Ҳанафийликнинг афзалликлари
05 феврал 2019 й.
1691 марта ўқилди.


Ҳанафий мазҳаби ва ҳанафийликнинг афзалликлари (давоми)
Ҳанафийликнинг афзалликлари 

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг бирор бир масалани ечишда қуйидаги 7 асосга таянганлигини келтириб ўтиш мумкин:
1. Қуръони карим. Ислом шариатининг барча ҳукмларининг асос манбаси ҳисобланади. Ўзининг умумий кўрсатмалари ва йўлланмалари билан бошқа манбаларнинг пойдеворини ташкил этгани учун имом Аъзамнинг фиқҳий услубидаги биринчи ва асосий манба сифатида қаралади.
2. Сунна. Пайғамбаримизнинг сўзлари, амаллари ва тақрирлари (тасдиқлари)дан иборат бўлиб, Қуръон оятларини изоҳловчи, умумий ҳукмларни хослаштирувчи, мутлақларни муқайяд қилувчи, ноаниқ бўлган иборалар ва ҳукмларни аниқлаб берувчи манбадир. У орқали Пайғамбаримиз инсонларга Аллоҳнинг рисолатини етказганлар. 
3. Саҳобийлар сўзлари. Бу зотлар Пайғамбаримизга ояти-карималар нозил бўлишининг шоҳиди сифатида уларнинг сабаби нузули ва ҳадисларнинг айтилиш мавридини чуқур тушунган ҳолда уларни келажак авлод учун етказишлик вазифасини ҳам бажарганлар. Шунинг учун Абу Ҳанифа саҳобалар сўзлари ва улар бажарган амалларга фиқҳ илми бўйича учинчи манба сифатида қараган.
4. Қиёс услуби. Бирор-бир муаммонинг ечими Қуръон, Сунна ёки саҳобий қавлидан топилмаса, ҳанафийликда райъ (шахсий фикр) ва қиёсга асосланиб амал қилинган.
Имом Абу Заҳра ёзишича, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳ алайҳ қиёс орқали ҳукмларни истинбот қилиш бўйича энг олий даражага етиб борган эди. Биринчи навбатда, у иллатни қидирарди, унга эришгандан кейин уни текшириб, фараз қилишга ўтарди ва ҳали юз бермаган ҳодисаларни тахмин қилиб, аниқланган сабабни унга татбиқ этишга уринарди. Бундай усул, “ал-фиқҳут-тақдирий” (“тахминий ҳуқуқшунослик”) деб аталарди. 
Бунда содир бўлмаган ҳодисалар тахмин қилиниб ҳукми аниқланар ва бу иш топилган иллатларни синовдан ўтказиш мақсадида амалга ошириларди.
5. Истеҳсон. Луғатда “бир нарсани яхши деб ҳисоблаш” маъносида ишлатилади. Усул уламолари истилоҳида эса, “мужтаҳиднинг очиқ-равшан қиёсдан махфий қиёсга, куллий ҳукмдан жузъий ҳукмга ўтишлиги” тушунилади. Бундай ўтишликни унинг ижтиҳоди тақозо қилган бўлади.
Муҳаммад ибн Ҳасан: “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳ алайҳ ўз суҳбатдошлари билан қиёслашга ўтганда, улар унга қўшилишиб мунозара қилардилар. Аммо истеҳсонга ўтаман деганда, истеҳсонда масалалар кўп бўлгани учун ҳеч ким қўшилмасди, ҳаммалари тўхтаб унга бўйсунардилар. У Куфа олимлари фиқҳини яхши биларди”, – дейди.
6. Ижмоъ. Унинг луғавий маъноси “қасд қилмоқ”дир. Мужтаҳидларнинг бир ҳукмга ўзаро келишиб иттифоқ қилишига “ижмоъ” дейилишининг сабаби мазкур ҳукмни шаръий ҳукм деб қасд қилишдир. Истилоҳда эса, мусулмонлардан бўлган мужтаҳидларнинг Расулуллоҳ алайҳиссалом вафотларидан сўнг бирор даврда, шаръий ҳукмга қилган иттифоқига ижмоъ дейилади. Олимлар иттифоқи асосида ижмоъ ҳужжат, яъни шариат ҳукмларини белгилаш учун қатъий далил ҳисобланади.
7. Урф.Кишилар ўрганиб, одатланиб қолган ҳамда амалда қилиб келаётган ишлари ва айтаётган сўзларига урф дейилади. Урфни одат деб ҳам қаралади. Унинг икки хил кўриниши бўлиб, унга кўра: урфи фосид – нассга зид бўлган урф-одат бўлиб, ислом ҳуқуқида унга амал қилинмайди. Урфи саҳиҳ – халқнинг нассга зид бўлмаган урф-одатлари бўлиб, ислом қонунчилигида, айниқса, Абу Ҳанифанинг мазҳабида катта аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам уламолар: “Одат – шаръий ҳукмдир”, – деганлар. Урф ҳақидаги машҳур ибораларда: “Урф билан собит бўлган ҳукм насс билан собит бўлган ҳукмдек, урф билан билинган ҳукм ақд қилинган ҳукмдек”, – деган сўзлар маълум. Ибн Масъуд разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Мусулмонларнинг кўпчилиги нимани яхши деб билса, у Аллоҳнинг ҳузурида ҳам яхшидир”, – деб ривоят қилинган ҳадис (Имом Молик ривояти) ҳам ҳанафийлик урфи исломда мақбул кўрилганлигига далилдир. 
Саҳл ибн Музохим шундай дейди: “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳар доим энг ишончли ривоятларга таянган ва одамларнинг ўзаро муносабатларини тўғри йўлга қўйишга уринган. У қиёсга асосланиб иш олиб борарди, қиёс ноқулай бўлганда истесҳонга ўтарди, у орқали ҳам муаммо ўз ечимини топмаса, халқ орасида амалда бўлган урф-одатга мурожаат қиларди”.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Қуръон, ҳадис ёки саҳобалардан ривоят қилинган сўз ва амал мавжуд бўлмаган ҳолда, шунингдек қиёс урфга қарши турганда, урф-одатга асосланиб ҳукм чиқарган. Урфга катта эътибор қаратиш ҳанафий мазҳаби ривожланиб, кенг кўламда тарқалишининг муҳим омилларидан бири бўлган.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ мазҳабининг моҳияти ва мазмунида одамларга енгиллик яратиб беришдек олий мақсад ўз аксини топган. У ҳеч қачон мусулмонларга қийинчилик ва машаққатни раво кўрмаган: хоҳ ибодатда, хоҳ муомалот масаласида бўлсин, у зотнинг бундай ёндашуви таҳсин ва эътиборга сазовордир. Масалан, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ  кўйлакдаги нажосатни гул ёки узум суви билан тозалаш жоиз, дейди. Шунингдек, тунда қиблани аниқлай олмаган намозхоннинг намози, гарчи у тонгда бошқа тарафга қараб намоз ўқиб қўйганини билиб қолса ҳам дуруст эканлигини таъкидлайди. Шунингдек, у зот закот масаласида ҳам мусулмонларга енгил бўлишини истаган. Тилла ва кумушдан ясалган нарсалардан закот беришлик вожиб эканлиги масаласида ҳам Абу Ҳанифа камбағаллар томонида бўлган ва қарзи ҳамма молларини қамраб оладиган қарздорга закот вожиб эмаслигини таъкидлаган.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ҳуқуқий қарашларида ҳам шахсий эркинликка асосланиб, ҳар доим инсоннинг ирода эркинлигини ҳимоя қилингани ва инсоннинг шахсий тасарруфига ҳеч кимнинг аралашувига рухсат берилмаганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Айтайлик, оқила аёл турмуш ўртоғини танлашда унга ихтиёр берилганлиги мисолида буни кўришимиз мумкин. Абу Ҳанифа бўйи етган қиз турмуш ўртоғини танлашида ихтиёр мутлақо унинг ўзида эканлигини баён қилган. 
Ҳанафийликнинг афзалликларидан яна бири унинг иқтисодий масалаларни ҳал қилишга қодир кучли таҳлил ва ёндашув билан турли масалаларни ҳал қилинганилиги билан кўрсатиб ўтиш мумкин. Бундай афзаллик Абу Ҳанифанинг иқтисодга оид ижтиҳодларида яққол кўзга ташланади. Савдога хос бўлган урф-одат, муомалот бўйича қабул қилинган анъаналарда бошқа мазҳаблардан анча устунлигини кўрсатиб туради ва уларни амалий ҳаёт билан боғлаш мақсадида шариат нормалари билан уйғунлаштириш жараёнида яққол сезилади.
Ушбу хусусиятлар Абу Ҳанифанинг илмий услуби бўйича қуйидаги икки ҳолатда кўриш мумкин:
1. Урфга асосланиш. У зотнинг фикрича, тожирлар урфи тижорат ва савдо бўйича савдогарлараро мавжуд бўлган алоқаларни тартибга солиш учун асосий мезон ҳисобланади. Шу сабабли ҳанафийликда зарурат чоғида қиёсни тарк этиб, урфга таянади ва уни шаръий асос сифатида қабул қилади.
2. Истеҳсонга эътибор бериш. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг фикрича, ҳуқуқий қиёсни татбиқ этиш бирон бир ёмон натижага олиб борса ёки манфаат ё тижорат урфига мос келмайдиган муомаланинг келиб чиқишига сабаб бўлса, қиёс тарк этилиб, шариат нассига асосланган манфаат ёки халқ таомили – урфга асосланган истеҳсонга амал қилиниши лозим. 
Бундан ташқари иқтисодга боғлиқ бўлган ўзлаштирилмаган ерларни ислоҳ қилиб, экинзорга айлантиришга қодир деҳқонларга хусусий мулк қилиб бериш, меваларни хомлигида истеъмолчиларга сотишга ижозат бериш, етимларнинг молларидан уни кўпайтириш учун тижорат мақсадида фойдаланишга рухсат бериш ҳақидаги ижтиҳодлари ҳам фикримизнинг далилидир.
Ушбу мазҳаб ўз моҳияти, таълимоти ва қўллаган услуби билан кишилик жамиятида юз бериб турадиган ҳуқуқий муаммоларни ҳал этиш имкониятига эга бўлиб, ҳар қандай саволга жавоб топа олган. Бундай имкониятнинг келиб чиқишига сабаб, юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳанафий мазҳаби бирон бир масала бўйича насс (Қуръон ёки ҳадислар матни) мавжуд бўлмаса, қиёс, сўнгра урф-одатга таяниб иш олиб боргани туфайлидир. Бундай услубдан фойдаланиш халқ учун ҳаёт муаммоларини шариат қоидаларига асосланиб ечиш учун беназир қулайликлар ҳамда жозибали омил сифатида ҳанафийликнинг тарқалиши учун муносиб замин яратиб берди.
Дарҳақиқат, ислом ҳуқуқшунослигининг барча соҳаларида эркинлик ва муроса йўлини тутиб, инсонларга енгиллик яратиш йўлида ижтиҳод қилган шундай буюк зотнинг мазҳабига дунёдаги сунний мусулмонларнинг ярмига яқини тақлид қилишлари ҳеч бир ажабланарли ҳол эмас.

Бухоро шахар “Хўжа Таббанд” жомеъ
масжиди имом хатиби Ашуров Азизбек
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 05:58
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram