Ғийбатчи ва чақимчиларнинг аҳволи
08 феврал 2019 й.
1710 марта ўқилди.

 
Ғийбатчи ва чақимчиларнинг аҳволи

    Ғийбат – бир инсон ҳақида ёмонликларни, гарчи унда бўлсада, гапиришдир. Чақимчилик эса – одамлар ўртасини бузиш учун гап ташишдир. Чақимчиликнинг ғийбатдан фарқи, унинг бузғунчилик қасдида бўлишидир. Ғийбатда эса бу шарт йўқдир. Ғийбат – ўзининг сўз юритилаётган одамга нисбатан айтилган ёмон сўзлар билан ажралиб туради. Бошқа жиҳатларда ғийбат ва чақимчилик ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқдир.
    Ҳозирги кунда чақимчилик ва ғийбатнинг бозори одамлар ҳусусан аёллар ўртасида қизиган. Ғийбатчи, чақимчи ва одамлар ўртасида фасод ва бузғунчиликларни ёядиган, одамлар ўртасини гап ташиш билан бузадиган, ўрталаридаги меҳр-муҳаббатни нафрат-адоватга айлантирадиган одам – ўша одамлар энг бадбахт ва фосиқ одамдирлар. Улар бир тоифадан эшитган нарсаларини бошқа тоифага бошқача қилиб олиб борадилар. Уларнинг ўз хоҳишларига кўра сўзлайдиган тез ўзгарувчан тиллари бор. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таъоло уларни: "Барча кишиларга дилозорлик қилиб, уларнинг обрўларини тўкиб юрадиган бўҳтончи-ғийбатчига ҳалокат бўлгай", (ҳумаза сураси 1-оят) деб огоҳлантирди.
    Улар одамларни гаплари ва ҳаракатлари билан айблайдилар. Ҳолбуки улар, нафрат ва таҳқирга лойиқдирлар. Ахир улар бўҳтон, ғийбат, чақимчилик, хиёнат, гина, ҳасад ва алдовни тарк этмаяптилар. Шунинг учун ҳам, қабр азобининг сабабларидан бири – одамлар ўртасида гап ташиб чақимчилик қилишдир.
    Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Мадинада, атрофлари девор билан ўралган бир ердан ўтар эканлар, қабрларида азобланаётган икки одамнинг овозларини эшитдилар ва: "Улар азобланмоқдалар. Улар катта гуноҳ сабабли азобланмаяптилар, улардан бири ўз бавли сийдигидан сақланмас, бошқаси эса чақимчилик қилар эди", дедилар.
    Яна Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Мени Осмонга олиб чиқилганида юзлари ва кўкракларини тирнаётган мис тирнокли инсонларни кўрдим ва: "Эй Жибрил, булар кимлар?", дедим. Жибрил: "Улар – одамларнинг гўштларини еб, шарафларини булғайдиган одамлар", деди.
    Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бизга қабр азоблари уч қисмдан иборат эканини зикр қилдилар: "Учдан бири ғийбат, учдан бири сийдикдан сақланмаслик ва учдан бири чақимчиликдир".
    Ғийбатчи ва чақимчи бўҳтон гапириши аниқ бўлгани учун ҳам, бўҳтончи-каззобларга бериладиган жазолар билан огоҳлантирилгандир. Чақимчига қаттиқ жазолар ваъда қилинган. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: "Чақимчи жаннатга кирмайди, бу дунёда икки юзи бўлган одамнинг, Қиёмат кунида оловдан икки тили бўлади", деганлар.
    Абу Яъло разияллоҳу анҳу Оиша ва Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳумолардан, улар эса Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилдилар: "Бу дунёда биродарининг гўштини еган одамга Қиёмат кунида ҳам шу гўшт яқинлаштирилади ва унга: "Буни тириклигингда еган эдинг, энди ўлик ҳолда ҳам егин", дейилади ва у ейди-да, қош-қовоғи осилиб, фарёд чекади".
    Аллоҳ ўзи паноҳ берсин...

Каримов Олимжон
Пешку туман "Хўжа Пешку" 

жомеъ масжиди имом хатиби 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 06:01
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram