Поклик – мўминнинг зийнати.
06 апрел 2019 й.
1603 марта ўқилди.


 Поклик – мўминнинг зийнати.

Исломда поклик имондан ҳисобланади. Дунёда исломдан бошқа ҳеч бир дин, тузум ёки фалсафа поклик ва озодаликни имон даражасига кўтармаган. Исломда эса бу имон иши бўлиши билан бирга, поклик бўлмаса банданинг ибодати ҳам қабул бўлмайди. Исломда барча ибодатларнинг қабул бўлиши учун аввало банданинг қалби, нияти пок бўлиши керак. Қолаверса, ибодатларнинг қабул бўлиши учун инсоннинг бутун танаси, кийим-боши ва ҳатто ибодат қиладиган жойи ҳам пок бўлишлиги шарт. 
Қуръони Каримда Аллоҳ Таоло марҳамат қилиб: “Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севади” (Тавба сураси 108-оят). Аллоҳ Таоло бу ояти каримасида покликни ва пок инсонларни мадҳ этиб яхши кўришини эълон қилмоқда. 
Омир ибн Саъд ибн Абу Ваққосдан, у эса отасидан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Албатта, Аллоҳ ёқимлидир – ёқимлиликни севади, покизадир – покизаликни севади, карамлидир – карамлиликни севади, ўта сахийдир – ўта сахийликни севади”. (Термизий, Баззор ва Абу Яъло ривоят қилганлар). 
Исломда бадан поклиги бўйича бир қанча ҳукмлар жорий этилган бўлиб, уларга амал қилишлик ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Бадан поклиги борасидаги диний таълимотларга ихлос билан амал қилган мусулмонлар учун уларнинг бу борадаги амаллари ибодат даражасига кўтарилади. Бадан поклиги йўлидаги қилган ҳар бир ҳаракатларига ажр ва савоб оладилар. 
Аллоҳ Таоло юборган ҳақиқий соф динларда барча пайғамбарлар, набийлар ва уларнинг умматларига амр қилинган ишлар “фитрат, суннатлар (соф табиат)” ҳисобланади. Яъни, табиати бузилмаган инсон зоти шахсий озодалик доирасида қилиши лозим бўлган ишлар англанади. Бу соф табиат суннатларига қуйидагилар киради:
- Мўйлабнинг лаб устига ўсиб тушган қисми қирқилиб, лабнинг қизғиш қисми яхшилаб очилиши, унга мўйлабнинг туклари тушмаслиги;
- Тиш ва оғизни тозалаб юриш;
- Бурунга сув олиб тозалаш;
- Тирноқларни қисқартириш. Тирноқлар ўсганда вақти-вақти билан қисқартириб турилмаса тагига кир тўпланади ва турли касалликлар келиб чиқишига сабаб бўлади. Олинган тирноқлар ва сочларни кўмиб ташлаш лозим бўлади. Бироқ, таҳоратхона ёки ювиниладиган жойга ташлаб бўлмайди ва сочни сотиш ҳам мумкин эмас;
- Баданнинг букиладиган жойларини яхшилаб ювиш. Бундан инсон баданининг кир тўпланиб қоладиган бўғимлар, киндик, қўлтиқ каби жойлар кўзда тутилган. Албатта, бундай жойлар яхшилаб ювилмаса кир тўпланиб одамдан нохуш ҳид чиқиши, тўпланган ифлосликлар касаллик келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин;
- Қўлтиқдаги юнгларни юлиш. Мусулмон одам қўлтиғи остидаги юнгни тез-тез тозалаб туриши лозим. Бу шариатнинг амри, барча пайғамбарларнинг суннатидир. Қўлтиқ юнги қирилади ёки бирор юнг туширадиган модда билан тозаласа ҳам бўлади;
- Қовуқдаги юнгни қириш. Бунда инсоннинг жинсий аъзоси атрофидаги юнгларни кетказиш кўзда тутилади.
- Сув ила истинжо қилиш (ахлатни кетказиш).
- Ўғил болаларни хатна қилдиришлик. Халқимиз орасида баъзида “уч, беш, етти, тўққиз яъни тоқ ёшларда хатна қилдириш керак, жуфт ёшда хатна қилдириш мумкин эмас” деган тушунча мавжуд. Хатна қилишлик Ҳанафий мазҳаби бўйича боланинг ҳолатига қараб қилинади. Болани тоқ ёшда хатна қилдиришлик шарт эмас. 
Аллоҳ Таоло ўзимизни ҳам, зурриёдларимизни ҳам имонда, покликда бардавом қилиб икки дунёда барчамизга яхшилик ато этсин. 

Шофиркон туман бош имоми Жасур Латипов.
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram