Жондор туман “Қизбиби” жомеъ масжид тарихи
19 август 2020 й.
1091 марта ўқилди.
 
Жондор туман “Қизбиби” жомеъ масжид тарихи

“Қизбиби” ёки Оғойи Бузрук аёллар хонақоси Бухоро вилояти Жондор туманида, Бухоро шаҳридан 30 километр узоқликда жойлашган. Майдони 0,5 гектар. Мажмуа бинолари асосан XIX асрларда қад кўтарган ва тўрт ҳовли атрофида жойлашган. 
Қишги ва ёзги хоналардан ташкил топган улкан гумбазли масжид-хонақоҳ баланд бўлиб, мажмуани бирлаштириб туради. Унинг силлиқланган ғиштлар билан безатилган маҳобатли пештоқли олд томони Шарққа, Қизбиби мозорига қараган. Кичик пештоқли Шимолий олд томони, уч томондан ҳужралар билан ўралган ибодатхона ҳовлиси билан туташ. Ҳужраларда ўчоқсимон печ ва ташнов мавжуд бўлиб, улар зиёратчиларнинг бу ерда узоқ муддат истиқомат қилишига мўлжалланган. Хонақоҳнинг Жанубий қисмига зиёратчиларнинг қисқа муддатли туришига мослаштирилган дарвозахонали ҳовли туташтирилган. Қибла деворда, меҳробнинг икки томони бўйлаб, шифобахш сувли қудуққа чиқадиган икки эшик ўрни бўлган. Ушбу қисмда ҳаммом ва таҳоратхона қурилгандан сўнг, эшиклар ўрни суваб ташланган. Қизбиби мозори тахминан XVIII аср охирларида икки хилхонали этиб қурилган мақбарага эга.  
Унинг ягона безакли биноси ҳисобланган айвон кейинроқ масжид-хонақоҳнинг бош пештоқига қаратилиб қурилган. Айвон ойнали ёғоч ўймакорлик услуби билан безатилган. Безаклар сақланмаган. Айвон тагида қора-кулранг мармар қабртош мавжуд. Унинг шакли ноанъанавий, яъни ўртаси тешик тўртбурчак тоштахта кўринишида. Қабртошда қуйидаги мазмундаги ёзув мавжуд: “Бу хушбўй, нурафшон мақбара Оғойи Бузрукникидир. Камтарин қул Ниёз Муҳаммад котиб ёзди. Ҳижрий 1223 [милодий 1808] йил”. Мақбаранинг шимолий девори олдида панжали туғ қад кўтариб турибди. Панжада “Ҳижрий 1227 йил” деган ёзув мавжуд. 
Шунингдек, бу ерда меҳмонхона, аёллар масжиди ва ҳовличалар бўлган. Уларнинг мақбарадан ташқари барчаси ХХ асрнинг 30-йилларида бузиб ташланган. Мақбара ва хонақоҳнинг аёлларга мўлжалланган қисмига эркаклар ҳеч қачон кирмаган. Бу одат ҳозиргача сақланмоқда. Мажмуани Шимолий шарқ томондан ошхона ёки ҳалимхона ва хўжалик ҳовлиси ўраб туради. Бу ерда кўплаб ўчоқ ва тандирлар жойлашган. Шунингдек, уй-рўзғор анжомлари, жумладан, ҳалиса (ҳалим) тайёрлаш учун катта қозонлар сақланган. Номи бизга номаълум саховатпеша шахс томонидан 1913-1914 йилларда мажмуанинг аёллар қисми ва ошхона қурилади. Бунинг учун мажмуа яқинида хумдон қурилиб, унда “салдоти”, “европача” деб аталган машҳур тўғри бурчакли ғиштлар пиширилган.   
XX асрнинг 80-йиллари бошларига қадар хонақоҳнинг ярмидан кўпи кўчувчи қумлар остида қолиб кетган эди. Шунга қарамай, бу жой атроф қишлоқлар аҳолиси ўртасида зиёратгоҳ сифатида машҳур бўлиб қолаверди. 
Зиёратгоҳ атрофи ободонлаштирилиб, республикамиз ва хориждан сайёҳларни жалб қилиш учун ушбу бетакрор, ўзига хос тарихга эга мажмуани кенгроқ тарғиб этиш лозим. Ҳозирда мажмуа кўркам маскан кўринишига келтирилиб, барча намозхонлар ўз ибодатларини адо этиб келмоқдалар.

Жондор туман “Қизбиби” жомеъ масжид

имом-хатиби Собир Раҳимов 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 05:58
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram