НАБИЙ АЛАЙҲИССАЛОМГА САЛАВОТ АЙТИШНИНГ СИР-СИНОАТЛАРИ
08 октябр 2017 й.
2658 марта ўқилди.

НАБИЙ АЛАЙҲИССАЛОМГА САЛАВОТ АЙТИШНИНГ СИР-СИНОАТЛАРИ

Аллоҳ таоло Ўзининг буюк китобида марҳамат қилади:

«Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтинглар!» («Аҳзоб» сураси, 56-оят).

Муфассир уламолардан бири имом Қуртубий ушбу оятнинг тафсирида қуйидагиларни айтадилар: «Аллоҳнинг (У зотга) салавоти бу унинг раҳмати ва ризосидадир. Фаришталарнинг салавоти эса дуо ва истиғфор маъносида бўлади. Умматнинг салавоти эса дуо ва у Зотнинг буйруқларига ҳурмат кўрсатишдадир».

Дарҳақиқат, Муҳаммад алайҳиссаломга салавот ва саломлар тилаб дуо қилиш жуда савобли иш ҳисобланади. Бунга ҳадисларда ҳам кўплаб тарғиботлар келган.

Азизлар, сизнинг диққатингизни ушбу Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифга қаратмоқчимиз: «Набий алайҳиссалом: «Менга кўп салавот айтинглар. Албатта Аллоҳ менинг қабрим ёнида бир малоикани вакил қилиб қўйгандир. Қачонки умматимдан бир киши менга салавот айтса, ўша малоика менга: «Эй Муҳаммад! Сенга фалончининг ўғли фалончи шу соатда салавот айтди», дейди» (Дайлами ривояти).

Биламизки, ҳозир барча маййитлар Барзах (қабрдан Қиёматгача бўлган) оламда яшайдилар. Улар тирикларни эшитишмайди. Аммо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёдан кўз юмган бўлсалар ҳам, бундан улар истиснолар. Аллоҳ таоло бир мўмин киши у Зотга шу дунёда турибоқ  салавот айтишни хоҳласа, У зотга тўғридан-тўғри етиб боришини фақат шу биргина салавот айтиш йўли билан васила қилиб қўйди.

Бунинг учун биз ҳадисда айтилгандек кўплаб салавот айтиб юрсак, У зот алайҳиссалом бизнинг ва отамизнинг исми билан барча салавотларни етказиш учун вакил қилинган фаришта орқали бизни таниб, салоту саломларимизга алик олар эканлар. Бу сўзимизни қуйидаги ҳадиси шариф ҳам тасдиқлайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор киши менга салом айтса, Аллоҳ таоло руҳимни менга қайтаради. Мен салом айтган кишига алик оламан», - дедилар" (Абу Довуд ривояти).

Дониёр Файз

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 05:58
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram