ИЛМ ОЛИШ ФАЗИЛАТИ
15 август 2019 й.
82 марта ўқилди.

 

ИЛМ ОЛИШ ФАЗИЛАТИ

Асалари билан инсон боласи ўртасидаги фарқ ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Йигирма кунлик асаларини гулдан гулга қўниб, асал йиғаётганини кўп кўргандирсиз. Инсон фарзанди эса фақатгина икки ёшдан оёққа туради, гапиришни ўргана бошлайди. 6-7 ёшида мактабга боради. Ўқишни, ёзишни ўрганади. Литсей, университетни тугатгунига қадар кўп ўқийди, ўрганади, интилади, изланади. Чунки, яшаш учун ҳаётни, инсонларни ўрганишга муҳтождир. Фойда, зарарни билишга мажбурдир. Бироқ асалари боласи-чи? У асал йиғишни ўрганиши учун на ўқишга, на олий ўқув юртини битиришга эҳтиёжи бор. У дунё ҳаётига мукаммал ҳолда юборилган. Инидан чиқар чиқмас ишини бошлайди. Биз эса йигирма кун ёки йигирма йил, умр бўйи ўрганишга муҳтожмиз. Шунинг учун бешикдан қабргача илм олишга, ўрганишга буюрилганмиз. Инсон қобилиятини билим ва тажриба билангина оширади.
Билим озуқадир. Ақл ва қалб у билан озиқланади.
Билим муваффаққият. Билимсизлик эса мағлубиятдир.
Билим жасоратдир. Билимли киши муаммоларни жасорат билан енгади.
Билим дурбинга ўхшайди. Чигал масалаларни у ҳал этади. Тўсиқ ғовлар устидан унинг ёрдамида ошиб ўтамиз.
Билим нурдир. Йўлимизни у билан ёритамиз.
Билимсизлик эса барча ёмонликларнинг манбаидир. 
Билимсиз инсон ўзига энг катта ёмонликни қилган бўлади. Жоҳил кишининг тик тура олмайдиган қопдан фарқи йўқ. Саъдий билимсизликни уруш довулига ўхшатади. Овози баланд ичи эса бўш. Гўзал тушунчалар, билим жавҳарлари билан тўлдирилмаган зеҳн сандиқ фойдасиз ва зарарли нарсалар билан тўлади.
Инсоннинг қадри илм билан юксалади. Илмли киши ҳодисаларга холис баҳо беради, талабчанлик ва уддабуронликни ўрганади.
Билмаслик айб эмас, ўрганишга интилмаслик айбдир. Ибн Масъуд инсон билмаганини билиши ҳам илмдир, дейди. Чунки, инсон билмаганини билса, ўрганишга интилади.
Фалокатларнинг устидан билим билан устун келиш мумкин. Ҳожи Бектош Валийнинг ифодасига кўра «Билимсизлик билан кетилган йўлнинг охири ҳайрли бўлмайди». Ғалаба қозониш, муваффаққиятга эришиш, юксалишни хоҳлаганлар илмни маҳкам ушлайдилар. Ўрганиш шавқида ёниб куймаганларга эса «Дунёни истаган илм ўргансин. Охиратни истаган ҳам илм ўргансин», деб буюрган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билимнинг аҳамиятини нақадар ажойиб тушунтирганлар.
Мактаб инсонга калит беради. У калит билан илм хазиналарини инсоннинг ўзи очади. Нима қилса, ўзининг ғайрати билан амалга оширади. Мактабни битирар битирмас китоб дафтарни бир бурчакка улоқтириш катта хатодир. Ҳолбуки, илм олишнинг на ёши, на вақти, на жойи бор. Ҳар ёшда, ҳар ерда, ҳамма вақт ўрганилади, илм энг катта сармоядир, инсон ҳар ёшда, ҳар ерда ва ҳар вақт сармоясини кўпайтиришни истайди. Илм билан ўзингизни тарбияланг. Балки, муаммоларга дуч келарсиз. Баъзи қийинчиликларни бошингиздан ўтказасиз, аммо унутманг: Ҳар қандай қийматли нарса осонлик билан қўлга киритилмайди.
 
«Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб, шундай гувоҳлик берди: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир», фаришталар ва илм эгалари ҳам. (Албатта), Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли)дир.» (Оли Имрон, 18).
Бу оятда Аллоҳ таоло аввал ўзини, кейин фаришталарни, сўнгра илм аҳлини зикр этди. Мана шунинг ўзи илмнинг шарафли, фазилатли ва улуғ эканини англашга кифоя қилади.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтадилар: «Олимларнинг даражаси илм олмаган мўминларнинг даражасидан етти юз даража юқоридир. Ҳар даражанинг ораси беш юз йиллик йўлга тенг. Аллоҳ таоло: «Айтинг: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!» деб айтган (Зумар, 9)». Яна Аллоҳ таоло айтади:
«Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар» (Фотир, 28).
 
Раъд сурасида айтилади:
«Кофир бўлган кимсалар (Сизга): «Пайғамбар эмассан», – дейдилар. Айтинг: «Мен билан сизларнинг орамизда Аллоҳ ва Китоб (Қуръон) илмидан хабардор бўлган кишилар гувоҳлик бўйича кифоя қилур»» (43).
Яна Аллоҳ таоло Намл сурасида айтади:
«Китобдан (Исми аъзамдан) хабардор бўлган зот эса: «Мен кўзинг ўзингга қайтгунича (кўз очиб юмгунингча) уни сенга келтирурман», – деди» (40).
 Бу оятда Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломнинг котиблари илм қуввати билан мазкур ишга қодир бўлганини таъкидламоқда.
Ўқиш ва ўрганишдек шарафли ва лаззатли нарса йўқ. Илк «Ўқи» амри билан бошланган Қуръон, билгувчилар ва билмайдиганларни бир эмасликларини таъкидлаш билан бирга илм эгаларининг даражаларини юксалишининг хабарини беришади.
Яна Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ифодаларига кўра, илм эгалари ўликлар орасида юрган тириклар билан тенгдир. Зубайр Кудузалп: «Билимли инсон қуёшга ўхшайди, кирган жойини ёритади», дейди. Ҳа, илм қоронғуликларни ёритувчи машъаладир. Қоронғуликда қолган ҳар бир киши унга муҳтож. Юксак поғоналарга илм нарвони билан чиқилади. Тараққий этишни ва камолот топишни истасангиз илмнинг этагини маҳкам ушланг.
Ҳазрати Али илм хусусида: «Илм пастда турганларни юқори даражага кўтаради. Билимсизлик эса тепада турганларни пастга туширади. Илм мол-давлатдан устундир, чунки бойликни сен асрайсан. Илм эса сени асрайди», деганлар.
Бу буюк инсонни Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам Илм эшиги, деб улуғлаганлар. Биз Аллоҳнинг тақсимотига розимиз. Бизга илмни, душманларимизга дунё молни берди. Чунки, мол-давлат йўқ булгувчидир. Илм эса абадийдир.
Фойдали илм ўрганган кишини ўлимидан кейин ҳам инсонлар ҳурмат билан эслашади. Илм абадий тирикликдир. Жоҳил киши тириклигидаёқ ўлик ҳисобланади. Билимли инсон Ҳаётдан кўз юмганидан кейин ҳам тирикдир!
Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам дуоларида фойдасиз илмдан Аллоҳдан паноҳ сўрар эдилар. Фойдали илм ўзи нима, у қандай бўлади?
Фойдали илм, инсониятга нафи тегадиган илмдир. Фойдали илм амалга татбиқ этиладиган илмдир. Фойдали илм ўрганилганида билимсизлигимизни бизга ҳис эттириб, ўрганишга завқ-шавқ ва ғайрат ўйғотади. Ёмон феъл ва ҳатти-ҳаракатлардан асрайдиган илмдир.
Фойдали илм бизга ўзлигимизни танитадиган илмдир. Фойдали илм бизга Яратувчимизни танитадиган илмдир. Илм тубсиз бир денгизга, илм ўрганувчи эса у денгизнинг тубидаги сузишга ҳаракат қилаётган ғаввосга ўхшайди. «Дунё мени қандай танийди, билмайман, лекин мен ўзимни кашф этилмаган улкан ҳақиқатлар уммони ичида, соҳилда айланиб юрган, онда-сонда юмшоқ тош ёки денгиз чиғаноқ топиб олган боладек кўраман», — деган Исаак Нютон. У илм бахшида этадиган камтарлик даражасига етишган олимлардан эди. Суқрот: «Барча билганларим, ҳеч нарса билмаслигимдир», — дея энг буюк ҳақиқатни эътироф этади. Ўрганганларимиз қанча кўп бўлса ҳам, билмайдиганларимиз олдида заррадан ҳам кичкинадир.
 
“Пойи Остона” жомеъ масжиди 
имом-хатиби Асадов Нодир
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:31
Пешин: 13:10
Аср: 17:00
Шом: 18:50
Хуфтон: 20:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram