Миссионерлик иллати.
15 август 2019 й.
77 марта ўқилди.

 

 Миссионерлик иллати.

Ҳозирда биз ғоялар кураши даврида яшаяпмиз десак муболаға бўлмайди. Кураш ҳарбий майдонларга эмас кишиларнинг онги ва қалбига  қаратилган.  Қалб ва онг забт этилса Чингиз Айтматов таъбири билан айтганда инсон “манқурт”га айланади. Айман она қиссасидаги манқурт ўзлигидан маҳрум қилинган. Ўз фикри, ўз сўзи, ўз мақсадидан жудо қилинган бу йигит фақат ўз хўжайининг хизматини қилиб, фақат унингина топшириқларини бажаради. Хўжайинининг амрига мувофиқ муштипар онасига қарата ўқ узишдан ҳам тонмайди...
Аксар аҳолиси мусулмонлар бўлган диёрларда яширинча фаолият олиб бораётган “миссионерлар”лар ўз фаолиятларини кишиларнинг қалби ва онгини эгаллашга қаратишган. Мустамлакачиларнинг  “бўлиб ташла ҳукмронлик қил” шиорига мувофиқ улар жамият орасида бўлинишни ҳосил қилиш, қадриятлар меъзонини бузиш, ўзликдан маҳрум қилиш орқали шахсий манфаатларига эришишни кўзлашади.
Миссионерликдан жабр кўрган бир онахон шундай ҳикоя қилади. Қизим “Иегова шоҳидлари” маросимларига қатнашадиган бўлди. Дастлаб ҳолат анча яхши эди. Қизим ижобий томонга ўзгарди, ота-онасига меҳрибон, одобли фарзанд бўла бошлади. Кейин билсам буларнинг барчаси ташқи кўриниш бўлиб, аслида ҳаммаси сароб экан. Кунларнинг бирида эшигимиз қўнғироғи чалинди. Чиқсам бегона кишилар туришибди. Нима хизмат?-деб сўрасам ҳалигилар уйимизни бўшатиб беринг-дейди. Бу англашилмовчилик бўлса керак, ёки манзилда адашдингиз десам, -Йўқ-деб қўлларидаги ҳужжатларни кўрсатишди. Не кўз билан кўрайки қизим ўзининг номида бўлган уйимизни ушбу секта аъзоларига расмийлаштириб берибди.  Бошимдан совуқ сув қуйгандек бўлди. Ҳолатни ўнглагунча жоним ҳалак бўлди.
Ўзининг бой маънавий меъросини, улуғ аждодлари тарихини, бу дунё-ю охират саодатига боис бўладиган муқаддас Ислом динини билмаган киши ёт, бузғунчи ғояларга эргашади. Чин эътиқодни ёлғонга алмаштирган киши на оиласига, на маҳалласига, на аждодларига, на ватанига оқибат қилади. Улуғларимиз “Фарзандларингизнинг тарбиясига эътиборли бўлинг акс ҳолда уларни бошқалар тарбиялайди” дейишган. Шу сабабдан тарбиянинг ўчоғи бўлган оилада ҳар бир ота-она ўз фарзанди олдидаги масъулиятни ҳис қилиб, фарзандининг нафақат жисмонан балки маънан етук инсон бўлиб етишиши учун ҳаракат қилмоғи келгусида ушбу фарзандни турли хил бузғунчи, миллий ва диний қадриятларимизга бегона бўлган пуч ғоялардан ҳимояланишига асос бўлади.

Ғиждувон туман Абдухолиқ Ғиждувоний
жомеъ масжиди имом хатиби Ориф Амонов.
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:50
Куёш: 06:31
Пешин: 13:10
Аср: 17:00
Шом: 18:50
Хуфтон: 20:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram