Турли миш-миш ва асоссиз маълумотларни тарқатиш ҳаром
09 апрел 2020 й.
1003 марта ўқилди.

 

Турли миш-миш ва асоссиз маълумотларни тарқатиш ҳаром

Ислом шариатида турли миш-мишлар тарқатиш ва уни ривожлантириш қораланган. Чунки у, одамлар вабога қарши курашиш учун раҳбарларнинг атрофида жамланиб, жипслашиш зарур бўлган бир пайтда уларда, хавотир, иккиланиш ва саросима кабиларни келтириб чиқаради. Ҳолбуки, ўзаро жипслик ҳар қандай жамиятнинг қувват таянчидир. Қуръони Карим миш-миш тарқатувчи тоифанинг хатаридан огоҳлантирган ва уларни мунофиқлар, қалбида касали борлар қаторига қўшган. Уларнинг ҳаммасини ҳалокат билан қўрқитган:
"لَئِنْ لَمْ يَنْتَهِ الْمُنَافِقُونَ وَالَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمْ مَرَضٌ وَالْمُرْجِفُونَ فِي الْمَدِينَةِ لَنُغْرِيَنَّكَ بِهِمْ ثُمَّ لا يُجَاوِرُونَكَ فِيهَا إِلا قَلِيلا" (الأحزاب: آية 60)
яъни: “Қасамки, агар мунофиқлар, дилларида бузуқлик бўлган кимсалар ва Мадинада миш-миш тарқатиб юрувчилар (ўз қилмишларидан) тийилмасалар, албатта, Биз Сизни уларга қарши қўзғатурмиз, сўнгра улар (Мадинада) озчиликдан бошқаси Сиз билан ёнма-ён тура олмай қолурлар”. (Аҳзоб сураси 60-оят). 
Мазкур ояти каримадаги “Муржифлар” бугунги кун луғати билан айтганда, миш-миш тарқатувчилардир. Шунинг учун ҳам шариатимиз тилни сақлаш, жамиятда бир хабар тарқатишдан аввал унинг оқибатлари ҳақида ўйлаб, аниқлик киритиб олишга буюрган. Аллоҳ таоло айтади: “Эй, имон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”. (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Мана шу ояти каримада ҳар бир инсон эшитган гапини текшириб, унинг манбаси рост ёки ёлғон эканини билмасдан туриб гапирмасликка, акс ҳолда ўзи билмаган равишда бошқаларга озор бериб, надомат ва пушаймонликка тушиб қолмасликка буюрилмоқда.
Қуръони Карим ўзига келаётган хабарларни текширмай, уни ким гапирганига эътибор бермай тарқатишни мунофиқликнинг белгиси деб санаган. Аллоҳ таоло: "Қачонки уларга эминлик ёки ҳақ тўғрисида бир иш-хабар етса, уни таратурлар. Агар уни Пайғамбарга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан иш негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар. Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганда, озгинангиздан бошқангиз шайтонга эргашиб кетар эдингиз". (Нисо сураси, 83-оят).
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло хабарларни тўғри ёки нотўғри эканига қатъий ишонч ҳосил қилмасдан туриб, шошма-шошарлик билан ўзгаларга тарқатишдан қайтармоқда.
Бундан шуни хулоса қиламизки, ҳар бир инсон эшитган хабарлари тўғри ва  жамият ёки шахсларга зарар бермасагина уни тарқатишда аниқ ва ишончли манбаларга таяниши вожиб экан. Аммо хабар ёлғон бўлса ёки тўғри бўлсада уни тарқатиш оммага зарар келтирса, уни ёйишлик жоиз бўлмайди.
Ер юзининг аксар қисмига вабо тарқалган ҳозиргидек ҳолатларда одамларнинг қалбига хавф, қўрқинч ва умидсизлик соладиган хабарларни тарқатмаслик барчага баробар вожибдир.

Манбалар асосида тайёрланди.
ЎМИ Бухоро вилоят вакиллиги Матбуот хизмати
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 05:58
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram