САБР ФАЗИЛАТДИР
22 сентябр 2020 й.
960 марта ўқилди.

 

САБР ФАЗИЛАТДИР

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Инсонлар бу дунёда бошларига келган барча синовларга сабр қилишлари лозим. Сабр инсоний фазилатларнинг энг гўзалидир. Бу борада муборак динимиз ва мукаммал шариатимизда қуйидагилар баён қилинган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилади”, дедилар Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Бу – Аллоҳ сизга ғазаб қилгани ёки жазолаганини билдирмайди. Аксинча бу  раҳматдир. Зеро, мусибат орқали Аллоҳ ўз бандаларини синаб, Ўзига яқин қилади ва гуноҳларни мағфират этади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бир ҳадиси шарифда бундай деганлар: “Яхшиликлар катта синовлар билан келади. Қачонки Аллоҳ бир бандасини яхши кўрса, ўша бандасига бир синовни юборади. Агар банда синовга сабр қилса, Аллоҳнинг раҳматига эришади, аммо сабрсизлик қилса Унинг ғазабига дучор бўлади”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат ва фақат сабр қилишга чорлаб келганлар. Зеро Аллоҳ таоло ояти каримасида "Хеч шак-шубҳа йўқки, сабр тоқат қилувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур" (Зумар сураси, 10-оят). Оятдан кўриниб турибдики Аллоҳ таоло сабр қилувчиларни юқори мартабаларга кутариб қўяди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни синовга учратур», дедилар. Демак биз ўз сабримиз билан Аллоҳ таолога яқин бўлар эканмиз. Шунинг учун доимо сабрда бардавом бўлишимиз керак.
Улуғларимиз сабрни учга бўлишган.
Биринчиси, Аллоҳ таоло банданинг молига ва жонига бир талофат юборганда савоб умидида сабр қилишликдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни синовга учратур», дедилар. Ана шундай кўпроқ учрайдиган синовлардан бири бу – беморлик. Одатда соғлиги, ҳаловатини йўқотган бемор, соғлом одамга нисбатан кўпроқ Аллоҳни ёдга олади ва гуноҳларига пушаймон бўлади. Бу билан бандага тавба ва истиғфор эшиклари очилиб, Аллоҳнинг марҳаматига ноил бўлади.
Иккинчиси, Аллоҳ таоло буюрган ибодатларни адо этишда дуч келинган машаққат ва қийинчиликларга Аллоҳ таолодан даража умидида сабр қилишлик. Сабр бу – чидамли бўлишдир. Инсон нафсига ёқмайдиган ҳодисаларга рўбарў бўлганда Аллоҳдан савоб умидида, уларга чидашлик, ўзини йўқотмаслик, ножўя сўзлардан ва ҳаракатлардан тийилишдир. Ушбу ҳолатга эса бизни Роббимиз буюрган. Аллоҳ таоло айтади: "Эй иймон келтирганлар! Сабр қилиш ва намоз ўқиш билан (Мендан) мадад сўранглар! Албатта Аллоҳ сабр қилувчилар билан биргадир" (Бақара сураси,153-оят).
Учинчиси, гуноҳ ва маъсиятдан тийилишда, нафс ва шайтоннинг макридан сақланишда Аллоҳ таолодан қўрқиб сабр қилишлик. Бу уч ҳолатнинг қайси бирига тушишликдан қатъий назар, уларга қилинган сабрларнинг ажри беҳисобдир. 
Хулоса шуки, сабр инсон иймонининг мукаммаллигидандир. Чунки, иймоннинг бир бўлаги яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолонинг изнисиз эмаслигига ва қазои қадарга ишонишликдир. Шунинг учун Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: "Кимнинг сабри йўқ бўлса, унинг дини йўқдир", деганлар. Бу бежиз эмас албатта. Чунки, сабр қилган инсон Аллоҳнинг қадарига, у учун ёзиб қўйган тақсимотига, Роббисининг имтиҳонига таслим бўлган ҳисобланади. Бу эса айнан диннинг бир бўлагидир. Айнан шунинг учун ҳам, сабрнинг мукофоти жаннатдир. Бу ҳақда ҳадиси Қудсийда Аллоҳ таоло айтади: “Мўмин бандаларимдан бирортасининг дунё аҳлидан бўлган севимли кишисини олиб қўйсам, сўнгра савоб умидида сабр қилса, унинг мукофоти фақат жаннатдир”.
Умматлари учун ҳар бир ишда намуна бўлган зот Муҳаммад алайҳиссалом сабр бобида тенгсиз эдилар. У зотнинг сабрларини ифода этиш, ёзиб тугатиш учун умрлар етмайди. Гарчи, Аллоҳнинг суюкли бандаси бўлишларига қарамай умрларининг аксар қисми синовлар, имтиҳонлар қийинчилик ва машаққатлар билан ўтди. Бироқ, у зот бирор марта ҳолларидан шикоят қилмадилар. Чиройли сабр ила Роббиларидан мадад сўрадилар. У зотнинг ҳаётларида бўлган биргина мисол, у зотнинг тилларидан чиққан бир оғиз сўз барча мўминлар учун катта сабоқ ва кўрсатмадир.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзандлари Иброҳимнинг ҳузурига кирдилар. Иброҳим жон талвасасида эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзларидан ёш тўкила бошлади. Шунда Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу: “Сиз ҳамми Ё, Расулуллоҳ! (яъни, сиз ҳам йиғлайсиз-ми?), дедилар. Шунда у Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кўз ёш тўкилади, қалб маҳзун бўлади ва биз фақат Роббимизни рози қиладиган сўзларни гапирамиз. Биз сенинг фироқингга маҳзунмиз эй, Иброҳим”, дедилар.
Эътибор беринг, Аллоҳ таоло дунё аҳлидан бўлган, фоний бир йўқотиш учун, боқий дунёда, абадий ҳаётда жаннат ваъда қилмоқда. Шарт шуки, “савоб умидида сабр қилса...”.
Аллоҳ таоло барчамизни гуноҳлардан сақланишимизга, хайрли амаллардаги машаққатларни енгишимизга ҳамда имтиҳонлардан ажр билан чиқишимизга кифоя қилгудек сабр билан сийласин

Бухоро шаҳар “Сайфиддин Бохарзий” жомеъ масжид
имом-хатиби Камолов.Р
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram