Ваъдага вафо қилмаслик-мунфиқлик белгисидир.
17 октябр 2017 й.
5098 марта ўқилди.

 Ваъдага вафо қилмаслик-мунфиқлик белгисидир.

     Исломий одоб-ахлоққа кўра, ваъдага вафо қилиш, хиёнат қилмаслик инсонлар ўртасида ўзаро ишонч ришталарининг мустаҳкамланишига ва ҳамкорлик алоқаларини давомийлигига асос бўлади. Агарда бу одоб орадан йўқолса, кишилар бир-бирига ишонмай қўйишади. Оқибатда улар ўртасидаги меҳр-оқибат йўқолиб, ёлғончилик авж олади. Ҳар қандай мустаҳкам жамият ҳам  инқирозга юз тутади. Бугунги кунимизда ваъда бериб бажармаслик, ваъдабозлик, сўзида турмаслик оддий ҳол бўлиб бориятгани ачинарли бир ҳолдир. Кўринишидан ақлли, туппа-тузук киши билан гаплашамиз, ваъда беришади “Душунба куни келинг ҳужжатингизни тайёрлаб қўяман”,  “Сешанба куни келинг пулингизни аниқ қайтараман”, “ Чоршанба куни саоат 9-00 да учрашиб, гаплашиб оламиз, “ Пайшанба куни кутинг ўзим бораман” , “ Жума куни телефон қиламан”,  деб фақат сўз берилади ва шу сўз ўша жойнинг ўзида оғиздан тушиб, ер остига кўмилиб кетади, томом. Қанча-қанча ҳафта кунлари ўтади ҳужжат ҳам йўқ, пул ҳам йўқ, учрашув ҳам йўқ, телефони ҳам йўқ,  ваъда берган одамнинг ўзи-ку умуман йўқ.  Бу каби ваъдабозликлардан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Қани аҳдга вафо? Қани мусулмоннинг сўзига туриш фазилати? Қани ваъданинг устидан чиқиш масъулияти? Бу эътиборсизлигимиз билан ёлғончи, мунофиқ бўлиб қолмаяпмизми?

   Бундай кимсаларни жамиятда кўпайишига нима сабаб бўлияпди? Мабодо баъзида фарзандларимизга “фалон ишни қилсанг, у нарса олиб бераман”, “ бу жойга олиб бораман”, деб ишни бажарганидан кейин ваъдамизни устидан чиқмаслигимиз оқибатида яна бир бевафо, ваъдабоз, лафзсиз инсонни вояга етиб  қолмаяптими?

   Илгари вақтда “Бу йигитнинг лафзи ҳалол” деган, иборани кўпроқ эшитган бўлсак, бугунги кунда “Бу одамнинг лафзи йўқ”, “ Ҳозир одамларга ишонч, лафз қолмади” каби сўзларни тез-тез қулоғимизга чалинадиган бўлди. Мусулмоннинг  фазилатли сифатларидан бири ваъдага вафо қилишдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом берган ваъдаларига вафо қилишда умматларига намуна эдилар. Агар кимдир ваъдасида турмаса унга  мунофиқликдан бир аломат бор дедилар.

    Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мунофиқнинг учта аломати бор. Сўзласа, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади ва омонат қўйилса, хиёнат қилади, деганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

   Бу жойдаги мунофиқлик мусулмон одамнинг амалидаги кичик мунофиқлик ҳисобланади. Эътиқоддаги мунофиқлик эмас. Диний-ақидавий, истилоҳий маънода зоҳирида мусулмончиликни кўрсатиб, тили билан иймонни изҳор қилиб, ҳатто баъзи бир исломий амалларни ҳам бажариб юриб аммо қалбида куфрни, иймонсизликни яширадиган одамлар “ мунофиқ” дейилади.

  Аллаҳ таоло каломи Қуръонда уларнинг ҳолларини баён қилиб: “ Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг остки қаватидадирлар ва ҳаргиз уларга бир ёрдамчи топа олмассан”, деган. (Нисо сураси 145 – оят).

    Ваъдага вафо қилиш имоннинг асосий белгиларидан эканлигини Қуръони каримда Аллоҳ таоло бир неча оятларда баён қилган.

    Жумладан, Мўъминун сурасида имонли кишиларни таърифлаб бундай марҳамат қилади:

وَالَّذِينَ هُمْ لِأَمَانَاتِهِمْ وَعَهْدِهِمْ رَاعُونَ

 “Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғлаган) аҳд-паймонларига риоя этувчидирлар” (8-оят).

     Абдуллоҳ ибн Абу Ҳамсаа ( ра) дан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом билан Пайғамбар қилиб юборилишларидан олдин бир савдо иши қилдим. Менда у зотнинг бир оз ҳақлари қолди. Мен уни турган жойларида келтириб беришни ваъда қилдим. Аммо унутиб қўйдим. Уч кундан кейин ёдимга келди. Келсам, у зот жойларида турибдилар. Мени кўриб: “ Эй йигит, мени машаққатга қўйдинг-ку, уч кундан буён шу жойда интизор бўлиб турибман”, дедилар”.  Ваъдага вафо қилиш мана бундоқ бўлади. Пайғамбар бўлишларидан олдин Расулуллоҳ мана шундай ваъдага вафо қилиш билан ном чиқарганлар. Биз мусулмонлар бу ахлоқни унутмаслигимиз лозим.

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Аллоҳ азза ва жалла: “Мен қиёмат куни ушбу уч тоифа одамнинг душманидирман: Менинг номим билан онт ичиб ваъда бергач, ваъдасига вафо қилмаганнинг, озод одамни (қул қилиб) сотиб, пулини еганнинг ва бир одамни ёллаб ишлатиб, сўнг ҳақини бермаганнинг”, – дейди”.

     Зайд ибн Арқам( ра) дан ривоят қилинади: “ Набий алайҳиссалом: “ Қачон киши ўз биродарига ваъда қилсаю, ниятида вафо қилиш бўлса, аммо вафо қила олмай ваъда қилинган жойга кела олмай қолса, гуноҳ эмас”, дедилар”. ( Абу Довуд ва Термизий ривояти).

   Демак, киши бажаришни ният қилиб ваъда берган бўлсаю аммо беморлиги туфайли ёки бошқа бир узрли сабабга кўра кела олмаса гунаҳкор бўлмайди.  Имкон қадар олдиндан бораолмаслигини билдириб, огоҳлантириб қўяди. Бугун бунга имкониятларимиз етарли даражада.

   Таъкидлаш зарурки, мусулмон одам фақат яхшиликлар учун ваъдалашади. Аммо тушунмасдан, билмасдан, бузуқ ва шариатда ман қилинган бирор ишни қилишга ваъда бериб, унинг нотўғрилигини билгач, шу ваъдада турмаслик мунофиқлик эмас, балки ҳақиқий мусулмонликнинг аломати ҳисобланади. Ислом ҳукмига кўра, ёмон ниятларни амалга оширмаслик ва бузуқ ваъдаларга вафо қилмаслик зарурдир.

   Ўтган аждодларимиз “Йигит сўзидан, арслон изидан қайтмайди”, деган мақолни келажак авлодни ақлларига жойлаб, вужудларига сингдиришга ҳаракат қилишган. Бугун ҳаммамиз ўзимиздан бошлаб фарзанду – навираларимизни берган ҳар ваъдасига амал қилиб, сўзининг устидан чиқадиган ҳақиқий мусулмон, ҳақиқий мард қилиб тарбиялайдиган бўлсак орамиздаги ишонч ва муҳаббат мустаҳкам бўлади. Жамиятимиз янада обод бўлади.

   

 Ғиждувон туман   

« Соктари » жомеъ

масжиди имом хатиби:                                              Жасурбек Латипов.

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:34
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram