Мустаҳкам оила – юрт таянчи
15 октябр 2018 й.
3114 марта ўқилди.

 

Мустаҳкам оила – юрт таянчи

    Оила қуриш жаноб Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатлари бўлиб, ҳадиси шарифда: “Никоҳ менинг суннатимдир. Кимда ким менинг суннатимдан воз кечса, у меннинг умматимдан эмас”, дея марҳамат қилганлар.
    Ушбу ҳақиқатни эътироф этган ҳолда турмуш қуриш, оила тебратиш ва фарзанд тарбияси каби муҳим ишларда диний ва миллий анъаналаримизга риоя қилиш билан бирга, мамлакатимизда амалда бўлган қонун­қоидаларга ҳам амал қилишимиз зарурдир.
    Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Шаръий никоҳдан ўтиш одоблари” ҳақидаги фатвосида никоҳдан ўтиш маросими бизнинг диёримизда қадимдан миллий ва диний удумлар асосида амалга ошириб келингани, шаръий никоҳдан ўтишда Ислом динимизда келин­куёвлардан талаб қилинадиган бир қанча шарт ва одоблар борлиги, уни барча яхши билиб олиши ва амал қилиши зарурлиги уқтирилган. Фатвода бундай дейилади: “Шаръий никоҳ шартларига давлатимизнинг никоҳ ва оила тўғрисида қабул қилган қарор ва қонунлари ҳам қўшилди. Масалан, келин-куёв шаръий никоҳдан олдин никоҳни қайд қилувчи давлат идоралари рўйхатидан ўтиб, расмий гувоҳнома олган бўлиши лозим. Расмий никоҳдан ўтмаган ёш оилалар ажрашадиган бўлса, она тирик етим боласи билан кўчада қолиши мумкин”.
    Шундан ҳам кўриниб турибди, оила мустаҳкам бўлишини ўйлаб, уни давлат қонунлари билан муҳофазаланган ҳолда қуриш, никоҳ ўқитиш чоғи юқоридаги фатвога амал қилиш билан кўнгилсиз воқеаларнинг олди олинади.
Ота-оналар фарзандини ёш, одоб-ахлоқ жиҳатидан оила қуришга тайёр эканига қаноат ҳосил қилишлари, сўнг никоҳдан ўтказишлари шарт.
    Умр савдоси бўлган никоҳ масаласи доимо кенг мушоҳада ҳамда кенгаш билан амалга оширилгани маъқул.
    Шу ўринда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларини эсга олиш лозим: “Қизларни турмушга чиқариш тўғрисида оналари билан маслаҳатлашинглар”.
    Агар бўлажак келин балоғат ёшига етган бўлса­ю, эр, оила масъулияти ва жамият олдидаги бурчини англаш, бажариш даражасида бўлмаса, у оиласида ҳам, жамиятда ҳам ўрнини тополмайди.
    Таълим ва тарбия соҳасида қабул қилинган қонунларга риоя қилиш ҳар бир кишининг муҳим бурчи ҳисобланади. Ўрта мактабни тамомлаш, коллеж ёки олий ўқив юртларида ўқиб бирон­бир касб­ҳунарни эгаллаш, ҳаёт деб аталмиш кенг қамровли майдонга тушиш олдидан турмуш ва оила кўникмаларини тасаввур қилиш учун бир муддат вақт керак бўлади, албатта.
    Президентимизнинг қуйидаги сўзларига эътибор қилинг: “Оила, турмуш ва виждон қонунлари асосида қурилиб, ўзининг кўп асрлик мустаҳкам ва маънавий таянчларига эга бўлади. Оилада демократик негизларга асос солинади ҳамда одамларнинг талаб­эҳтиёжлари ва қадриятлари шаклланиб боради...”
    Мана шу талабларга жавоб берадиган ёшлар кўплаб топилади. Лекин ҳали вояга етмасдан туриб, никоҳ аталмиш муқаддас битимга кириб улгурган ёшларнинг ахлоқ-одоблари жамият талабларига жавоб берадиган даражада шаклланганми? Турмушнинг мураккаб, чигал манзилларидан тўғри йўлни топа оладиларми?
    Қизларнинг жуда ёш турмушга чиқишлари ҳақида ҳанафий мазҳаби фақиҳлари мутлақо салбий фикр билдиришган. Ислом шариатида хотин-қизларни ҳам илм-маърифатли, ҳаётида зарур бўладиган маълумотларга эга бўлишларига ундовчи ҳадислар кўп.
    Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Илм талаб қилиш барча мусулмон эркак ва аёлга фарз”, дея марҳамат қилганлар.
    Бу ерда бир нарсага аҳамият қаратайлик, қизларнинг балоғат ёши билан турмуш қуриш ёши бошқа­бошқа нарса экани ҳаётда исботини топмоқда. Балоғат ёши – бу камолот ёши эмас. Бунинг устига ҳозирги давр талаби ҳам бутунлай ўзгача. Ёшлар мажбурий ўрта таълим босқичларини босиб ўтишлари шарт. Зеро, динимиз таълимотларига кўра, илм олиш, маърифатли бўлиш, ҳаёт учун зарур кўникмаларни ўрганиш ҳар бир аёлга фарздир. Булардан олдин турмушга чиққан қизнинг ўқишлари сустлашгани, оила юмушларида қийналгани, уй бекаси эпсизлиги туфайли бўлажак фарзандларнинг тарбияси ишончсиз қўлларда қолганининг гувоҳи бўлинади. Илмли, касб-ҳунарли аёлгина яхши инсон тарбиялай олади.
    Вояга етмасдан эрта турмуш қурганларнинг аксарияти ё ота-онасининг қарамоғида яшайди ёки турмуши дарз кетган бўлади. Бу ҳолларда ёш қизларнинг турмушдан кейинги ҳаёти ёш турмуш қурган болаларга нисбатан оғирроқ кечади. Эрта ҳомиладорлик, нимжон бола туғилиши, рўзғор юмушларидаги уқувсизлик боис эшитадиган таъна дашномлар охир­ оқибатда унинг тинкасини қуритади. Мусулмонлар бу ҳақиқатни эътироф этиб, салбий, аянчли ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида турмуш қуриш, оила тебратиш ва фарзанд тарбияси каби муҳим ишларда диний ва миллий анъаналарга риоя қилиш билан бир қаторда, оила ва никоҳ ҳақидаги давлатимиз қонун­қоидаларига ҳам қатъиян амал қилишлари зарурдир.
    Афсус билан эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда баъзи чала­савод кишилар ўз бошимчалик билан юқорида айтилган никоҳ шартларини сўраб­ суриштирмай, ёшларга никоҳ ўқишмоқда. Натижада, ёш оилалар ажрашиб, ўртада гўдаклар тирик етим, она эса оғир вазиятда қолмоқда. Бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда бир қатор тадбирлар ўтказиляпти.
Булар зарурий кўрсатмалардан бўлиб, уларга амал қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам дунёвий, ҳам ухровий жиҳатдан фойдалидир. Ҳар бир оилага ғамхўрлик қилиш, унга ҳар томонлама моддий-маънавий ёрдам бериш инсонпарвар, адолатли давлатнинг муҳим вазифаларидандир.


Каримов Олимжон
Пешку туман "Хўжа Пешку" 
жомеъ масжиди имом хатиби.
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 06:00
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram