Юртимиздаги Қуръони каримнинг энг қадимий нусхалари
15 март 2019 й.
2480 марта ўқилди.


Юртимиздаги Қуръони каримнинг
энг қадимий нусхалари

Аллоҳ Таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга салоту саломлар бўлсин! У зотнинг аҳли байт ва  асҳобларига дуруд ва саломлар бўлсин! 
Инсон бу ҳаётий дунёда яратилибдики, фоний дунёнинг не-не мўъжизаларию кароматларига гувоҳ бўлмади. Аммо у кўрган кашфиётлару ажойиботлар Куръони карим мўьжизаси олдида ҳеч нарса эмас. Башарият Одам Ато замонидан буён не-не табаррук битикларга рўбарў келмади. Бироқ ҳаммасидан Қуръони каримнинг нур ёғилиб тургувчи сатрлари муқаддасроқ ҳисобланаверади. Одамлар наздида ардоқли ва азиз нарсалар беҳисоб. Лекин комил инсонлар, имон эгалари учун Қуръони шариф оятларидан суюкли ва мўътабарроқ нима ҳам бор? Чунки у буюк тангримиз, меҳрибон ва раҳмли Хақ Таолонинг муқаддас каломидир. Чунки, у Яратгувчининг ўз бандаларини тўғри йўлга етакловчи даъват китобидир. Аллоҳ Таолонинг ўз расули Муҳаммад алайҳиссаломга юборган ваҳийси, яъни диний кўрсатмаларидир. Тингланг, ҳофизул-Қуръон кўзларини юмган ҳолда, оҳиста тебраниб  Қуръон тиловат қилмоқда. Вужудлар сел бўлган, томирлардаги қон муқаддас оятларнинг сеҳрига омухта оқади. Юраклар тиловат оҳангларига уйғун ураётгандай туюлади. Бутун еру-кўк, замину мавжудот сукутда. Интиқ диллар мўъжиза калом соҳиби Аллоҳнинг ҳузурига талпинади. Унга етишмоққа интилади. Унинг шаънига беҳисоб ҳамдлар айтади, гуноҳларини кечмоқни илтижо қилади. Тингланг, не-не алломаларни лол қолдирган табаррук оятлар янграмоқда. У фоний дунёнинг журму исёнларига мубтало бўлиб, Аллоҳ ҳузурида тонгла маҳшарда беражак ҳисобларини унутаёттан инсонларни кўз очишга, ўз Яратгувчисини ва Кечиргувчисини танишга даъват этяпти. У одамларни ҳалол, пок мўмин ва тақволи бўлишга, эзгулика ва инсофга ундамоқда. У бебаҳо, синов дунёсида ишонч, эътиқод ва имондан бебаҳра гумроҳларни илоҳий ҳидоят йўлига, хақ йўлга чорламокда. Заковатли инсонлар унинг ҳар ҳарфу авроқидан буюк кашфиёт ва мўъжизаларни топадилар, у етаклаган йўл сари юз бурадилар. Унинг ҳар бир каломи кўнгилларни Аллоҳнинг бемисл меҳрибонликлари ила овутади, таскин беради, ғафлат уйқусидан уйғотади. «Тавба» сурасида айтилганидек: Қуръон суралари ... «Имон келтирганларнинг имонларини зиёда қилур ва улар шод бўлурлар». Қуръоннинг нозил бўлиши-ю, оят ва сураларининг ҳанузгача бирор ҳарфи, нуқтаси ўзгармаганлиги, салкам бир ярим минг йилдан бери башарий тафаккурни лол қолдириб келаётганининг ўзи мўъжиза эмасми? Инсоният томонидан жамланган беадад китоблару илм-фан ёдгорликлари, қанча-қанча сўз усталари-ю, шоиру фозилларнинг ижодлари Қуръон сатрлари олдида ожизу нурсиз эканининг ўзи бир мўъжиза эмасми? Зотан, «Ал-Исро» сурасида башорат қилинганидек: «Қасамки, агар инсу жин ушбу Қуръоннинг ўхшашини келтириш учун бирлашиб, бир-бирларига ёрдамчи бўлсалар-да, унинг мислини келтира олмайдилар». Хотирланг: энг мукаммал ислом динини биринчи бўлиб қабул айлаган бахтли инсон — Муҳаммад алайҳиссаломдирлар. Рамазон ойи Жаноби пайғамбаримиз саллолоҳу алайҳи ва саллам тоғ бағридаги Ҳиро ғорида узун тунларни ва қайноқ кунларни тоат-ибодатда ўтказадилар, бу олам синоатларини ўйлаб тафаккурга бериладилар. Худди шу масканда Пайғамбарлик ваҳийси нозил қилинади. Бу инсоният тарихидаги энг бахтли кун эди, бу кун одамзот Аллоҳнинг муқаддас каломи ила илк бор танишмоққа киришган. Аллоҳнинг сўнгги расули Муҳаммад алайҳиссалом исломнинг табаррук дастурини етказа бошлаган. Аллоҳ томонидан Қуръон оятларининг нозил қилиниши Маккада 13 йил ва Мадинада 10 йил — жами 23 йил давом қилди. «Руҳулқудс» Жаброилнинг Аллоҳдан келтирган ваҳийларини ўқиш-ёзишни билмаган Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи ва саллам шунча йил мобайнида ёд қилиб, ҳофизага муҳрлаб олдилар. У кишидан эшитиб, бошқа мусулмонлар ҳам Қуръон оятларини ёдлашди. Пайғамбаримиз ҳузурларида бўлган саҳобаи киромлардан Абу Бакр, Усмон, Умар, Али, Зайд ибн Собит, Убай ибн Кааб ва бошқалар ана шу ҳикматга тўлиқ оятларни хурмо дарахти пўстлоғи ва ясси тошлар, суяк ва ҳайвон териси, қоғоз ва бошқа жисмларга ёзиб боришган. Пайғамбар алайҳиссалом янги тушган оят қайси сурадан эканини, уни қаерга қўшиш кераклигини кўрсатиб турганлар. Жаноби пайғамбаримиз замонларида Қуръон суралари жамланиб, алоҳида китоб ҳолига келтирилмаганди. Ул зоти бобаракотнинг вафотларидан сўнг мусулмонлар билан муртадлар (диндан қайтганлар) ўртасида қаттиқ муҳорабалар бўлиб, уларда Қуръонни тўла ёд олган кўплаб қорилар шаҳид бўлишди. Шунда ҳазрати Умар ҳазрати Абу Бакрга (Аллоҳ икковларидан рози бўлсин) агар қорилар шу тахлит ўлиб кетаверса, Қуръонга зарар етиши мумкин экан, шунинг учун уни жамлаб китоб ҳолига келтириб кўйиш зарур, деб маслахат бердилар. Аввалига иккиланиб турган Абу Бақр бу ишнинг ниҳоятда зарурлигини англаб, саҳоба Зайд ибн Собитни хузурларига чорладилар ва Қуръонни китоб қилишни топширдилар. Ниҳоятда аниқлик ва зийраклик билан ёзувларни ҳар томонлама таҳлил этиб, барча оятлар кийик терисига ёзиб жамланди.Учинчи халифа Усмон ибн Аффон замонларида араб бўлмаган кўпгина ўлкаларда ислом кенг тарқалиб, турли халқлар мусулмон бўлдилар ва ислом таълимотларини, энг аввало Қуръони мажидни ўрганишга киришдилар. Уларда Қуръонни ўқиш жараёнида ихтилофлар туғилиб қолгани сабабли саҳоба Ҳузайфа ибн Ямон халифа Усмонга бу хавфнинг олдини олишни маслаҳат қилдилар. Яна Зайд ибн Собит бошчилигида алохида гуруҳ тузилиб, унга Абу Бакр давридаги саҳифалардан кийик терисига олтита нусха кўчиридди. Мазкур нусхалардан биттаси халифа Усмонга қолдирилиб, қолганлари мусулмонлар кўп яшайдиган диёрлардаги катта шаҳарларга биттадан қори қўшиб жўнатилди. Фақат шу нусхалардан Қуръон кўчириш, шу қоридан қироат билан ўрганишга буйруқ қилинди. Шу боис мана неча юз йиллар ўттан бўлса-да, Қуръоннинг бирор ҳарфи ёки ояти ўзгартирилмай, мусулмонларнинг ягона қўлланмаси, диний, ижтимоий ва сиёсий ҳаётларида ҳамиша йўлбошчи бўлиб келмоқда. Чунки Аллоҳ Таолонинг ўзи Қуръонни ҳеч қандай ўзгартиришсиз сақлашни зиммасига олган ва Унинг ўзи Қуръонда шундай ҳукм қилган: «Биз Қуръонни туширдик ва уни ўзимиз муҳофаза қиламиз». Яратганга беҳисоб шукрлар бўлсинким, илоҳий китоб Қуръоннинг фасоҳатидан бизнинг Мовароуннаҳр халқлари хам бебаҳра қолишмади. Ривоятлардан маълумки, хазрати Усмон даврларида кўчирилган ўша мукаммал олтита мусҳафнинг бирини буюк саркарда Амир Темур Кўрагоний Шоми шарифдан салтанат пойтахти Самарқандга олиб келтирган. Туркистон рус аскарлари томонидан босиб олингач, бундан юз йил муқаддам Самарқанд шаҳридаги Усмон Мусҳафи Петербургдаги подшоҳ кутубхонасига олиб кетилган ва Октябр инқилобидан кейин мусулмонларнинг талаби билан Ўзбекистонга қайтарилган эди, ҳукумат бу муқаддас китобни эгаларига қайтариб беришга қарор қилади. У оташаравада, кучайтирилган соқчилар назоратида аввал Уфага, сўнг Тошкентга олиб келинди. Қуръон бироз ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлар диний бошқармасида сақланди, кейинчалик уни Ўзбекистон халқлари тарихи музейига олиб кетишди. Халифа Усмон (р.а.) топшириғи билан битилган ўша машҳур мусҳаф 1989 йили — ўлка мусулмонларининг қурултойида яна диний бошқарма ихтиёрига қайтарилди ва ҳозирда шу бошқарма кутубхонасида авайлаб сақланмоқда. У Тошкентдаги қадимий ёдгорликлар музейида мақомига яраша кўз қорачиғидай асраладиган ва эъзозланадиган, муборак бойлик сифатида сақланадиган меъросга айланди. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг кутубхонасида шу Мусҳафдан фотография усули билан олинган нусхалар сақланар эди. Яқин йиллардан бери ушбу кутубхонани зиёрат қилувчилар сони кўпайди. Улар бу ерда мазкур нусхани кўриб, баъзилари ёдгорликлар музейига бориб, унда Мусҳафнинг аслини зиёрат қилишга мушарраф бўла бошладилар ва бундан жуда ҳайратландилар. Бу орада Мусҳафи Усмоний халқ ичида жуда машҳур бўлиб кетди ва омманинг унга бўлган қизиқиши ортди. Қуръон шундай бемисл мўьжизаки, ҳанузгача ҳеч қайси илм ва заковат соҳиби унинг бирор сураси даражасидаги ҳикматни айта олмаган. У шундайин тансиқ, жозибали каломки, ҳар қандай доҳиёна фикрлар ва башоратлар асрлар ўтгани сайин эскириб, яроқсиз ҳолга келганида, унинг оятлари аксинча, вақт силсилаларида жилоланиб, янги оханг, янги мазмун касб этаверади. У шу қадар тубсиз уммонки, унинг саҳифаларидан илм-фаннинг барча соҳалари бўйича илмий мўьжизаларни — тарих, фалсафа, тиббиёт, кимё ва бошка фанларнинг кашфиётлари хақидаги башоратларни топа оласиз. Айни пайтда Қуръони карим чинакам ахлоқ-одоб, инсоний тарбия китоби бўлиб, минг йиллардан буён одамзотни чиройли фазилатларга, (Эзгуликка, ҳалолликка, меҳр-шафкатга чорлаяпти, ота-онага, катталарга ҳурмат-эҳтиромда бўлишга даъват этяпти. Қуръон мўьжизаси олдида не-не олиму алломалар, фозилу донишмандлар лол қолишмаган, унинг илохийлиги, муқаддаслигини тан олишмаган бўлсин! Унинг авроқу саҳифаларидаги ҳикматлар, ҳайратга солгувчи оятлар барча замонлар, жамиятлар учун бирдай ҳақиқат йўлини кўрсатиши, ер юзидаги хаётнинг беадад сир-асрорлари ва турмуш тарзи синоатларини равшан баён этиши инсонни охират кунининг муқаррарлигидан ва хар қандай гуноҳ жазосиз қолмаслигидан огоҳ қилиши билан ҳам илоҳийлик касб этган. 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси  томонидан  “Юртимиздаги Қуръони каримнинг энг қадимий нусхалари”  ни ўрганиш бўйича илмий мақола тайёрлаш топшириғи асосида камина ҳам Мир-Араб ЎМИБЮ вакили сифатида ушбу мавзуда маълумот йиғиб мўжазгина мақола ёзишга бел боғладим. Маълумот юзасидан Бухоро вилоят  қадимий қўлёзмаларни муҳофаза қилиш ва сақлаш илмий марказ хазинасига бордим. Бухоро музейларидаги қадимий қўлёзма дурдоналарни ўрганиш жараёнида қуйидаги маълумотларга эга бўлдим:
Араб ёзувидаги қўлёзмаларни ўрганиш илмий маркази хазинасидаги китоблар қуйидагича системалаштирилган: 
Ташқи кўринишига (хат кўринишига) қараб уч гуруҳга бўлинган:
Қўлёзма китоблар.
Тошбосма китоблар.
Эски босма китоблар.
Қўлёзма ва тошбосма китоблар ҳам тиллар бўйича уч гуруҳга бўлинган:
Форс-тожик тилидаги китоблар.
Араб тилидаги китоблар.
Туркий (ўзбек, турк, татар, туркман) тиллардаги китоблар.
Бу хазинада сақланаётган қўлёзмалардан бири – VIII- IX асрларда кийик терисига кўчирилган Қуръоннинг бир варағи. Архив материалларидан маълум бўлишича, муқаддас китобнинг ушбу варағини XIX аср охирида ҳаж сафарига борган бухоролик зиёратчилар она юртларига олиб келиб, бебаҳо туҳфа сифатида амир Абдулаҳадхонга совға қилганлар. 1319ҳ/1901м йилда ҳукмдор топшириғига биноан бу варақ учун саҳҳоф Маҳдум Ҳабибуллоҳ томонидан махсус муқова тайёрланган. Уста бу яшил муқовани картон ва қизғиш чармдан ишлаган.
Мен Мир-Араб ЎМИБЮ вакили Ниёзов Камол Комилович 2019-йил 14- январь куни ҳозирда Бухоро давлат музей-қўриқхонаси Арк вилоят ўлкашунослик музейида бўлиб ўтаётган “Муқаддас китоб талқини”  номли кўргазма муносабати билан  Бухоро давлат музей-қўриқхонаси Арк қўлёзмалар музейида сақланаётган ушбу Қуръони Карим саҳифасини зиёрат қилиб кўриш мақсадида бордим. Ушбу саҳифани қўлимга олиб ўқиб кўрганимда ҳақиқатдан ҳам Мужодала сурасининг 11- оятидан бошланиб, 19-оятнинг бир қисмигача, иккинчи саҳифанинг биринчи ярмида эса 58-Мужодала сурасининг 19- оятининг қолган қисмидан  охиригача оятлар ёзилган. Иккинчи саҳифанинг иккинчи ярмида эса 59-Ҳашр  сурасининг 1- оятидан 3-оятигача ёзилганлигини гувоҳи бўлдим. Қуръон саҳифасининг ўлчами эса энига 35 см, бўйига 55 см, араб ёзуви, кўфий хатининг ҳижозий усулида, қора сиёҳда (сураларнинг номи қизил сиёҳда) кўчирилган. 
Ушбу мавзу юзасидан йиғилган  маълумотларга кўра яна шуни  айтишим мумкинки,  Қуръонлар орасида VIII асрда куфий-хижозий хатида битилган Лангар Қуръонининг Бухорога келиб қолиши тарихи ҳақида бир қанча ривоятлар бизгача етиб келган:
1. Ўрта асрларда Афғонистонга кўчиб келган араблар маълум бир сабабларга кўра Ўрта Осиёга кўчишади ва ўзлари билан Арабистондан олиб келинган муқаддас Қуръон китобини ҳам олиб келишади;
2. Амир Темур томонидан Суриядан Қашқадарёнинг тоғлик ҳудудига (ҳозирги Лангар Отага) кўчириб келтирилган қабила ўзлари билан ушбу Қуръонни ҳам олиб келишган.
3. XIX аср охирларида Ҳаж зиёратига борган ҳожилар ўзлари билан ушбу Қуръоннинг бир варағини олиб келишади ва амир Абдулахадхонга туҳфа қилишади.
Амир Абдулаҳадхон топшириғига биноан бу варақ учун 1319/1901 йилда саҳҳоф Маҳдум Ҳабибулло томонидан махсус картондан бухороча услубда қирмизи яшил муқова тайёрланган. Амирлик даврида мазкур варақ  ҳозирги Арк қалъасида сақланиб қолган XVIII аср бошларида қурилган Субхонқулихон масжидининг меҳробида сақланган.
Усмон Мусҳафи генерал Абрамов томонидан 1869 йилларда Россияга олиб кетилгандан сўнг Лангар Қуръони саройга олиб келинганлиги аниқ. Чунки амирларнинг Самарқандга бориб Мусҳаф олдида тиловат қилиш одатлари бўлганлиги манбаларда сақланган. Шундан сўнг амир ушбу Лангар Қуръонини Бухоро Аркида сақлашга қарор қилган.
Аллоҳ Буюк ва Қудратлидир. У барча нарсага Қодир зотдир. Муқаддас каломини ўзи муҳофаза қилувчидир. Муқаддас каломини асраб авайловчиларни ўзи муҳофаза қилувчидир. Бу муқаддас каломни асровчи бандаларига барокот ва раҳматини нозил қилиб тургай иншааллоҳ.

Бухоро шаҳар Мир Араб ўрта 
махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
Ниёзов Камолиддин
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 05:58
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram