TIL OFATLARI
22 июн 2022 й.
574 марта ўқилди.

 
TIL OFATLARI

Динимизда мўминнинг сўзи амали каби эътиборлидир. Тилнинг тоати ҳам, исёни ҳам катта бўлади. Масалан, имон келтириш – тилнинг тоати ва куфр келтириш – тилнинг исёнларидан биридир. Никоҳ ва талоқ масалаларида ҳам мўмин ва мўминаларнинг бир оғиз сўзи ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Розиликни ифодаловчи сўз билан икки бегона инсон бир умрлик жуфтга айланади ёки ажралишни билдирадиган сўз билан эр-хотин бир биридан ажралади. Аллоҳ таоло бандаларининг ҳар бир сўзи ҳисобда эканини бизга билдириб, шундай дейди: 
مَا يَلْفِظُ مِنْ قَوْلٍ إِلَّا لَدَيْهِ رَقِيبٌ عَتِيدٌ  (سُورَةُ ق الْاَيَةُ-17)
яъни: “У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир” (Қоф сураси, 17-оят).
Демак, фаришталар одамлар гапираётган, амалга ошираётган савоб ёки гуноҳ сўз ва амалларни ёзиб борадилар ҳамда бу китоб қиёмат кунида ўқиб кўриши учун кишининг ўзига тақдим этилади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабалга динимизда ишнинг боши, асоси ва чўққиси нима эканини айтиб, мана шу яхшиликларнинг асли тилни сақлаш билан бўлишини баён қилдилар. Муоз разияллоҳу анҳу бундан ажабланиб: “Ҳали гапирган нарсаларимиздан ҳам жавобгар бўламизми?” деганларида Пайғамбаримиз шундай дейдилар:  
... ثَكِلَتْكَ أُمُّكَ، وَهَلْ يَكُبُّ النَّاسَ في النَّارِ على وُجُوهِهِمْ إِلاَّ حَصَائِدُ ألْسِنَتِهِمْ
(رَوَاهُ الْاِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)
яъни: “...Онанг сенга йиғласин, одамларни дўзахга юзлари билан йиқитадиган нарса фақат тилларининг ҳосилидир” (Имом Термизий ривояти).
Мана шу ҳадисдан билинадики, тилни сақлаш барча яхшиликларнинг аслидир. Чунки тилнинг исёнига: энг катта гуноҳ бўлган ширк, Аллоҳ таоло ҳақида билмаган нарсасини гапириш, ёлғон гувоҳлик бериш, сеҳр, бўҳтон, ғийбат, чақимчилик ва бошқа сўзга боғлиқ гуноҳлар киради.
Тилни сақлаш тўғрисида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
...وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَوِ لْيَصْمُتْ
(رَوَاهُ الْاِمَامُ الْبُخَارِيُّ)
яъни: “...Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса, яхши (гаплар)ни гапирсин ёки жим турсин” (Имом Бухорий ривояти).
Ёлғон гувоҳлик бериш ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади:
فَاجْتَنِبُوا الرِّجْسَ مِنَ الْأَوْثَانِ وَاجْتَنِبُوا قَوْلَ الزُّورِ (سُورَةُ الْحَجِّ الْاَيَةُ-30)
яъни: “Бас, бутлардан иборат нажосатдан узоқлашиб, ёлғон сўздан ҳам четда бўлингиз!” (Ҳаж сураси, 30-оят). Ояти каримада ёлғон гувоҳликнинг бутларга сиғиниш билан ёнма-ён зикр қилиниши ёлғон гувоҳликнинг катта гуноҳлигига ишора қилади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам катта гуноҳларни санаб шундай огоҳлантирадилар:
اَلشِّرْكُ بِاللهِ وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ وَقَتْلُ النّفْسِ وَقَوْلُ الزّورِ (رَوَاهُ الْاِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)
яъни: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш ва ёлғон гувоҳлик бериш” (Имом Термизий ривояти). Диққат қилсак, ҳадиси шарифда ҳам ёлғон гувоҳлик бериш Аллоҳга ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш каби катта гуноҳлар билан бирга зикр қилинмоқда.
ийбат  ҳам тил офатларининг каттаси ва жамиятда кенг тарқалганидир. Ғийбат – бир кишини йўқлигида унга ёқмайдиган гап (сифат) билан ёдга олишдир. Ғийбатни Қуръони каримда вафот этган биродарининг гўштини ейишга ўхшатилади:
وَلَا تَجَسَّسُوا وَلَا يَغْتَبْ بَعْضُكُمْ بَعْضًا أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أَنْ يَأْكُلَ لَحْمَ أَخِيهِ مَيْتًا فَكَرِهْتُمُوهُ
وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ تَوَّابٌ رَحِيمٌ
 (سُورَةُ الْحُجُرَاتِ اَلْاَيَةُ-12)
яъни: “(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими! Уни ёмон  кўрасизку  ахир. Аллоҳдан  куркингиз ! Албатта, Аллоҳ  тавбаларни кабул  килгувчи  ва раҳмли  зотдир" ( Хужурот  сураси, 12- оят).

Ромитан туман “Хокимулломир” жомеъ масжид 
имом-хатиби Ғолиб Муротов
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram