ЯХШИ ДЎСТ - ДАРДИНГИЗНИНГ ЭНГ ЯХШИ МАЛҲАМИДИР.
01 март 2021 й.
855 марта ўқилди.

 
ЯХШИ ДЎСТ - ДАРДИНГИЗНИНГ ЭНГ ЯХШИ МАЛҲАМИДИР.
 
Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон учун биродарини уч кундан ортиқ тарк қилиши ҳалол эмас. Иккаласи учрашиб, буниси ундан юз ўгиради ва униси бундан юз ўгиради. (Шу пайтда) иккисининг яхшироғи салом билан (гап) бошлаганидир”, - дедилар. (Имом Термизий ривояти).
Нақл қилишларича, донишманд ҳузурига бир киши келиб, дўстидан шикоят қилибди. Дўсти билан алоқасини узиб, ундан қасд олишни ният қилганини айтибди. Донишманд унга:
 - Сенга насиҳат қилсам, унга амал қиласанми ё ғазаб отига минганингча қолаверасанми? - деди.
 - Йўқ, насиҳатингизга амал қиламан!
 - Дўстинг билан иноқлигингизда хурсандчилигингиз кўп бўлганми ёки унинг хатолари туфайли ғам-ташвишингиз кўп бўлганми?
 - Қувончли куним кўп бўлган.
 - У сенга яхшилик кўп қилдими ё ёмонлик?
 - Яхшиликлари кўпроқ бўлган.
 - У ҳолда, ана шу яхши кунларинг ҳурмати уни кечириб юбор. Ўрталарингда дўстлик ҳурмати учун ўч олишни бас қил. Агар иккингиз душманликни давом эттирсангиз, сен хоҳламаган ишлар содир бўлади.
Шуни унутмангки, киши учун иймондан кейинги энг яхши неъмат яхши дўстдир. Агар тоат-ибодатда ёрдам берадиган дўстингиз бўлса, унинг қўлини маҳкам тутинг. Зеро, дўст бўлиш осон, дўстликни сақлаш қийин. Дўстларимиз биз учун аҳлимиз ва фарзандимиздан ҳам яқинроқ бўлади. Чунки, аҳлимиз бизни дунё сабабли ёдга оладилар. Дўстларимиз эса охират сабабли ёдга олишади. Дўстнинг сифатларидан бири - унинг ўзидан ҳам дўстларини устун қўйишидир.
Кишининг иймондан сўнг биринчи қиладиган иши содиқ дўст топишдир. У сизга бойлигингиз учун эмас, иймонингиз учун дўст бўлсин. Дўстлик риштаси туфайли фақат икки инсон бирлашмайди, балки кишилар орасидаги ишонч, ахлоқ ва донолик сингари улуғ фазилатлар мустаҳкамланиб боради. Чунки, бугунги кунда ишониш мумкин бўлган кишини топиш машаққатга айланиб бормоқда.
Дўстига "Сенинг еганинг - менинг тўйганим!" - дейдиган мардлар саноқли қоляптимикан? Бир дастурхон атрофида ўтириб, бир-бирининг қўлидаги нонни тортиб олаётган нафс бандалари ҳайвондан нимаси билан фарқ қилади?! Ўзида борини дўсти билан баҳам кўриш ҳам нафсини жиловлай олишдир, аслида. Гўзал ахлоқни дўстига ўргатиш, Аллоҳга ибодат қилишда ўрнак бўлиш, шубҳасиз, сизни солиҳ амаллар сари етаклайди. Яхши дўст адашмаслигингизни, савоб амалларингиз кўп бўлишини истайди. Яхши дўст яхши кунингизда доим ҳам ёнингизда турмаслиги мумкин. Аммо, бошингизга кулфат тушганида у ёнингиздан асло кетмайди. Сизни ёлғизлатиб қўймайди. Ёлғизлик фақат Аллоҳга хос! Бандаси дардни ёлғиз ўзи кўтара олмайди. Шунинг учун, одам тафтини одам олади, дейишади. Яхши дўст сиз учун ўзини қанча фидо қилса ҳам, миннат қилмайди. "Роббим рози бўлсин! Менга шу етади", дейди. Қилган яхшилигини пешонангизга тақ этиб уриб, миннат қилувчилардан Аллоҳ асрасин!

Пешку тумани "Хўжа Пешку" жомеъ масжид

имом хатиби Каримов Олимжон. 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram