ОЙ БАЛҚИГАН ТУН
12 ноябр 2018 й.
1662 марта ўқилди.

 

ОЙ БАЛҚИГАН ТУН


Юмшоқ баҳор шабадаси жажжи қизалоқларнинг жамалак сочларини силаб-сийпаб, дарахтлар шохини силкитиб рақсга чорлаган, зилол сув юзини жимир-жимирлатиб ўйноқлаб турган кун. 
Янги туғилган қўзичоқлар оналарининг пинжига тиқилиб, улоқчалар эса кўзни яшнатиб бир-бирлари билан қувлашмачоқ ўйнашмоқда. Бўталоқлар меҳрибон оналарини маза қилиб эмиш билан овора. Майсаларнинг ипори димоғни қитиқлар, найсон ёмғири одамга ўзгача ҳузур бағишлайди. 
Ана шундай кунларнинг бирида янги ой туғилди. Бу аввалгиларидан анча фарқ қиларди. Биринчи кунидаёқ ўн тўрт кунлик тўлин ойдек нур таратиб, тоғу тошга, гулу гиёҳга, ҳайвоноту набототга, инсу жинсга порлоқ нурини бирдай, аямай соча бошлади. Ундан мушку анбар ҳидиданда хушбўйроқ муаттар ҳид анқиб турар, бу бўйни таърифлашга инсоният тили мутлақо ожиз. Унинг зиёсидан машриғу мағриб ёришди. Ҳатто Шомдаги Бусро қасрлари ва ундаги осмонга бўй чўзиб турган туяларнинг бўйни яққол кўринди. Одамлар шу куни самодаги юлдузларни шунчалик аниқ ва яқин ҳолда кўрганидан устиларига сочилиб тушишидан хавфсирашди. 
Ойни илк бор кўрган киши Аллоҳга илтижо ила унинг қадри буюк, нуқсонсиз, олийҳиммат, ҳар томонлама комил бўлишини сўраб дуо қилди. Унга ўзига ярашган янги бир исм берди. Бошқалар бундай исмни олдин эшитмаганлари боис ҳайрон қолишганида, бу унга тушида илҳомлантирилганини айтиб қўя қолди.   
Ўша заҳоти унинг нури курраи заминнинг қоқ ўртасида жойлашган Масжиди Ҳаромдаги Каъбатуллоҳ ичига киришга ҳам улгурди. Унинг нурига дош беролмасдан бутун бутлар юзтубан қулаб тушди. Баъзисининг аъзоси синган бўлса, айримлари ерга чилпарчин бўлиб сочилди.  
Ой балқиган кун инсоният душмани Иблис алайҳил лаъна наъра тортиб инграб юборди. Уввос солиб йиғлаганига осмону фалак гувоҳ бўлди. 
Мадоин шаҳрида Эрон ҳукмдори Кисронинг Эрон салтанати, Византия қудрати-ю Хитойнинг довруғи бўлмиш сарой тўсатдан силкиниб, ўн тўрт устуни йиқилиб, мустаҳкамликда тенги йўқ тахти вайрон бўлди. 
Истахрабод шаҳридаги форсларнинг ибодатхонасида минг йилдан бери ўчмай турган куфр олови ўз-ўзидан сўнди. Бутпарастларнинг ҳокимияти, зардуштийларнинг қуввати, христианликнинг устиворлиги дея тахмин қилинган Сава кўли бир зумда қуриди, Самова дарасидаги сув ўзанидан тошиб кетди, Эроннинг энг буюк ҳукмдори Мобизон тушида бир сурув араб туялари ва араб отларининг Дажла дарёсини кечиб Эрон тупроқларига тарқалганини кўрди. Аммо бу ажабтовур туш таъбирини айтиб берадиган киши топилмади.
Яҳудий савдогарлардан бири ой ҳақида эшитиб, уни кўрмасдан тўлиқ таърифлаб берди. Уни кўрганда эса ҳасад ўтида ёниб, ҳушидан кетиб, дод солиб ерга қулади. Унинг овозига атрофдагилар тўпланишди. Ҳушига келиб, ойнинг таърифу тавсифи то қиёматгача тилдан тилга кўчиб, қалбларда мустаҳкам жой олишини сўзлаб берди. 
Сувайба исмли чўри ўз хожасига янги чиққан ойнинг хабарини берганида, хожаси шодликдан ўша заҳоти ундаги чўрилик тамғасини олиб, озодлик хатини қўлига тутқазди.
Балқиган ойнинг баракасидан баъзи оилаларнинг қорни нонга тўйиб, хонадонларга қут-барака кириб, яйловлар яшил гиламга бурканиб, чорвалар ялтираб семира бошлади. Шу пайтгача туғишидан умид узилган қўй ва эчкилар икки-учтадан бола туғди. Чорва эгалари уларнинг сутларини соғиб улгуришмади.
Бундан кўплар хафа бўлди. Чунки ҳақиқат ҳаммага ҳам бирдек ёқавермайди. Унинг нуридан баҳраманд бўлганлар тўғри йўлда, хилоф йўлни тутганлар залолатда қолди. 
У туғилганда денгиз тубидаги балиқлар рақсга тушди, осмондаги қушлар турнақатор бўлиб тизилди, сайроқи булбуллар шундай хониш қилдики, тоғу тошлар кўз ёши тўкди, гулу райҳонлар ҳиди оламни тутди. Унга бўлган муҳаббат чексиз, таърифлашга эса тил ожиз. 
Бу ойнинг туғилганига ўн тўрт аср бўлди. Ҳали ҳануз ўз нури ва меҳри ила оламни чароғон этиб турибди. Ўйлаганингиздек бу пайғамбарлар сўнгиси, уммат шафоатчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар.
Уммат бу ойнинг нуридан тўғри йўлни топди, ҳақиқатни англаб етди, ҳаётда қандай яшаш кераклиги ҳақида тўғри хулосага эга бўлди. Бундай тўлин ойни биз умматлар учун неъмат қилиб берган Зотга қанча қуллик қилиб, шукрона айтсак, шунчалар оз.

Эркин ҚУДРАТОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 05:58
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram