Ҳалол касб талаби ҳақида
15 октябр 2018 й.
2247 марта ўқилди.

Ҳалол касб талаби ҳақида

 Бизларга улуғ неъматни: хотиржамлик ва сиҳҳатни берган ва билан бирга ризқимизни азалдан белгилаб қўйган Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таолога беадад ҳамду санолар бўлсин. Умриларини бизларга бахшида қилган, умматлари учун ҳаvма нарсага тайёр бўлган Расули Акрам с.а.в. га чексиз дуруду салавотлар бўлсин.

Аллоҳ таоло бандаларига бу дунёни имтиҳон қилиб, ҳалол ва ҳаром нарсаларни яратиб қўйди. Парвардигорнинг раҳмати кенг бўлганлиги учун ҳаром нарсаларни жуда оз яратди. Шунинг учун ўзининг китобида уларни ҳаммасини зикр қилиб, уларга яқинлашмасликни ҳам огоҳлантириб қўйди. Ҳаром нарсаларнинг ўрнига инсон учун ўнлаб ҳалол нарсаларни таклиф қилди. Шунинг бизга берилган ақл неъматини ишлатиб, бу дунёдаги ҳалол билан ҳором фарқига бориб, покизо таомдан танаввул қилишимиз лозим. Аллоҳ таборак ва таоло ўзининг китобида марҳамат қилиб айтади: 

 

فَإِذَا قُضِيَتِ الصَّلَاةُ فَانتَشِرُوا فِي الْأَرْضِ وَابْتَغُوا مِن فَضْلِ اللَّهِ

 

«Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг   ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки, ютуққа эришсангиз», деган

Жума сурасидаги ушбу оятда Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ер юзига тарқалиб ҳалол йўл билан ризқ топишларига тарғиб қилмоқда ва бу ишни Аллоҳ таолонинг фазлидан талаб қилиш, деб номламокда.

Aлбатта, ризқ талаб қилишда турли ҳолатлар вужудга келиши мумкин. Мисол учун, кўпроқ ризққа эришиш мақсадида ҳаром-харишга қўл уруш эҳтимоли ҳам бор. Шунинг учун Аллоҳ таоло ризқ талаб қилишга амр қилганидан сўнг бевосита:«ва Аллоҳни кўп зикр қилинг», демоқда.

Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш эса, ризқ топиш ишида ҳаромни четлашгаомил бўлади.

Қуръони каримда бу маънодаги бошқа оятлар ҳам мавжуд. Жумладан, Мулк сурасида:

«У сизларга ерни бўйсундириб қўйган Зотдир.  Бас,  унинг турли жойларида юринг ва Унинг ризқидан енг ва қабрдан чиқиб бориш ҳам Унинг ҳузурига бўладир», дейилган

Уламоларимиз қадимдан бу ояти каримани Исломда меҳнатга чорлаш, ризқни териб ейиш, ер юзининг турли жойларида ҳаракат қилиш зарурлигига далил қилиб келтиришади.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ерни инсонга бўйсундириб қўйган, лекин бу ҳақиқат ҳозирги асримиздагидек ҳеч қачон яққол кўзга ташланмаган. Инсон ердан фойдаланишнинг барча турларини ишга солди. Бу оятдаги «юринг» деган хитоб мусулмонларни доимо меҳнатга ундаган ва дангасалик, бекорчиликдан четлатган. Шу билан бирга, ризқ Аллоқ таолодан бўлишини унутмаслик зарурлигини эслатган. Яъни, мусулмон одам ер юзида юриб ризқ талаб қилиши ва ҳалол йўл билан касб қилиши керак.

Набаъ сурасида Аллоҳ таоло:

«Ва кундузни маош (тирикчилик) вақти қилдик», дейди.

Бу ҳам маош учун, ризқу-рўз топиш учун ҳаракат қилиш лозимлигини билдиради.

Аллоҳ таоло кундузини тирикчилик, рўзғор ҳаракати вақти қилиб қўйган. Фақат кундузнинг ёруғлигигина эмас, ундаги жуда кўплаб хусусиятлар инсон маоши учун керак. Мисол учун, ёруғ бўлсаю, қуёш чиқмаса, маош бўлиши мумкинми? Йўқ, албатта. Кундузги қуёш иссиқлиги, ёғдусидан нафақат инсон, балки бутун мавжудот фойдаланади. Шунга ўхшаш Аллрҳ таоло кундузга хос қилиб қўйган нарсалар кўп.

Аъроф сурасида:

«Батаҳқиқ, Биз сизларга ер юзида имкон бердик ва унда маишат (воситалари) қилдик. Жудаоз шукр этасизлар», дейилган    

Ғоят қисқа иборалардан ташкил топган ушбу ояти карима ўзида чексиз ҳақиқатни, воқеликни мужассам қилган. Ер вззида инсонга яшаш имконини бериш осон иш эмас. Бу имконни яратиш учун қанчадан-қанча бир-бирига боғлиқ ишлар амалга оширилган. Аввало, олам инсон ҳаётига мосланган, кейин инсон бу дунёда яшашга мослаштирилган. Бу икки тарафлама мослашишнинг вужудга келишига сабабчи ишлар ҳақида олимлар қанчадан-қанча китоблар ёзганлар ва ёзмокдалар ҳам.      

Энди Нуъмон ибн Баширдан риаоят қилинган ҳадиси шарифнинг шарҳига ўтсак: ушбу ҳадиси шариф энг улуғ ҳадислардан ҳисобланади. Уламоларимиз  бу ҳадис Исломга мадор бўлган учта ҳадиснинг биридир, шунинг учун  бу ҳадисни Исломнинг учдан бири, десак бўлади, дейишган.

Бу ҳадисдан бошқа қолган икки ҳадис: «албатта, барча ишлар ниятга боғлиқ», деб бошланувчи ва «Киши Исломининг гўзаллиги, ўзига беҳуда бўлган нарсани тарк қилишидадир», ҳадисидир, деганлар.

Имом Абу Довуд ушбу уч ҳадисга «Сизлардан бирингиз то ўзи яхши кўрган нарсани ўзгаларга ҳам яхшикўрмагунича комил мўмин бўлмайди», деган ҳадис ҳам қўшилади», деганлар.

Бу ҳадиси шарифнинг улуғлиги шундаки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унда емоқ,ичмоқ, киймоқ, никоҳдаги ва бошқа ҳамма соҳа-
лардаги нарсаларнинг ҳалол бўлиши қоидасини баён қилиб берганлар.

Шунингдек, у Зот бу ҳадисда ҳаром нарсаларни ҳам баён қилиб, ҳалолга уриниш, ҳаромдан ҳазар қилишга чақирадилар. Шу билан бирга, ҳалол билан ҳаромнинг ўртасида шубҳали нарсалар борлигини,  ким дини ва обрўсини пок сақлай деса, шубҳали нарсалардан эҳтиёт бўлиши зарурлигани таъкидладилар..

Сўнгида эса бу жабҳада энг муҳим масала — қалб масаласи эканини, ҳалол-ҳаромда қалб солиҳ бўлиши лозимлигини тушунтирадилар.

Имом Ибн Арабий:

«Биргина ушбу ҳадиснинг ўзидан ҳамма аҳкомларни чиқариб олиш мумкин», деганлар.

Имом Қуртубий эса:

«Бу ҳадис ҳалол ва бошқа нарсаларни батафсил равишда ҳамда барча амаллар қалбга боғлиқ эканини ўз ичига олгандир. Шунинг учун ҳам барча аҳкомларни унга қайтариб солиштириб кўриш мумкин», деганлар.

Энди ҳадиси шарифни таҳлил қилиб чиқайлик:

«Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир».

Ҳадиси шарифда ҳалол очиқ-ойдиндир, дейилиши жуда кенг маънони англатади. Аввало, нималар ҳалол экани очиқ-ойдин: сув, сут, мева сувлари каби ичимликлар, нон, мева, полиз экинлари, Аллоҳнинг исми айтиб сўйилган ҳалол ҳайвонлар гўштлари, рухсат берилган кийимлар ва никоҳга олинган аёллар ҳалолдир.

Қолаверса, ушбу нарсаларга ишончли, шариатда рухсат берилган йўл билан эга бўлиш лозим. Ҳалол касб деганда, айнан шу маънода, яъни, ҳалол нарсага ҳалол йўл билан эга бўлиш ҳақида гап бормоқда. Бу ҳолат ҳам очиқ-ойдин, уни ҳамма билади. Ҳалол меҳнат, мерос, ҳадя, икки тараф розилиги билан бўлган тижорат туфайли қўлга кирган мулк ҳалол бўлади. Бу оддий ҳақиқатни билиш учун алоҳида тайёргарлик кўришнинг кераги йўқ. Мусулмон одам учун ҳалол нарсани талаб қилиш, ҳалолдан молу мулк топиш фарз ҳисобланади. Уламоларимиз ушбу ҳадиси шариф баъзи бир жоҳилларнинг дунёда сув ва набототдан бошқа ҳалол нарса қолмади, дейишларига раддиядир, шубҳа ва ҳаромнинг доирасини кенгайтириш жоҳиллик ва илмсизлик аломатидир, деганлар.

Ўтган далил ва ҳужжатлардан келиб чиқиб, уламоларимиз ўзига ҳаромлик сифати илашмаган ва касб қилиш сабабига ҳаром ёки макруҳ иш аралашмаган нарсани мутлақ ҳалол, деб таърифлайдйлар.

Демак, мусулмон киши ўзи ҳалол бўлган нарсани шариатда ҳалол қилинган йўл билан топиб фойдаланиши керак. Аллоҳ таолонинг амри ҳам шу.

 

عن أبي هريرة قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : " من طلب الدنيا حلالا استعفافا عن المسألة وسعيا على أهله وتعطفا على جاره لقي الله ووجهه كالقمر ليلة البدر".

 

 “Кимки тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват қилиш мақсадида ҳалол йўл орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, қиёмат кунида у Аллоҳ таолога юзи тўлин ойдек ёруғ бўлган ҳолида йўлиқади

Имом Ғаззолий дейдилар: “Билинким, киши ўзини ва аҳлини инсонлардан беҳожат қилиши ва оиласига муҳим керак нарсаларни олиб беришлик учун касб қилиши, яъни меҳнат қилиши нафл ибодатлардан кўра афзалроқдир, худди Аллоҳ йўлида юрган жангчига ўхшайди”.

Абу Бакр розияллоқу анҳу халифа қилиб сайланганидан кейин:

«Батаҳқиқ, қавмим менинг ҳунарим аҳлимнинг таъминотига етмай қолмаслигини яхши билади. Энди эса мусулмонларнинг иши билан машғул бўлиб қолдим. Бас, Абу Бакрнинг аҳли ушбу молдан егай ва бунда мусулмонлар учун касб қилурман», деди»

Ушбу учовини имом Бухорий ривоят қилган.

 Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу халифа бўлиб сайлангунларига қадар савдогарлик қилар эдилар. У кишининг топганлари рўзғорларига етиб ортар, бошқаларга ҳам хайри эҳсон қилиб турар эдилар. Халифа этиб сайланганларидан кейин савдогарликлари тўхтаб қолди. У киши Ислом давлатини бошқариш билан, муусулмонларнинг иши билан машғул бўлиб қолдилар.

Шу ўртада янги савол пайдо бўлди: «Оила боқиш нима бўлади?» Шунда ўз ижтиҳодлари билан Байтулмолдан ишлатиб кўпайтириш ва ундан оиласи нафақасига маош олиб туришга қарор қилдилар. Саҳобаи киромлар бунга рози бўлдилар.

Бу ҳолатдан Ислом давлати томонидан ишга тайинланган кишига маош белгилаш келиб чиқди. Шу билан бирга, белгиланган миқдордан ортиқ олиши жоиз эмаслиги таъкидланди.

Имом Ҳоким ривоят қилган ҳадисда:

«Кимни бир ишда ишлатиб, уни (маълум) ризқ ила ризқлантирилса, ундан кейин олгани хиёнат бўлади», дейилган.

Ибн Исҳоқ ривоят қилишларича, Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифа этиб сайланганларидан кейин бозорда бошларига кийим қўйиб сотиб юрганларида Умар ибн Хаттоб ва Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳумолар учраб қолганлар. Икковлари унга:  «Мусулмонларга бошлиқ бўлиб туриб, нега бундоқ қилиб юрибсан?» дейишган.

Ҳазрати Абу Бакр:

«Аҳли аёлимни қаердан боқаман?» деганлар.

Икковлари:«Сенга маош тайинлайлик, деб ҳар кунига яримта қўй тайинлашган».

Сохр ал-Ғомидий розияллоху анхудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй бор Худоё! Умматимга эрталабки ишни баракали қилгин!» дедилар.

У Зот лашкар ёки «сарийя» юборадиган бўлсалар эрта тонгда юборар эдилар.

Сохр тожир одам эди. Қачон тижорат юборадиган бўлса, эрта тонгда юборар эди. У бой бўлиб, моли кўпайиб кетди».

Имом Термизий ривоят қилди, яхши деди. Валлоху аълам.

 Саҳархезлик яхши ва баракали экани ҳақида аввал ҳам бир неча ривоятлар келган эди. Бу ривоятда эса бу ишга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари кетгани ва, айниқса, тижорат ишида тажрибадан ўтганлиги таъкидлаб айтилмоқда.

Ушбу ҳадиснинг ровийи Сохр ал-Ғомидий ўзлари ривоят қилган ҳадисга оғишмай амал қилганлари туфайли бойиб кетган эканлар.

Ҳар бир нарсада эрта саҳардан ҳаракат қилиш жуда ҳам фойдали ва баракотли. Чунки бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари кетган. Тажриба ҳам шуни кўрсатади. Нима иш қиладиган бўлсак, эрта саҳардан бошлашга одатланишимиз керак. Ўз меҳнати билан ризқу рўз топиш Ислом умматининг энг яхши авлоди — саҳобаи киромларнинг, энг кўзга кўринган сиймоларнинг одатлари эди.

Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Саъд ибн Робиъ розияллоҳу анҳунинг молу мулкини олиб, у уйлаб қўйган аёл билан роҳатда яшасалар бўлар эди. Лекин бундоқ қилмадилар. Ўз касблари билан ҳаёт кечиришни афзал кўрдилар. Шундоқ бўлди ҳам.

Касб қилишдан мурод ризқ топишдир. Ризқ топишга ҳаракат қилган ҳар бир одам иложи борича осон йўл билан кўпроқ ризқ топишни хоҳлайди. Ҳар бир одам ҳам ризқи кенг ва мўл бўлишини истайди. Хўш, бу орзуга эришишнинг йўли қандоқ?

Имом Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ким ризқининг кенг бўлишидан ёки умрининг узоқ бўлишидан хурсанд бўлса, силаи раҳм қилсин», деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни ризқ талабига тарғиб қилар эканлар, шу билан бирга бу нарса бизнинг ҳаётимизнинг аслий мақсади, рағбатимизнинг интиҳоси бўлмаслиги кераклигни ҳам ўргатдилар. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз дуоларида:

من دعاء الرسول صلي الله عليه وسلم: "اللهم لا تجعل الدنيا أكبر هَمِّنَا، ولا مبلغ علمنا ولا غاية رغبتنا" رواه الترمذي

«Аллоҳим, дунёни ташвишимизнинг энг каттаси, илмимизнинг етиб борган жойи ва рағбатимизнинг барчаси қилиб қўймагин!» дедилар».

Хулоса ўрнида, ушбу ҳадисдан қуйидагиларни ўрганишимиз лозимдир:

1. Ҳалол ризқ талаб қилиш диннинг бир бўлагидир.

2. Талабимиз ҳалолдан бўлсин ва ҳаромдан сақланайлик.

3. Ризқ талаб қилишнинг ўрнини билайлик. У олий мақсадимиз бўлиб қолмасин.

Барча мўмин-мусулмонларни хотиржамлик-омонликда асраб, икки дунё саодатига мушарраф айласин, юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо, турмушимизни янада обод қилсин, омин!

 

“Жўйбори Калон”аёл-қизлар ўрта махсус

ислом билим юрти мударрисаси Рохат Мамадшоева

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram