Ватан муҳаббати
12 январ 2017 й.
2226 марта ўқилди.

 Ватан муҳаббати

Одам Ато ва момо Ҳавво ер юзини маскан тутганидан бошлаб, уларнинг зурриёдлари томонидан турли жойлар ўзлаштирилди, обод этилди. Ер юзида яшаётган инсон зоти борки, туғилиб ўсган жойи унинг ватани ҳисобланади. У ўзини ватандан айри тасаввур этолмайди. 
Маълумки, ватанга бўлган муҳаббат ёшликданоқ ота-оналар томонидан сингдирилади. Кейинчалик устозлар тарафидан ватанпарварлик ғоялари имкон қадар ўргатилади. Инсон улғайган сайин юртга бўлган меҳри ҳам кучаявериши тайин ҳол. Чўлда туғилганларга чўл, тоғда таваллуд топган кишига тоғ, қишлоқда киндик қони томганларга эса қишлоқ ҳамма нарсадан қадрли саналиши ана шундан. У ёшлиги ўтган кўчаларни соғинади, қўмсайди...
Ҳадиси шарифларда ватанпарварликка алоҳида урғу бериб ўтилган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари туғилиб вояга етган Маккадан чиқиб кетаётганларида, ортларига ўгирилиб: “Эй Макка! Агар қавмим мажбур қилмаганида, сени асло тарк этмасдим”, деган эканлар (Термизий ривояти).
У зот Мадинага борганларидан кейин ҳам Макка ва Мадина ҳақида дуо қилганлар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз ватанларига бўлган меҳру муҳаббатлари намунаси эканига далолатдир. 
Пайғамбар алайҳис салом: “Ким моли, жони, дини, ватани ва аҳлини ҳимояси йўлида ўлдирилса, у шаҳиддир”, дедилар (Термизий ривояти).
Бу ўринда ватан ҳимояси, эл-юрт тинчлиги, сарҳадлар дахлсизлиги йўлида курашиб жон берган фидойиларга шаҳидлик мақоми берилишининг ўзи ҳам улкан бахт-саодат эканига гувоҳ бўламиз.
 Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кун ватан ҳимояси учун душман қаршисида туриш бир ой тутилган нафл рўза ва бир ой ўқилган таҳажжуд намозидан яхшироқдир”, деганлар (Муслим ривояти).
Ушбу таълимотни олган аждодларимиз ватан озодлиги йўлида курашиб, фуқароларнинг фаровонлиги, миллат шаъни, инсон қадр-қиммати қўлга киритишди.
Кубровия тариқатининг шайхи Нажмиддин Кубро, буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди, соҳибқирон Амир Темур бобомиз шу азиз юртни деб келгинди босқинчиларга қарши мардонавор туриб, жанг қилдилар.   
Демак, шу табаррук заминда яшаётган ҳар бир инсон ўз юртини севиб-ардоқлаши, унинг гуллаб-яшнаши ва фаравонлиги йўлида бор имкониятини сафарбар қилиши лозим ва лобуддир.
Юртимиз сарҳадларини қўриқлаётган, унинг ривожига муносиб ҳисса қўшаётган мард ва жасур ўғлонларимизга куч-қувват, сиҳат-саломатлик ёр бўлишига тилакдошмиз.
 
Азизхўжа ИНОЯТОВ,
Бухоро туман “Чор Бакр” жомеъ 
масжиди имом-хатиби  
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:34
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram