АФВ ҚИЛИШ ЭНГ АФЗАЛ АМАЛЛАРДАН
29 декабр 2022 й.
276 марта ўқилди.

 АФВ ҚИЛИШ ЭНГ АФЗАЛ АМАЛЛАРДАН

Инсон дунёга келар экан, албатта айбу нуқсондан, хато ва камчиликдан холи бўлмайди. Инсонларни кечириш ва афв қилиш энг афзал амаллардандир. Аллоҳ таоло Қурьони каримда марҳамат қилади:  
“Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг. Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни авф қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтирадир”. 
(Нисо сураси 133-134 оятлар)
Ояти каримадан олинадиган фойдаларга бир эътибор берайлик Аллоҳдан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерчалик бўлган жаннатга сазовор бўлган тақводорларнинг сифатларидан бири:
«...енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар».
Яъни, қанчалик бой бўлишмасин, қанчалик имкониятларга эга бўлишмасин улар яхшилик қилишда собитқадам одамлардир. Ҳаётлари енгиллашиб, ҳамма нарсалари сероб бўлиб кетса ҳам, ҳовлиқиб, ҳаддиларидан ошиб, фисқ-фасодга берилиб кетмайдилар. Балки ўзларини босиб, хайр-эҳсон, нафақа қилишда бардавом бўладилар. Шунингдек, бошларига қийинчилик кунлари тушса ҳам, сиқилиб, ўзларини ноқулай сезиб, бахиллик йўлига ўтиб олмайдилар. Балки нафақа қилишда бардавом бўладилар. Уларнинг тақволари доимо эҳсонга чорлаб туради. Бахиллик ва қизғанчиқликдан қайтаради. Тақводорларнинг сифатларидан яна бири: «...ғазабини ютганлар...»
Ғазабини ютиш энг қийин ишлардан ҳисобланади. Ғазаб инсонда турли муносабатлар ила қўзғалиб туради, уни жиловлаб олиш ҳар кишининг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин бу оғир ишни тақводор киши эплаши мумкин. Яъни, қалбида тақводорлик мавжуд бўлган инсонгина ғазабдан ғолиб чиқа олади.
Исломда ғазабни ютиш улуғ ахлоқлардан ҳисобланади. Қуръони Карим оятларидан ташқари бу олий сифатнинг мақтови Пайғамбаримизнинг ҳадисларида, салафи солиҳларимизнинг ишлари ва сўзларида ўз аксини топган.
Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда келишича, бир киши Пайғамбар алайҳиссолату вассаломга: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга насиҳат қилинг», деди. У зоти бобаракот: «Ғазаб қилма», дедилар. Сўраган одам кейинчалик эътироф этиб, бундай дейди: «Расуллуллоҳ алайҳиссалом шу гапни айтганларида, ўйлаб кўрсам, ғазаб ҳамма ёмонликни ўзида жамлаган экан».
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом: «Ким (жазо беришга) қодир бўла туриб, ғазабини ютса, қиёмат куни Аллоҳ уни халойиқ олдида чақириб туриб, ҳурлардан хоҳлаганини танлаб олишга имкон беради», деганлар.
Мазкур тақводорларнинг яна бир сифатлари: «...ва одамларни афв қиладиганлардир».
Бу сифат ғазабни ютиш сифатини тўлдириб келади. Чунки ишнинг чиройли ҳол бўлиши учун ғазабни ютиб қўйишнинг ўзи кифоя эмас. Олижаноблик кўрсатиб ғазабини ютган одам бу олижаноблигини тугал қилайин деса, айбдорни авф қила олиши, кечира билиши ҳам керак.
Имом Ҳоким ривоят қилган ҳадисда, «Кимки унинг учун жаннатда бинолар қурилишини ва даражалари кўтарилишини хоҳласа, зулм қилганни авф этсин, бермаганга берсин ва орани узганга силаи раҳм қилсин», дейилади.
Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳи Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссолату вассалом: «Қиёмат куни бир жарчи, одамларни афв қилганлар қани! Роббингиз ҳузурига ажрингизни олгани келинг, деб чақиради. Афв қилган ҳар бир мусулмон жаннатга киришга ҳақлидир», деганлар.
«Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтирадир».
Юқорида зикр қилинган сифатнинг соҳиблари яхшилик қилувчи саналадилар. Демак, уларни Аллоҳ яхши кўрар экан. Шу боис доимо нафақа қиладиган, ғазабини ютадиган ва одамларни авф қиладиган, кечирадиган бандалардан бўлайлик. 

Шофиркон туман "Хўжа Бадарға" жомеъ масжиди имом-хатиби Рўзиев Шавкат
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:45
Куёш: 07:44
Пешин: 13:10
Аср: 16:40
Шом: 18:20
Хуфтон: 19:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram