Сохта тариқат – сохта муршид
03 август 2017 й.
2385 марта ўқилди.

Сохта тариқат – сохта муршид

Жамиятимизнинг урф-одат ўзаклари мусулмончилик ахлоқ одобларига бориб тақалади. Юртимиз мусулмонлари ахлоқ-одоблари эса Аллоҳнинг инояти билан шариатнинг гўзал қоидалари ва тасаввуфнинг асл моҳияти билан суғорилган. Мовароуннаҳр ва Хуросон тасаввуф муршидлари мамлакат ривожи ва инсонларнинг маънавий ўсишига кўрсатган хизматларичалик хизмат бирон бир бошқа мамлакатда кўрилмаган. Шариат қоидаларига амал қилган ҳолатда барча муршидлар ва тасаввуф пешволари бир хилда халқ хизматида бўлишган. Ҳақни таниш, унинг сирига эришишнинг ягона йўли Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига эргашиш, деб бир овозда бирлашишган. Дунё мансабига эришишни ва унинг бойлигидан фойдаланишни истаган “Пири комиллар” ўз-ўзидан тарих сарҳадларидан ном-нишонсиз йўқолиб боришган. Уларнинг ниятлари нопок ва бузуқ бўлганлиги сабабидан ривожланишликдан ва узоқ муддат одамларнинг қалбидан жой олишдан маҳрум бўлганлар. Ҳатто уларнинг фисқу-фасодидан жабрланганлар дуолари туфайли улар ўз давридаёқ ном-нишонсиз йўқ бўлишган. Ривоятларда келишича, Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд қуддиса сирруҳу ҳузурларига шогирдлари келиб, фисқу-фужур билан ном чиқарган бир кимса ўзини пири муршид, деб эълон қилганлик хабарини етазади. Шунда Ҳазрат Нақшбанд шогирдларидан унга эътибор қилмасликларини, Аллоҳ таоло яқин орада Ўзи унга кифоячи бўлишини, яъни Ўзи у кимсани қандай пайдо қилган бўлса, шундай йўқотиб юборишини маълум қиладилар. Ҳазратнинг муридлари ривоят қиладилар: бир муддат вақт ўтгач ҳалиги кимса қаттиқ шарманда бўлиб, ўз-ўзидан одамлар хаёлидан кўтарилди ва бедарак йўқолди.

Бу каби воқеалар ҳар даврда учраб турган. Аллоҳ таоло ўз динини ҳимоя қилишини айтиб, ваъда қилганлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Тасаввуф ҳам диннинг ичидаги бир бўлак бўлганлиги учун Аллоҳ таоло уни ҳам шундай ҳимоя қилади.

Юртимиз мустақиликка эришгач, томирида тасаввуф қони қайнаб турган ўзбек халқи атрофдаги барча авлиё мақбараларини тиклай бошлади. Мақбараларнинг тикланишида халқимизнинг қалбидаги тасаввуфга бўлган юксак эҳтироми ва муҳаббати намоён бўлиб турар эди. Давлатимиз раҳбари, ҳурматли биринчи президентимиз Ислом Каримов бу каби саховатларнинг энг бошида турдилар. Кўпдан-кўп манзиллар ва мақбаралар, масжид ва мадрасалар қайта таъмирдан ўтди.

Халқимизнинг қалбида тасаввуфга муҳаббат тирила бошлагач, бу муҳаббатдан фойдаланган, ўзини “пири муршид” деб кўрсатган баъзи одамлар чиқа бошладилар. Бирлари водийда пайдо бўлса, бирлари Самарқандда кўрина бошладилар. Яна бирлари эса умуман Ўзбекистонга дахли бўлмаган, бошқа мамлакатдан, яъни Туркиядан кириб келдилар. Улар барчаси ўзини Нақшбандия тариқати вакиллари, деб  таништирдилар. Нақшбания таълимотининг энг асл кўринишини етказишлик мақсадлари эканлигини билдирдилар. Қалбида тасаввуф қайнаб турган, лекин шариат ва тасаввуф илмларидан билимлари озлиги туфайли ҳеч нарсадан хабари йўқ ўзбеклар бу каби таълимотларга киришиб кетдилар. “Пири муршидлар” эса халқ орасида обрў-эътиборга эга бўлиб, ўз тарафдорларини атрофида жамлайвердилар. Оқибатда эса водийлик шайх, самарқандлик сўфи-шайх, туркиялик ғавс (яъни, ёрдамчи, улуғ устоз маъносида) номлари билан аталиб, тарафдорлар ўзларининг “нақшбандия таълимотини” мақтайвериб, бириники тўғри, иккинчисиники хатога чиқариш ҳолатлари сезилди. Баъзи мутаассиблари эса бу билан кифояланмай, бизнинг таълимотимизни олмаган кишилар динида шак-шубҳа бор, деб кофир ва диндан чиққан даражасига келтириб ҳам қўйди. Бу эса одамлар ўртасида ихтилоф ва тафриқаланишни вужудга олиб келди. Шариат илмидан хабари йўқ омий одамлар нима қилишини билмай қолди. Пешволари нима деса, ўша сўз улар учун ҳукм ўрнида бўлиб қолди. Жамоат намозини ўқиш учун масжидга келсалар, шариатни пухта ўзлаштирган имом-хатибларнинг сўзларига қулоқ осмай қолишди. Пешволари нима деса, хўп бўлади, бўйин эгдик ва қулоқ солдик, деб қаттиқ туриб олишди. Шариат аҳкомлари ва Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак суннатлари бир четда қолиб кетди. Шариатдан оз бўлсада хабари бор ва уни ҳурмат қилган кишилар бу каби фитнали “тасаввуф”дан ўзларини четга олиб чиқдилар. Фитнадан омон қолдилар. Лекин мутассиблик йўлини танлаган қолганлар эса ўз “шайх”ларига содиқ қолдилар.

“Пири муршидлар”нинг шариатга хилоф жиҳатлари: бири намознинг қазосини ўқиш шарт эмас, мен худо олдида кафилман, деб айтса, бошқаси, таҳажжуд фарз, деб буюрар эди. Бири калта иштонсиз намоз намоз эмас, деса, бошқаси эса, салласиз намоз намоз эмас, дерди. Бири чап қўлда қуйилган чойни ҳаромга чиқарар, бири эса устозининг нажосатини ҳалол, дер эди. Бир пайт сиёсатга аралашмаймиз, деса, бошқа пайт сиёсатмандлар сафимизда бўлса, яхши бўлар эди, деб орзу қиларди. Бири устозини Аллоҳдан устун қўйиб, мадад фақат шайхдан бўлади, дейди. Бири хато гапирганида, ҳадисдан раддия берилса, динида шубҳа бор, ундан узоқлашинг, деб муридларига фармойиш беради...  .

Бу сохта тариқат вакиллари шариатнинг ҳурматини жойига қўймайди. Устозлари буюрган топшириқлари Аллоҳнинг каломидан ҳам устун ҳисоблашади.

Юртимизда машҳур бўлган “Сўфи Аллаёр” номли асарга ёзилган шарҳ “Рисолайи азиза” асарида тасаввуф номоёндалари тўрт нарсага эга бўлишмаса, шайхлик даъвосини қила олмаслар, деб битилган. Бу тўрт нарса: қол илми, ҳол илми, мол илми ва сол илми.

Қол илми – шариат илмини тўлиқ эгаллаган муҳаддис олим. Аҳмад ибн Ҳанбалдан раҳматуллоҳи алайҳи инсон юз мингта ҳадис ёд олган бўлса, динда фатво бера олиши ёки динда фатво бера олмаслиги ҳақида сўралганда, у киши фатво бериши мумкин эмаслигини (илми озлик қилиши мумкинлигини) айтган эканлар.

Ҳол илми – Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишлик билан пайдо бўладиган ғайри оддий ва ақлга сиғмас ҳолатлар, яъни каромотлар пайдо бўлишлиги.

Мол илми – устоз ёки шайхнинг ўз пешона териси билан топган ҳалол моли бўлиб, атрофидаги муридларига мухтож бўлмаслиги шарт. Тарихдан маълумки “Нақшбандия” тариқатининг асосчиси ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд чорвадорлик, деҳқончилик, наққошлик каби касб эгаси бўлган.

Сол илми - ёш жиҳатидан кексалик шарт. Чунки кекса отахонларимизни Аллоҳ таоло ҳам жуда эъзозлашлигини ўзининг қудсий ҳадисида билдириб шундай деган:

“Бандамнинг бир тола сочи Ислом динида оқарса уни дўзахга киритишликка уяламан”.

Мазкур шартлар эса юқорида зикри ўтган “шайх”ларнинг биронтасида ҳам кўринмайди. Уларнинг шу ноқислиги сохта тариқат, сохта муршид эканлигига кифоя қилади.

 

Бухоро шаҳар “Мавлоно Шамсиддин Маҳбубий”

 жомеъ масжиди имом-хатиби Б.Манзитов

 

 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:34
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram