Мазҳабимизнинг ҳуқуқий асоси
15 феврал 2021 й.
168 марта ўқилди.


Мазҳабимизнинг ҳуқуқий асоси

Бурҳонуддин Марғиноний ёзган қимматли ҳуқуқий кодекс «Ҳидоя» ўз ихчамлиги, мукаммаллиги, ҳанафий мазҳабини бошқа сунний мазҳаблари билан қиёсий услубда ўрганиб, ҳар томонлама ёритганлиги учун ўзига хос катта назарий ва амалий аҳамият касб этади.
Бурҳонуддин Марғиноний ёзган тўрт жилдлик «Ҳидоя» китоби, ҳанафий мазҳаби бўйича, энг муҳим ва мукаммал ҳуқуқий манба сифатида 57 та китоб, 165 боб, 152 фаслдан таркиб топган.   
«Ҳидоя»нинг арабча матни 4 жилддан иборат бўлиб, унинг ҳар бир жилди шариат нуқтаи назаридан ибодат ва ижтимоий ҳаётдаги турли хил муаммоларнинг ҳуқуқий ечимига бағишланган.
Биринчи жилди 5 китобдан иборат бўлиб, таҳорат ва амалий ибодатлар намоз, рўза, закот ва ҳажга бағишланган. Бу жилд 47 боб ва 37 фаслдан иборат.
Иккинчи жилдга никоҳ, эмизиш, талоқ, қулларни озод қилиш, топиб олинган болаларнинг насабини аниқлаш, топиб олинган нарса, қочиб кетган қуллар, бедарак йўқолганлар ва йўқолган буюмлар, шерикчилик шартлари, вақф ҳуқуқи каби масалалар киритилган. Бу жилд 60 та боб, 36 та фаслдан ташкил топган.
Учинчи жилд 14 та китобни ўз ичига олади. Булар: олди-сотди, пул муаммолари, кафолат, пулни бировга ўтказиш, қозиларнинг вазифалари, гувоҳлик, берилган гувоҳликдан қайтиш, ваколат, даъво, иқрор бўлиш, сулҳ, бир ишда пул билан шерик бўлиш, пулни сақлашга бериш, қарз бериш, совға, ижара, муайян шарт асосида чекланган озодлик берилган қуллар, волийлик (патронат), мажбур қилиш, ҳомийлик, қисман озод бўлган қуллар ва босқинчилик хусусидаги масалалар ўрин олган. Бу жилдда 36 та боб, 37 та фасл бор.
Тўртинчи жилдда эса, шафоат қилиш шартлари, меросни тақсимлаш, деҳқончилик ҳамда боғдорчиликка доир шартномалар, қурбонликка сўйиладиган жонлиқлар ҳақида, қурбонлик қилиш шартлари, шариатга зид келадиган нарсалар ҳақида, ташландиқ ерларни ўзлаштириш хусусида, тақиқланган ичимликлар, овчилик, гаровга бериш ва олиш, жиноятлар, хун ҳақи тўлаш, васият каби ҳуқуқий масалалар ёритилган. Бу жилд 23 та боб, 38 та фаслдан иборат.
  «Ҳидоя»да фиқҳ илмига оид жами 57 та мавзу бўлиб, улар алоҳида биттадан китобга сарлавҳа қилиб олинган ва ҳар бир фиқҳий мавзу, ўз навбатида, боб ва фаслларга бўлинган ҳолда ўрганилган.
Бурҳонуддин Марғиноний «Ҳидоя» асарининг назарий манбаларини қуйидагилар ташкил этади:
1.Қуръони Карим оятлари;
2.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадислар;
3.Дастлабли тўрт халифа, саҳобалар ва тобеинларнинг ривоятлари;
4.Суннийликдаги тўрт мазҳаб асосчилари бўлмиш Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий, Молик ибн Анас, Аҳмад ибн Ҳанбалларнинг асарлари ва фиқҳий қарашлари.
5.Абу Ҳанифанинг шогирд ва сафдошларидан Абу Юсуф, Муҳаммад ва Зуфар раҳматуллоҳи алайҳлар ва бошқа бир қатор машҳур фақиҳларнинг асарлари.
Шундай қилиб, Бурҳонуддин Марғиноний ёзган тўрт жилдлик «Ҳидоя» китоби суннийлик оқимида ҳанафий мазҳаби бўйича бир муҳим ва мукаммал ҳуқуқий кодекс сифатида 55 дан ортиқ китоб, юзлаб бобу фаслдан таркиб топган бўлиб, мерос ҳукмидан ташқари, ислом ҳуқуқининг барча соҳаларини қамраб олади.
«Ҳидоя»нинг форс, инглиз, турк, урду, рус ва дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилиниб, ғарб олимлари учун ҳам мазҳабимизни ўрганишда аҳамиятли манба сифатида қўлланилаётгани бизни қувонтиради.
Бурҳонуддин Марғинонийнинг шоҳ асари «Ҳидоя» энг мўътабар ҳуқуқий қўлланма сифатида саккиз асрдан буён бутун Ислом дунёси, айниқса, Марказий Осиё мамлакатлари, Ҳинд ярим ороли, Туркия ва кўп араб мамлакатлари учун энг дақиқ ва ишончли манбалардан бири вазифасини ўтаб келмоқда.

Шофиркон туман “Хожа Ориф ар Ревгарий Моҳитобон” 

жомеъ масжид имом-ноиби Бекзод Адизов 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:25
Куёш: 06:12
Пешин: 13:10
Аср: 17:45
Шом: 19:25
Хуфтон: 21:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram