Ҳаё бу – ҳаётдир
13 март 2019 й.
1502 марта ўқилди.

 

Ҳаё бу – ҳаётдир

Ҳаё ҳақиқатан ҳам инсон зотига берилган энг катта имтиёзлардандир. Инсоний ахлоқлар инсонни қанчалик безаб турса, ҳаё унинг гултожидир. Инсонни юзхотир, истиҳола, андиша каби сифатларга ундайдиган, қанчадан қанча озору азиятларни кўтаришга мажбур қиладиган, ножўя ишлар қилишдан ва ножўя сўзлар сўзлашдан тийиб турадиган, ҳаттоки ҳеч ким йўқ жойларда ҳам Аллоҳдан уялиш ҳиссиёти ҳаёдир. Тарихга назар ташласак, Шарқ халқларида ҳаёга катта эътибор қаратилган. Ислом дини юртимизга кириб келгандан кейин халқимиз нафақат илм-фанда, балки одоб-ахлоқда ҳам дунёда пешқадам бўлган. Яқин тарихимизга қарасак, момоларимиз ҳатто юзларини номаҳрам кишиларни назаридан яширишган. Ҳатто боболаримиз ўз жуфту-ҳалолларига ҳозирги кунда бемалол ҳаммани олдида айтиладиган сўзларни сўзлашдан ҳаё қилишган. Бугунги кунда биз нима учун одоб ахлоқ борасида борган сари ғарб маданиятидан таъсирланиб бормоқдамизу, лекин ўзлигимизга, тарихимизга ва аслида ким эканлигимизга қарамаймиз. Ҳаё борасида аждодларимиздан ўрнак олсак бизни ким айблайди. Ўтган қавмлар тўғри йўлдан адашиб кетганларида, Аллоҳ таоло уларга Пайғамбарлар юборди. Шунда улар: ота-боболаримиз динини қўйиб сенга эргашамизми?- дейишди. Қаранг, уларнинг ота-боболари ботил йўлда бўлса ҳам, Пайғамбарларга эргашмадилар ва кўп қавмларга шу туфайли балолар юборилди. Ҳатто бизнинг Пайғамбаримизга ҳам Макка халқи шу жавобни бердилар ва уларни Исломга бутунлай киргизиш учун йигирма йилдан ортиқроқ вақт керак бўлди. Бизнинг аждодларимиз ҳақ йўлда эдиларку. Улар йўлини қаттиқ тутишга лойиқ ва эргашишга ҳақли инсонлар эдилар. Ўтган мустабид давр бизни тарихимиз ва менталитетимиздан узоқлаштиргани рост, лекин бугун одоб ва ахлоқда уларга эргашишимиз керак эмасми? Ўтган аждодларимиз ҳаётида содир бўлган воқеаларни ўқисак ёки эшитсак уларни нақадар ҳаёли инсонлар эканликларини гувоҳи бўламиз. Хўш улар бу хулқни қаердан олишган. Албатта уларга бу ноёб гавҳарни муқаддас динимиз ато этган. Ҳаё борасида динимиз кўрсатмаларига эътибор қаратсак, биринчи бўлиб бу нарсани Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни хулқларида кўрамиз.
Пайғамбар алайҳиссалом дунёдаги энг ҳаёли одам бўлганлар, бировларнинг айбларини кўриб туриб кўрмасликка олардилар. Абу Саид Худрий: "Росулуллоҳ гўшангадаги келинчакдан ҳам ҳаёлироқ эди. Бирор ишни ёқтирмагани шундоққина юзидан билиниб турарди, у кишининг ранги тиниқ ва нафис эди. Олийжаноб ва ҳаёли бўлгани учун бировларга малол келадиган гапни юзма-юз туриб айтмасди", деб эслайди. Ҳазрати Оиша разияллоҳу анҳо: "Росулуллоҳ бировлар ҳақида бирон ёмон гап эшитса, ҳеч қачон фалончи бундай иш қилибди, деб отини атамас, аксинча орамизда шундай иш қилиб юрганлар бор экан, дея танбеҳ бериш билан чекланарди. У киши одоб ахлоққа зид сўз, хатти-ҳаракатлардан йироқ эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёлари ҳақида Аллоҳ таоло Аҳзоб сураси 53-оятида шундай марҳамат қилади:
“Эй иймон келтирганлар! Набийнинг уйларига кирманг. Магар таомга изн берилганида, унинг пишишига мунтазир бўлмайдиган бўлиб (киринг). Лекин чақирилсангиз, кирингда, таомни еб бўлишингиз билан тарқалиб кетинг, гапга берилиб, (қолиб) кетманг. Албатта, бундай қилишингиз набийга озор берур. У эса сизлардан ҳаё қиларди. Аллоҳ (ҳақни айтиш)дан ҳаё қилмайдир.”  Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қанчалик меҳмонлари кетишларини хоҳласалар ҳам ҳаёлари сабабли бу ҳолатни билдирмайдилар, лекин Аллоҳ номидан келган оятни етказишга мажбур эдилар. Саҳобаи киромлардан Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ҳаёси ҳам тилларда зарбулмасал бўлиб кетган. У кишининг ҳаёлари кучлилигидан фаришталар ҳам ҳаё қилишаркан. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам куёвлари Усмон розияллоҳу анҳу келганларида бошқаларга қараганда ўзларини ўтиришларига эътибор берарканлар. Зеро ҳадиси шарифда ҳаё иймон шохчаларидан бири экани айтилган. Кимки ушбу маънавий шифо дорисидан бебаҳра бўлса, унинг иймони мукаммал бўлмас экан. Кийган либосларимиз бизни сатр қилиб, танамизни беркитиб, гўзал суратга келтирганидек, ҳаёмиз маънавий кийимимиз бўлиб, маънавий ахлоқсизликдан сатр қилади. Кийимсиз инсон кўзга қанчалик хунук кўринса, ҳаёсиз инсон ҳам худди шундайдир. Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳаё пардаси билан ўраб, комил инсон даражасига етказсин.

Бухоро шаҳар “Абу Хавси Кабир” 
жомеъ масжиди имом хатиби, 
Мир Араб мадрасаси мударриси
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:34
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram