14 январ “Ватан ҳимоячилари куни”
14 январ 2017 й.
2900 марта ўқилди.

 14 январ “Ватан ҳимоячилари куни”

 БиринчиПрезидентимиз Ислом Каримов айтгандилар:“ Улуғ аждодларимиздан муқаддас мерос бўлиб келаётган  Ватанга муҳаббат туйғуси, фарзандларимиз, бугунги ва келажак авлодларимиз учун чинакам эътиқодга, чинакам ақидага айлансин ”, деб.
     Ватанга муҳаббат тушунчаси икки ҳолатда намоён бўлади. Биринчиси – жисмоний тарзда. Яъни: инсоннинг туғилган жойи, яшаб турган макони. Иккинчиси – маънавий ҳолатда бўлиб бу инсоннинг қалби ва онгига боғлиқ. Ҳайвонот оламига назар ташласак чумолидан тортиб, филгача ўзи туғилган, емиш ейиш учун белгилаб олган чегарани авайлайди ва лозим бўлганда ҳудудини ҳимоя қилади. Ҳайвонот оламидан ақли, онги билан устун бўлган инсон ҳам ўзи туғилиб ўсган она ватанини ташқи душманларнинг ҳужуми ва зарарли таъсирларидан ҳимоя қилиши лозим. Қачоники юрт тинч бўлса мамлакат обод бўлади, инсонлар олдиларига қўйган эзгу мақсадларига етишади, орзу-ҳавасларига эришади, қиладиган ҳар бир ишлари, касблари, тижоратлари, тоат ва ибодатлари, яшашларида ҳаловат ва хотиржамлик бўлади. Чегараси мустаҳкам юртни ва дарвозаси беркилган уйнинг одамлари қўрқув билмай кечани тинч ўтказади. Бизнинг Жалолиддин Мангуберди, Нажмиддин Кубро, Амир Темур сингари она юрт ҳимоячиси, жасур саркарда, давлат арбоби, ватанпарвар, тарихда ўчмас из қолдирган миллий қаҳрамонларимиз бўлган. Улар ватанга муҳаббатни иймондан деб билардилар ва ватан ҳимояси учун жон беришга тайёр эдилар. Ватан остонадан бошланади. Унинг ҳимояси ҳам шу ердан бошланади.       
     1993 йилдан эътиборан 14 январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни”- деб эълон қилинди.   Улар аввало ўз ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари, оилаларини ҳимоя қиладилар. Ўзлари туғилган шаҳар, қишлоқларни, қавму қариндошларини  бир сўз билан айтганда Она Ватанларини қўриқлайдилар.
     Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтадилар: “Кимки Аллоҳ таоло йўлида бир кун ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимки сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру-савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади”. Насоий ривояти.
   БиринчиПрезидентимизИслом Каримов айтганлар: “Ҳар қандай миллатнинг равнақи,  умумбашарият тарихида тутган ўрни, мавкеи ва шуҳрати бевосита ўз фарзандларининг ақлий ва жисмоний  етуклигигиа боғлиқдир”.  
   Пайғамбаримиз (сав) марҳамат қилиб: “ Болаларингизга сувда сузиш, камонда отиш ва от минишни ўргатинглар” деганлар. Ҳар қандай юртни ҳимояси жисмонан соғлом, маънан камол топган фидойи фарзандларига боғлиқ.
   ”Мирзо Бобурнинг қалб яраси ватанидан узоқлиги эди. У она юртини муҳаббатидан бир лаҳза булса ҳам узоқлашмади:  
   Толеъ йўқки жонимға балолиғ бўлди,
   Ҳар ишниким, айладим хатолиғ бўлди,
   Ўз ерни қўйиб Ҳинд сори юзландим,
            Ёраб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.
деб, юрагидаги дарди ва   ватанпарварлигини изҳор қилганди.
   Ватан билан ўзини бир бутунликда деб ҳис этган, виждони покиза одамда Ватан фойдаси, тараққиёти учун меҳнат қилишдан бошқа нарса бўлмайди.
    Ватаннинг, миллатнинг яхши – ёмони бўлмайди, ватан ва миллат танланилмайди. Инсонннинг ватани , она юрти  бўлиши Аллоҳнинг бандаларига берган неъматидир. Яхши фарзанд ўз авлодлари билан мақтанмайди, балки ўз аждодларига муносиб авлод бўлиб, хайрли ишлари билан келгуси авлодларига ибратли ном қолдиради. 
    Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Аслида Аллоҳ ҳимоячингиздир ва У ёрдам берувчиларнинг яхшисидир”.
     Аввали Аллоҳ бизни ҳимоя қилмаса, Ўзи ёрдам бермаса бизнинг қўлимиздан ҳеч нарса келмайди. Биз тинчлигимиз, ҳимоямиз учун қўлимиздан келганини қиламиз кейин Аллоҳга таваккал қиламиз. Бу ҳақиқий мусулмоннинг эътиқодидир.
     Аллоҳ таоло бутун дунё қаторида Она Ватанимизни турли хил балою – офатлардан ўз ҳифзи ҳимоясида сақласин. Юртимизни ҳимоя қилиб, уни хавфсизлигини сақлашда ҳаракат қилиб турган “ Ватан ҳимоячиларига” бу байрамини муборак қилсин.    
 
 
Ғиждувон туман   
« Соктари » жомеъ
масжиди имом хатиби:     Жасурбек Латипов.
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram