НАМОЗДА ҚЎЛЛАРНИ КИНДИК ОСТИДА ТУТИШ
18 июл 2019 й.
1309 марта ўқилди.


 НАМОЗДА ҚЎЛЛАРНИ КИНДИК ОСТИДА ТУТИШ

     Бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда намозда чап қўлнинг устига ўнг қўл қўйилиб, қўллар боғланади.  Ҳамда боғланган қўллар киндикнинг остида қўйилади.  Аёллар эса қўлларини кўкрак устида боғлайдилар. Чунки, аёллар қўлларини намозда бундай тутишлари сатр қилишлари учун афзал ва муносиб  саналади.
Намозда қўлларни бу ҳолатда боғлаш  тартиби ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган.  Шунинг учун ўнг қўл чап билак устига қўйилиши ва қўлларни эса киндикнинг остида тутишлик  суннат саналади.
عن ابى حازم عن سهل بن  سعد رضى الله عنه قال: "كان الناس يأمرون ان يضع الرجل اليد اليمين علي ذراعه  اليسري  فى الصلاة". قال ابوحازم لا اعلمه الاينمى ذلك الى النبى صلى لله عليه وسلم. رواه البخارى  
Абу Ҳозимдан, у Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади, у: “Одамлар намозда ўнг қўлларини чап билаклари устига қўйишга буюрилган эдилар”, деди.   Абу Ҳозим: “Мен буни билмайман (яъни бу буйруқни), аммо бу Расулуллоҳ солалоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган”, деди. 
(Бухорий ривояти).

عن ابن عباس رضى لله عنهما قال: "سمعت النبى صلي لله عليه وسلم يقول:"انا معشرالانبياء امرنا بتعجيل فطرنا ، و تأخيرسحورنا ، وان نضع ايماننا على شمائلنا فى الصلاة". رواه الطبرانى   

Ибн Аббос розияллоҳ анҳудан ривоят қилинади, у киши: “ Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим у зот дедилар : “Дарҳақиқат, биз Набийларга ифторлик(оғиз очиш)ни тезлаштириш ва саҳарликни кечиктириш, намозда ўнг қўлни чап қўл устига қўйиш буюрилди”, дедилар”. (Табароний ривояти). Шу маънодаги бошқа бир ҳадисда:

 عن جابر رضى لله عنه قال: " مررسول لله صلى لله عليه وسلم برجل وهويصلى قد وضع يده  اليسرعلي يمنى فانتضعها و وضع اليمنى على اليسرى". رواه احمد والطبرانى في الاوسط ورجاله رجال صحيح

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади у киши: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чап қўлини ўнг қўли устига қўйиб намоз ўқиётган кишининг ёнидан ўтаётиб, унинг қўлидан ушлаб ўнг қўлини чап қўли устига қўйдилар”, деди. Аҳмад ва Табароний ривоятлари.
 Юқоридаги ҳадислар намозда ўнг қўл чап қўл устиги қўйилиши суннат эканлигига ишорадир. Бу амалнинг суннат эканлигига барча Имомлар ижмоъ қилишган. Чунки, аксарият буюк саҳобалар ва тобиинларнинг амаллари шу ҳадисларга мувофиқ бўлган. Лекин Аҳли сунна Имомларимиз ораларида қўллар боғланганидан кейин уларнинг қўйиш ўринлари масаласида турли хиллик мавжуд.

Аш-Шаъронийнинг “Раҳмат ал-Умма” асарларида: “Уламолар намозда ўнг қўлни чап қўл устига қўйиш суннат эканлигига ижмоъ қилдилар. Фақат Имом Моликнинг ривоятларидаги ҳадис бундай эмас. У кишидан қилинган энг машҳур фатво шуки, қўллар икки ёнга ташлаб турилади. Уламолар қўлларни қўйиш жойи бўйича ихтилоф қилишган. Абу Ҳанифа “киндак остида” деган, Имом Молик ва Имом Шофеъий “кўкрак остида ва киндик устида” дейишган ва Имом Аҳмаддан иккита ривоят келган, шундан энг машҳури, Ал-Ҳирақий ҳам кўпроқ афзал деб билгани, Абу Ҳанифа мазҳабидаги каби “киндик остида” боғлаш қавлидир”, деб келган.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир этилган бу турли хилликларнинг барчаси тўғри суннатга мувофиқдир.   Мазҳаблар орасида бу хилма-хилликлар намозга путур етказмайди.
 Ҳанафия мазҳабида қўллар киндикнинг остида тутилади. Чунки, Аллоҳ таолони улуғлаб, унга такбир айтиб намозни бошлаган банда ўзининг Роббиси билан мулоқотда,  У зотга ожизлик ва камтаринлигини изҳор этиши юзасидан  қўлини бу ҳолатда тутишликни Абу Ҳанифа афзал деб билганлар. Қўйида эса Пайғамбаримиз солалоҳу алайҳи васалламдан бу борада ривоят қилган ҳадислари билан танишамиз.
عن علقمة بن وائل بن حجرعن أبيه رضى  الله تعلى عنه قال: " رأيت النبى صلى لله عليه وسلم وضع يمينه على شماله في الصلاة تحت السرة" أخرجه ابن شيبة و رجاله ثقات 
Алқама ибн Воил ибн Ҳужрдан, у киши эса оталари розияллоҳу анҳудан: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда ўнг қўлларини чап қўллари устига киндик остида қўйганларини кўрдим”, деди. Ибн Абу Шайба ривояти. Ровийлари ишончли.
                                                         عن أنس رضى لله عنه قال: قال رسول لله صلى الله عليه وسلم:  ثلاث من اخلاق الانبياء: تعجيل االافطار، وتأخيرالسحور، ووضع اليمين علي ال

شمال تحت سرة  
Анас розияллоҳу анудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ солалоҳу алайҳи васаллам : “ Уч нарса Набийлар ахлоқларидандир: Ифторликни тезлаштириш, саҳарликни кечиктириш, ўнг қўлни чап қўл устига қўйиб киндик остида тутиш”, дедилар. 

قال على رضى لله عنه: السنة وضع الكف على الكف فى الصلاة تحت السرة. رواه أبو داود وأحمد.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши: “Намозда кафтни кафт устига қўйиб, киндик остида тутиш суннатдир”, деди. Абу Довуд ва Аҳмад ривояти.
 Бу ва бунга ўхшаш масалалар мазҳабошиларимиз бўлган мужтаҳид уламоларининг фиқҳий асарларида кенг ёритилган. Масалаларни мужтаҳидлар нозик нуқталаригача ўрганиб, уни оммага етказганлар. Уларнинг бу тинимсиз машаққатларидан энг асосий мақсадлари Аллоҳнинг розилигига эришмоқ. У зотга ибодат қилганда худди Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам ибодат қилганларидай ибодат қилиш эди. Умматнинг оддий аъзоларига Ислом таълимотларига эътиқод ва амал қилишда ёрдам бериш эди. Ният ва мақсадларининг холислиги уларни юксалтирди.  Улардан исталган бирларининг ижтиҳодига эргашган оддий одамлар тўғри йўлдан юрган, дея эътибор қилинадиган бўлди. 
 
Бухоро шаҳар "Абу Бакр ас-Сиддиқ" имом-
хатиби Орифжон Тўқсанов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram