БУХОРОНИ “ҚУББАТ УЛ-ИСЛОМ” ЭТГАН ЗОТ
02 декабр 2022 й.
535 марта ўқилди.

БУХОРОНИ “ҚУББАТ УЛ-ИСЛОМ” ЭТГАН ЗОТ
Юртимиз жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири ҳисобланиб, бу табаррук заминдан не-не олиму фузалолар, алломаю мутаффаккирлар, авлиё ва машойихлар етишиб чиққан. Уларнинг буюк хизматлари ва шарофатлари билан ўлкамиз юксак мақом ҳамда мартабаларга эришган. Хусусан, Бухоро  X асрда Абу Хафс Кабир туфайли “Қуббот ул-ислом” – “ислом дининг гумбази” каби унвонга эга бўлган.
Буюк фиқҳшунос олим Абу Хафс Кабир Бухорий 767 йилда Бухоро шаҳрида туғилган. Бухородан Бағдодга бориб Имом Муҳаммад Ҳасан Шайбонийга шогирд тушган. X аср тарихчиси Муҳаммад Жаъфар ан-Наршахийнинг “Бухоро тарихи” ва “Фаводил-ал Бахия” номли асарларида мазкур буюк уламонинг ўз даврида кўзга кўринган мутааххирларидан, машҳур фақиҳлардан бири бўлганлиги айтиб ўтилган. 
Абу Ҳафс Кабир ҳаёти ва фаолиятини кўп йиллар тадқиқ этган бухоролик йирик тарихчи Нарзулла Йўлдошев ўз асарларида ҳазрат тўғрисида кўплаб муҳим аҳамиятга эга маълумотлар келтирган. Ривоятларга қараганда ҳожилар карвони ҳаждан қайтиб Имом Хафс Кабирнинг ҳузурига бориб, ундан маслаҳат сўрар эканлар. Шунда Абу Хафс: “Ўзинг Ироқдан келаяпсан, нима учун Ироқ олимларидан сўрамадинг?”, дер экан. Улар эса: “бу масалада Ироқ олимлари билан мунозара қилдик, жавоб беролмадилар. Буни Хода Абу Ҳафс Кабир Бухорийдан сўранглар дедилар”, деб жавоб қайтарган эканлар. 
Абу Хафс шу даражада салобатли ҳамда буюк уламо бўлган эканки, унинг олдига борганингизда ҳеч бир сўз айтолмай қолар экансиз. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун шахсан Бухоронинг ўша пайтдаги амири Муҳаммад Толут ҳазратнинг олдиларига боради. Абу Хафс унга савол билан мурожаат қилганларида, амир гапирмоқчи бўлиб қанча уринмасин, бир сўз ҳам айта олмабди. Бухоро амири ўз саройига қайтиб вазирларига, “мен бир неча марта Араб халифаси ҳузурига бориб, у билан сўзлашганман. Халифанинг ҳайбати мени сўзлашдан тўхтата олмаган эди, аммо Абу Хафзнинг салобатидан сўз айта олмай қолдим” деб жавоб берибди.      
Бу улуғ зот кароматпеша бўлиб, одамларнинг мушкулини осон қилиш қобилиятига эга бўлган. У киши шаҳар аҳлини тўплаб кўплаб маърифий суҳбатлар ўтказиб турган. Ҳазратнинг суҳбатларида бева-бечоралар, дардмандлар, кўзи ожизлар ҳам қатнашишар, суҳбатни эшитган заҳотиёқ кўзи ожизларнинг кўзи очилиб, дардмандлар дардан фориғ бўлиб кетишган. Суҳбатда бўлган ҳар бир кишининг ҳожати барор бўлгани учун бухороликлар ҳозирги вақтга қадар ҳам бу кишини Имоми Ҳожатбарор (Ҳожат чиқарувчи имом) деб аташади.
Ҳазрати Имом Ҳожатбарорнинг мақбаралари Бухоронинг 7 та (кейинчалик 11 та) дарвозаларидан бири ҳисобланган “Дарвозаи Нов” (ҳозирги Ҳазрат Имом) дарвозаси қаршисидаги тепаликда жойлашган. Ҳозир ҳам бу тепаликни “Ҳазрати Имом Ҳавз тепалиги” деб атайдилар.   
XX аср бошларида бу тепаликдаги масжид ва ибодатхонларда ҳамиша маҳаллий аҳоли кўп бўлиб, уларнинг кўпчилиги Абу Хафс Кабирнинг қабри ва тупроғини табаррук деб билган, у жойни “Ҳарраҳ” (Ҳақ йўл) деб атаганлар. Одамлар ўша ерга бориб фатво олишган. Унинг фатвосини Бухоро ҳукмдорлари ҳисобга олишга мажбур бўлган. Ўша даврдаги Бухоро ҳукмдорлари ва вазирлари ҳам Абу Ҳафс Кабир билан ҳисоблашган. Сабаби, Ҳазрати Имом Бухоро уламолари орасида катта нуфузга эга бўлган. Ҳаддан ташқари муридлари кўп бўлган. Олимдан бизгача фақатгина «Ал-Аҳвоъ-вал-ихтилоф» («Ҳавойи гаплар ва келишмовчиликлар»), «Ар-радду алал-Лафзийя» («Юзаки қаровчиларга раддия») номли китоблари етиб келган. 
Имом Ҳафз Кабир Бухорий ҳақида бухороликлар орасида қадимдан қолган машҳур бир ривоят сақланиб қолган. Ҳозирги Ҳазрати Имом қабристонида бир майдонча бўлиб, халқ бу жойни “Уштур гардон” (“Туя қайтиши”) деб атайди. Ривоятда келтирилишича, Абу Ҳафз Кабир араб шаҳарлари Макка, Мадина, Бағдод, Шом ва бошқа шаҳарларга бориб, у ердаги олимлардан кўп илм ўрганади. Қирқ йил илм олиб, имомлик лавозимига эга бўлади ва ўзи тўплаган, ёзган китобларини қирқта туяга ортиб ўз она шаҳри Бухорога келади. Бухоронинг “Нов” (кейинчалик “Ҳазрати Имом”) дарвозасига кечқурун етиб келади. Бу пайтда Бухоронинг ҳамма дарвозлари қулфланган бўларди. Хожа эшикни таъқиллатади ва мен Абу Хавс Кабирман дея дарвозабон соқчига ўзини таништиради. Дарвозабон: - “Бизлар Абу Хафс Кабирнинг донишмандлигини ва унинг бутун дунёда шуҳрати тарқалганлигини эшитганмиз. Агар сиз ҳақиқатдан Имом Ҳафс Кабир бўлсангиз, менинг ягона саволимга жавоб берсангиз, мен сизни шаҳарга қўяман”.
Абу Хафс Кабир рози бўладилар. Дарвозабон: “Камоли имон нима?” деб савол беради. Имом хаз Кабир жуда кўп нарсаларга жавоб берадилар. Аммо дарвозабон жавоблардан қониқмайди. Шундан сўнг, Абу Хафс: “бир дарвозабон саволига жавоб беролмадим, эртага Бухоро уламоларига қандай жавоб бераман”, деб китобларни қирқта туяга юклаб, ўқишни давом эттириш учун яна Арабистонга қайтиб кетганлар. Шу сабабдан бу ҳудуд “Уштур гардон” – “Туя қайтган жой” деган номни олган. Саволнинг жавоби эса – сабр-тоқат бўлган. Дарвозабон бу саволни беришидан мақсад – дарвозаларнинг калитлари Аркка миршаб томонидан олиб кетилган, калитларни эрта тонгда олиб келишади, шунгача сабр-тоқат қилинг, демоқчи бўлган. 
Абу Хафс Кабир 832 йилда Бухорода вафот этади. Қабрлари Ҳазрати Имом қабристонидаги тепаликка қўйилган. Собиқ Шўролар даврида зиёратгоҳ жуда хароба ҳолга келиб қолган эди. Мақбарага шўрланиш жуда қаттиқ таъсир кўрсатади. Мустақиллик шарофати билан қадамжойда мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Бухоройи Шарифнинг улуғ намоёндаси учун қайтадан мақбара бунёд этилади. Абу Ҳафс Кабир Бухорийнинг муқаддас мақбараси 2010 йилда қайта қурилди. Баландликда қад кўтарган мақбарага зинопоя орқали чиқилганда инсон қалбини қандайдир илоҳий туйғулар эгаллайди. Буюк қомусий аллома пок руҳига мурожат қилиб, муродлар ҳосил бўлишига мадад сўрайсиз. Шунда вужудингиз енгиллашиб, кўнглингиз шод бўлади. Абу Ҳафс Кабир ва ул зотнинг яқинлари муқаддас қабрлари устида гумбазли кўркам мақбара қурилган бўлиб, мармартошларга ёзув ва нақшлар билан зеб берилган. Абу Ҳавс Кабир Бухорийнинг қабр тошида: “Мовороуннаҳр олимлари ва диншуносларининг устози”, деган ёзув бор. Афсоналарга кўра Имом ҳожатбарор мозорининг ёнидаги тепаликда Афросиёб ҳам дафн этилган эмиш.   
Мақбара салобатли иншоот бўлиб яқинлашган сари одамни ҳаяжонлантиради. Мақбара Имоми Ҳожатбарор даври (IX аср) меъморчилик услубида барпо этилган бўлиб, унинг атрофида зиёратчилар учун айвон қурилган. Истиқлол қуёши туфайли табаррук масканда янги салобатли мақбара, икки қаватли масжид ҳамда зиёратгоҳ ташқи қисмида Ҳазрати Имом дарвозаси, хуллас XXI аср обидаси бунёд этилди. Мақбара Исмоил Сомонийнинг биносига қиёсланиб, намуна олиб, янги қиёфада тикланди. Бинони қуришда шарқона меъморчилик услубларидан унумли фойдаланилган. Мақбарани ўраб турган нозик ўймакорлик санъатини ўзида мужассам этган айвон ҳам композисияга алоҳида кўрк бағишламоқда. Тарихий-меъморий мажмуада янгидан қурилган масжидга кирар экансиз, кўзингиз ҳашаматли ҳамда нозик нақш ва безаклар билан ишланган пештоққа тушади. Масжидннг бошқа бинолардан фарқли томони унинг гумбази ярми қурилган, ярми эса қурилмай қоқ ўртасидан ойна билан ёпилган. Бундай қилинганига сабаб, ойналар қуёшга қаратилган, шу билан таралган нур масжига кириб, бинони тўлиқ ёритади. Зиёратгоҳнинг йўл ёқасида ўз ўринда қайта тикланган “Имом дарвозаси” эса мажмуага кириш остонаси, рамзий дарвозаси бўлиб ҳисобланади.  Бу жой нафақат бухороликларнинг, балки республикамиз ҳамда хориждан келадиган меҳмонларнинг муқаддас ва табаррук маскани ҳисобланади. 
Шавкат БОБОЖОНОВ,
Ўзбекистон Фанлар академияси 
Тарих институти таянч докторанти
 

 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 06:00
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram