ШАВВОЛ ОЙИ РЎЗАСИ
27 май 2020 й.
80 марта ўқилди.

 
ШАВВОЛ ОЙИ РЎЗАСИ

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 183-оятида мўмин бандаларига Рамазон ойида рўза тутишни фарз қилган. Алҳамдулиллаҳ, ҳар биримиз зиммамиздаги бу фарзни имкон қадар бекаму кўст бажариб келмоқдамиз.
Шу билан бир қаторда рўза туфайли кўплаб баракаларни қўлга киритамиз. Шарофатли ойнинг фазилатларидан насибадор бўламиз. Қалбимиз покланади, руҳиятимиз сайқалланади, фикримиз тиниқлашиб, баданимиз тетиклашади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларини Рамазондан ташқари бошқа ойларда ҳам нафл рўза тутишга тарғиб қилганлар. Ўзлари бу борада барчага намуна бўлганлар. Ана шу рўзалардан бири Шаввол ойида тутиладиган рўзадир.
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади», – дедилар» (Муслим ривояти). 
Ҳаммада нега энди айнан олти кун деган табиий савол туғилади. 
Ҳадиси шарифда Шаввол ойида олти кун тутилган рўза худди бир йил рўза тутганга ўхшатилди. Бунинг сабаби шундаки, битта яхшилик ўн баробарга кўпайтирилади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: 
«Ким (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)...» (Анъом сураси, 160-оят), деб марҳамат қилган. 
Рамазон ўттиз кундан иборат. Унинг ўн баробари ўн ой, яъни уч юз кун бўлади. Шавволдаги олти куннинг ўн баробари эса икки ой, яъни олтмиш кунга тенгдир. Демак, уларни қўшиб ҳисоблаганда Рамазон ойи рўзасини тутиб, унинг кетидан яна олти кун рўза тутган киши бутун йилни рўзадор ҳолатда ўтказгандек савобни қўлга киритади. Фақат Рамазон ойи билан чекланганлар эса бу савобдан маҳрум бўлиб қолишлари мумкин. 
Пайғамбар алайҳиссалом шунинг учун умматларига буни тавсия этганлар. Бу тавсияга ҳар йили амал қилган одам умр бўйи рўза тутганлик савобига эга бўлади. 
Энди бу олти кун ойнинг қайси кунлари бўлиши кераклиги ҳақида тўхталсак. Ушбу олти кунни ҳар ким имкониятига қараб тутаверади. Хоҳласа кетма-кет тутади, хоҳласа бўлиб тутади. Истаса ой давомида тутади, истаса ойнинг душанба ва пайшанба кунлари тутади. Энг афзали ҳайитдан кейин кетма-кет тутишдир. 
Ибн Ражаб роҳимаҳуллоҳ «Латоифул Маъориф» китобида шундай ёзадилар:
«Рамазондан сўнг рўзани давом эттиришда жуда кўп фойдалар бор, булардан:
Рамазондан сўнг шаввол ойининг олти кунида рўза тутиш бир йил рўза тутганлик савобини беради;
Шаъбон ва Шаввол ойлари рўзалари фарз намозларидан аввал ва кейин ўқиладиган суннат намозлари кабидир, бу билан фарз амалда бўлган нуқсонлар ўрнини тўлдиради. Албатта қиёмат куни фарз амаллар нафл амаллар билан тўлдирилади. Кўпчилик инсонларнинг фарз рўзаларида нуқсонлик бор, шунинг учун бу нарсанинг ўрнини тўлдирувчи амалга муҳтож бўлади;
Рамазон рўзасидан сўнг рўза тутишни одат қилиш Рамазон рўзасининг қабул бўлганлиги аломатидандир, чунки Аллоҳ таоло бир банданинг амалини қабул этса, уни яна бир солиҳ амалга муваффақ қилади;
Албатта, Рамазон рўзаси ўтган гуноҳларнинг мағфиратига сабаб бўлади ва Рамазонда рўза тутганлар ўз амаллари учун ҳайит куни савобларини тугал қилиб олишади. Ийди фитрдан кейин рўзани давом эттириш неъмат учун шукрона бўлади, чунки гуноҳларнинг мағфират бўлишидан улуғ неъмат йўқ;
Албатта, банда ўз Роббисига қилаётган амаллари Рамазон тугаши билан тўхтаб қолмайди, балки у банда ҳаёт экан бу амаллар ҳам давом этаверади. Кўп инсонлар Рамазон тугашига хурсанд бўлишади, бу рўзанинг уларга малол келганлиги ва оғирлик қилганидандир. Кимдаким шундай бўлса, у рўзага тезда қайта олмайди. Ийд Фитрдан сўнг рўзага тезда қайта олган инсон рўза тутишда рағбати борлигини ва рўза унга оғирлик қилмагани ва малол келмаганини билдиради». 
Шаввол ойида олти кун рўза тутишнинг яна бир томони, бу ўз моҳияти билан мусулмон кишининг рўзадан зерикмаганини ҳам ифода этади.
Олти кун нафл рўзанинг ўрнига қазоси борлар олти кунлик қазо рўзани ният қилиб тутса ҳам яхши бўлади. Чунки қазо бўлган рўзаларни мазкур кунларда тутиш билан ҳам айни савобга эришилади.
Хусусан аёллар ҳайзи туфайли одатда Рамазон ойи давомида ўрта ҳисобда олти кун рўза тутишмайди. Улар бунинг қазосини рўзадан кейин тутиб беришади. Азизларимиз уларни яккалаб қўймаслик учун оила бошлиғи сифатида аёллари билан қўшилиб, нафл рўза тутишларининг ҳикмати ҳам ана шунда.
Гап авом халқ айтганидек, қирқига чидаган қирқ бирига ҳам чидашида эмас. Куннинг салқинлашиб қолгани ёки парҳезда ҳам эмас. Балки мақсад суннатни маҳкам тутиш, солиҳларнинг йўлидан юриш, оилага гўзал ўрнак бўлиш, савобни қўлга киритиш, бир йил рўза тутишдек бахтга эришиш, гуноҳларнинг каффоротини қўлдан чиқармасликдадир.
Шундай экан, бу нарсада асло бепарво бўлмайлик. Шояд шафоат қилинишимиз, жаннатга киришимиз, дўзахдан сақланишимиз, гуноҳларимизнинг кечирилиши, Аллоҳ таолонинг розилигига эришишимизга шу амалимиз сабаб бўлса, не ажаб.

Эркин ҚУДРАТОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:40
Куёш: 05:30
Пешин: 13:10
Аср: 18:30
Шом: 20:15
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram