Китобсиз келажак йўқ
09 август 2017 й.
2444 марта ўқилди.

 Китобсиз келажак йўқ.                

     Ислом динимизни инсониятга юборилишининг аввалига, илк оятларни нозил бўлишига эътибор қилсак ҳали  Аллоҳ таоло намоз ўқинг, рўза тутинг, закот беринг, ҳаж қилинг, ота-она,  қавму-қариндошларга силаи раҳмда бўлинг, қўни-қўшни, атрофдаги инсонларга яхшилик қилиб, меҳр оқибатлик бўлинг деб буюрмасдан олдин “Иқро”, “ Ўқинг” деб амр қилди. Ҳақиқатда, юқорида зикр қилинган амал ва амрларни адо қилиш учун аввал уларни илмини, одобини, қонун-қоидалари ва тартибларини ўрганиш лозим бўлади. Биз яхшилик қилиш учун яхшилик нима эканлигини  билишимиз, таом ейиш учун унинг таёрланиш тартибини, илмини олишимиз лозим бўлади. Энди бу илмларни биз қаердан ўрганамиз? Албатта китобдан.  

   Пайғамбармиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам “ Бешикдан қабргача илм олинглар”, “ Илм талаб қилишлик мусулмон эркагу аёлга фарздур”- деб, умматларини туғилганидан то вафотигача хоҳ эркак, хоҳ аёл, ёшу-қари бараварига илм олишини, китоб билан бирга бўлишини буюрдилар.

    Чунки, китоб ўқиш билан инсон ҳалол ва ҳаромни, яхшилик ва ёмонликни, эзгулик ва ёвузликни, ҳақ ва ноҳақни, тўғри йўл билан залолат йўлини англаб етади. Яхшиликларнинг натижасида жаннат, мукофот, раҳматга етишишини ёмонликнинг оқибатида эса жаҳаннам, азоб, лаънат эканини тушуниб олади.  Китоб инсоннинг икки дунёсини обод қиладиган илмлар хазинасидир. Китоб-жамият тараққиётининг кафолатидур. Китоб ўқишнинг бир қанча манфаатини уламоларимиз санаб ўтганлар. Жумладан:

-      Китоб ўқиш асабни тинчлантиради; ( Аниқланишича,  олти дақиқа китоб ўқиш асабийлашишга барҳам берар экан) 

-      Китоб ўқиш қалбни юмшатади; (Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бадий асар ўқиган инсон ҳаётда ҳам бошқаларнинг ҳис-туйғуларини  яхши тушунар  экан.)  

-      Китоб ўқиш мия фаолиятини яхшилайди; ( Олимлар аниқлашича, китобхоннинг ақлий салоҳияти бир неча кун юқори ҳолатда бўлиб, миядаги асаб толаларининг сони ошади.)

-      Китоб ўқиш уйқусизликдан қутулишга ёрдам беради; ( Телевизор ва телефондан тарқаладиган нур мияга уйғониш кераклиги ҳақида сигнал берса, китоб эса аксинча тинчланиш ва дам олишга таъсир кўрсатади.)

-      Китоб ўқиш тушкунликка қарши курашишга ёрдам беради; ( Тушкунликка тушган беморлар китоб мутоласидан кейин депрессияга тушиш ҳолатлари камаяди. Турли – туман ёмон фикрлар ва васвасаларни миядан чиқариб юборади. Қоронғуда қолган инсоннинг йўлини чироқ ёритгани каби китоб жаҳолатга барҳам бериб қалбни мунаввар қилиб, кўнгилга ҳузур бағишлайди.)

-      Китоб ўқиш инсоннинг хулқини гўзаллаштиради;

-      Китоб ўқиш ҳаётдаги мақсадни англашга, қийинчиликларни енгишга ёрдам беради;

-      Китоб ўқиш хотирани кучайтиради. Фикрлаш қобилиятини яхшилайди;

-      Китоб ўқиш билан сўз бойлигини оширади, дунёқарашини кенгайтиради, савияси шаклланади;

-      Китоб ўқиш билан тинглаш ва ёзувчилик қобилиятлари ривожланади;

-      Ота-она билан болалар биргаликда китоб ўқиса ўрталарида ўзига хос муносабат, меҳр, яқинлик пайдо бўлади;

-      Китоб ўқиш молиявий қийинчиликларни бартараф бўлишига ёрдам беради; (Статистик маълумотларга кўра, умуман китоб ўқимайдиганларнинг 43% қашшоқликда яшайди. Чунки, инсонларнинг илмлиларга эҳтиёжи доимо бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади.)

-      Китоб ўқиш билан доимо инсон яхшиликка интилади;

   Қисқча қилиб айтганда Президентимиз Ш. Мирзиёев диний уламолар билан ўтказган анжумандаги нутқларида: “ Китобсиз келажак йўқ” – деб, китоб инсон ва жамиятнинг бахтли ҳаёти учун хизмат қилишини айтган эдилар.

   Бизнинг аждодларимиз, ислом уламолари китобга муҳаббатли эдилар. Уларнинг аксар вақтлари илм олиш, билим бериш, китоб ўқиш ва китоб ёзиш билан ўтар эди. Улуғ олимлардан Ибн Рушддан қанча китоб ўқиганлари ҳақида сўрашганда, шундай деган эканлар: “ Икки кеча китоб ўқий олмаганман холос. Никоҳ кечам ва отам вафот этган кечада”. Имом Қатода бир туя китобни ёд олган эканлар. Имом Ғаззолий, Имом Фахриддин Розий, Имом Суютий каби олимлар кунига ўртача 15-20 бет асар битганлар. Имом Табарийдек буюк олим 86 йил умр кўрган бўлсалар, ёзиб қолдирган китоблари 358 000 вароқни ташкил қилади. Тахминан, балоғат ёшлари 14 йил деб, умрларидан айирсак 72 йил қолади. Шунда у зотнинг ёзган китоблари умрнинг ҳар бир кунига 14 вароқдан тўғри келар экан.

   Бугун халқимизни, ёшларимизни китобга бўлган муҳаббатини уйғотиш, саводхонлигини ошириш мақсадида юртбошимиз томонларидан бир қанча хайрли ишлар амалга оширилмоқди. Ҳар бир маҳаллада кутубхоналар ташкил қилиш ёки энг яхши китобхон, оила, маҳалла кўрик танловларини ўтказиш ва уларнинг республика басқичидаги ғолибларга автомобил совға қилиш каби таклифни айтишлари ҳаммамиз учун қувонарли бир ҳолдир. Биз ҳам бу хайрли ишга ўзимиз, фарзандларимиз, келажагимизни равнвқу-ривожини уйлаб фақат болаларимизга моддий совға эмас маънавий савға, китоб ҳадя қилсак, ўзимизни ҳам, болаларимизни ҳам китобга ошно қилсак келажакдаги ҳаётимиз бунданда фаровон ва саъодатли бўлиб, ҳам бу дунёдаги, ҳам охиратдаги мавқею даражамиз юқори бўлади. Зеро, Улуғларимиз айтганларидек: “ Олимнинг вафоти оламнинг вафотидир”. Агар бир миллатнинг орасида олимлар, китобхонлар, муаллимлар озайса ёки қолмаса ер юзида бу халқнинг обрўйи ҳам, мақоми ҳам, ўрни ва номи ҳам қолмайди. Келажаги барбод бўлади.  Биринчи президентимиз айтганларидек: “Халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши фарзандларимизнинг бугун қандай таълим ва тарбия олишларига боғлиқ ”.    

     Шундай экан бугундан бошлаб ҳар биримиз жамиятнинг кичик бир бўлаги бўлмиш оиланинг раҳбари сифатида оиламиз, фарзанду-навираларимизнинг илм олиш, китоб ўқишлари учун барча имконият ва шароитларни яратиб берсак мақсадга мувофиқ бўлади. Ва зиммамиздаги Аллоҳ ва унинг расули буюрган илм олиш фарзи адо бўлади.    

 

   Ғиждувон туман   

« Соктари » жомеъ

масжиди имом хатиби:                                              Жасурбек Латипов.

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram