода қилишлик бўлган. Хаворижлар ҳаракати омма мусулмонларнинг қилган саъй-ҳаракатлари туфайли тезда барҳам топган. Шундан сўнг мусулмонлар ўртасидаги ихтилофларни бартараф этиш ва тафриқаларнинг олдини олишга катта эътибор берилган.
Тобеъинлар даврида ҳам исломий қоидалар китобат қилинмаган, асосан масжидлар ва давраларда атоқли олимлар томонидан ровийларининг нақлларини аниқ, қилиб ёддан нақл қилинар эди. Ана шундай атоқли олимлардан бири, тобеъинларнинг даврларидан саналган Ҳасан Басрий (642-728 мил.й.) раҳматуллоҳи алайҳ эдилар. Бу зотнинг шогирдларидан Восил ибн Ато (699-748 мил.й.): "Гуноҳи кабира қилган мўъмин иймондан чиқади, лекин куфрга кирмайди, балки куфр ва иймон ўртасида бўлади", деган даъвода ўзининг тарафдорлари билан Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи дарс ҳалқаларидан ажралиб кетган. Омма мусулмонлардан ажралган бу тоифа "муътазилий" (ажралиб чиққанлар), дея атала бошланган. Бу тоифа ботил  қарашларини тарқатишга уринган вақтда омма мусулмонларнинг қаттиқ қаршилигига қарамаган. Ҳатто  баъзи даврларда "шаккоклик" деб эълон қилишди. Ҳақ йўлдан озган бу тоифа ҳам бора-бора йўқолиб кетган. VII аср охирларида яна бир тоифа: "Инсон бирон нарсани ўз ихтиёри билан қилмайди, балки ҳамма нарсани Аллоҳнинг можбурлаши билан амалга оширади", деган даъвони кўриб чиққанлар ва бузуқ даъволарига кўра жабарий" (мажбурийлар), деб ном олганлар. Булардан кейин ҳам турли ерларда хилма-хил бузуқ даъволари билан кўплаб фирқалар ажралиб чиққан.
Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, мусулмонлар оммасидан ажралиб чиққан тоифаларнинг барчасини ё ўзларининг сифатлари билан, ё қилаётган асосий даъволари билан, ё нотўғри фирқаларнинг дастлабки ташкилотчиси исмига нисбатан ном олганларини ва омма мусулмонлардан ажралиб, тўғри йўлдан адашганликлари туфайли бирма-бир йўқолиб кетганларини кўрамиз. Ҳар қайси даврда бўлмасин, ҳақ йўлдан озган тоифаларнинг маълум вақт ичида барҳам топишлари, омма мусулмонларнинг эса ҳақ йўлда бардавом бўлиб келишларига тарих гувоҳлик беради. Ана шу омма мусулмонлар мўътадиллик билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари йўлини маҳкам тутиб, «Аҳли сунна вал жамоа" номи билан ҳақ йўлда доимо собитқадам бўлиб келмокдалар. Зеро, бу жамоа Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам башорат берган ягона нажот топувчи уммат ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз, саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар: 
"Бани Исроил 72 тоифага бўлинди. Менинг умматим 73 тоифага бўлинади. Уларнинг барчаси дўзахда бўлади, фақат бир тоифа бундан мустаснодир, дедилар. Шунда (Саҳобаи киромлар):"Улар кимлар эй, Аллоҳнинг Расули", дейишди. "Менинг ва саҳобаларимнингйўлида бўлганлардир", дедилар. (Термизий ривояти.) 
Бу йўл- аҳли сунна – вал жамоат йўлидир .
Мазҳаббошимиз Нуъмон ибн Собит Имоми Аъзам (80-150 х) раҳматуллоҳи алайҳнинг "ал-Фиқҳул акбар" асарлари, Аҳмад ибн Муҳаммад Абу Жаъфар ат-Таҳовийнинг (238-321 ҳ.)  "ал-Ақийдатут-Таҳовий" асарлари, Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад Насафийнинг ( 5 17- ҳ. да  вафот этган) "Ақоид ун-Насафия" асарлари, (Сирожиддин Али ибн Усмон Ўшийнинг  (569- ҳ.да вафот этган) "Бадъул амолий" каби асарлари Аҳли сунна вал жамоъа эътиқодига доир энг мўътабар манбалар сифатида минг йиллардан  буён қўлма-қўл бўлиб келмоқда.
 
А.Нажмиддинов
Бухоро шаҳар Мир Араб мадрасаси мударриси,
Умар ибн Хаттоб жомеъ масжиди имом хатиби
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 05:58
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram