"ҲАЁ–БЕБАҲО ХИСЛАТ"
29 май 2020 й.
104 марта ўқилди.

 

"ҲАЁ–БЕБАҲО ХИСЛАТ"

Кейинги вақтларда аёлларимиз орасида либосдан ўзини кўз-кўз қилиш воситаси, дея баҳолайдиганлар кўпайиб қолди. Атрофга қарасак, аёлларимиз калта кўйлак, тор кийим кийишга уялмаётганларига гувоҳ бўламиз. Буни улар гўё қулайлик, деб ҳисоблашади. Ўқишга, ишга, умуман бирор юмуш билан уйдан чиқиб кетаётган қизимиз, келинимиз, синглимизнинг кийинишига разм солайлик. Тор, калта уст-бошлар, баъзан сал энгашса бели очиладиган даражадаги кофталар...
Унутмайлик, кўрар кўзга бу либослар ўша хонадондаги тарбия ҳақида маълумот беради. Шундай экан, ҳар бир аёл, у ким бўлишидан қатъий назар кўчага кийиниб чиқишидан олдин тафаккур қилсин. Чунки бу либос билан отаси, турмуш ўртоғи, укаси, қолаверса, ўғлининг ориятини кўтариб юради.
Замон зайлими ёхуд аёлларимиз майлими, кўйлакларнинг енги ва этаги қисқаргани сайин, ёқаси кенгайиб бормоқда. Бу на тиббиёт, на гигиеник ва на шариат талабларига жавоб бермайди. Илгари момоларимиз овозни кўтариб гапириш ёки кулиш, кишига тик қарашни ҳам беҳаёлик деб тушунишган. Бегонанинг олдида ўзларини кўз-кўз қилишмаган. Имкон борича назардан четда туришга ҳаракат қилишган. Албатта, бунинг ўз сабаблари бор. Келинг, бунга чуқурроқ назар ташлайлик: бугун аёлларимиз, ҳатто ёш қизларимиз орасида кўкрак саратони тобора кўпайиб бормоқда. Нега, деган саволга эса уни асосан, экология, камқонлик, ирсият каби омилларга боғлаймиз, бу ҳам тўғри. Бироқ, бу масаланинг яна бир сўроғи бор: нега бувилару оналаримиз даврида бу касаллик кам учраган. Бунга жавоб қуйидагича: улар танасининг бўйин ва кўкрак каби териси нозик қисмини имкон қадар ёпиб юришган. Бу аёл жисмини табиий зарарлар билан бирга, назардан ҳам асраган. Бу фикримиз кимларгадир эриш туюлиши мумкин. Аммо назар – бор нарса.
Халқимизда шундай нақл бор: «Назар туяни қозонга, одамни қабрга элтади». Шундан келиб чиқадиган бўлсак, ҳаё ва назар тушунчаларининг моҳиятини бир дақиқа бўлсада унутмаслигимиз керак. Яна шундай аёлларимиз борки, қаерда ўтирганию, атрофида ким бўлишидан қатъий назар боласига кўкрак тутади. Ваҳоланки, бувиларимиз ёшларга уйдан ташқарида бўлса болани кўздан пана, уй ичида бўлса бошқа хона, бешикда бўлса бешик ёпғичини ёпган ҳолда эмизишни тайинлашади. Бу билан улар онаю болани назардан асрашган.
Баъзи аёллар бола эмизиш оддий, эътиборсиз ҳолдек отаси, укаси ёки ўғлининг олдида ҳам бемалол ўтираверишади. Лекин шариат нуқтаи назардан аёл фақат эрининг олдидагина очиқ бўлиши мумкин. Бунинг яна бир ноўрин тарафи бор: очиқ кийинадиган онасининг юриш-туришига кўзи ўрганган ёш бола учун бориб-бориб бу кўриниш одатий ҳолга айланади. Бу эса у балоғатга етганида бир қанча касалликлар, ҳатто бепуштликка ҳам сабаб бўлади. Шу ўринда баъзи бир ҳомиладор ёш келинларимизга ҳам эътирозимиз бор: ҳомиладорлик – яратганнинг улуғ неъмати. Тор кийимлар кийиб, уни борлигини намойиш қилиш эса бу неъматни авайламаслик, қадрсизлантиришдир. Чунки бу нафақат онанинг, балки, ҳомиланинг ҳам ҳаётига салбий таъсир кўрсатади. Шундай экан, ҳар бир ишда эҳтиётсизлик зиён-заҳмат келтиради. Зотан, бу ҳақда донишмандларимиз бисотида шундай ҳикмат бор:
Кимки қилмас ҳар ишга эҳтиёт,
Ул ишидан топмагай ҳаргиз нажот.

Ромитан тумани «Хокимулломир» жомеъ масжид
имом-хатиби Ғолиб Муратов
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:40
Куёш: 05:30
Пешин: 13:10
Аср: 18:30
Шом: 20:15
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram