“ХЎЖА САИД ПЎЛОТ” ЖОМЕЬ МАСЖИД ТАРИХИ
25 июл 2020 й.
953 марта ўқилди.

 

“ХЎЖА САИД ПЎЛОТ” ЖОМЕЬ МАСЖИД ТАРИХИ

Бухоро минг йиллар давомида жаҳон тафаккури, маънавий, маданий ва диний қадриятлари тараққиётига улкан ҳисса қўшиб келаётган, шарифлик номига сазовор бўлган ўлкадир. Мўтабар шаҳарнинг ҳар бир қадамида азизларнинг хоки, излари бор. Маълумки, Бухоро шаҳрида кўпдан ортиқ авлиёлик мартабасига кўтарилган олимлар ва уламолар, машойихларнинг қадамжолари мавжуд. Шаҳардан ташқарида ҳам воҳа бўйлаб, халқ томонидан эъзозланган муқаддас зиёратгоҳга айлантирилган манзиллар анчагина. (Уларнинг аксарияти қадимий тепаликлардан жой олган). Улардан бири Бухоро вилояти Ромитан ва Пешку туманлари чегарасида жойлашган Хўжа Саид Пўлот манзилгоҳидир. 
Ромитан туманининг Миришкор маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Юқори миришкор қишлоғидаги Хўжа Саид Пўлот қадамжоси йўл ёқасидан 800 метр ичкарида жойлашган. У зот ҳақидаги маълумотлар манбаларда деярли учрамайди. Кексаларнинг тилдан тилга ўтиб келаётган маълумотлари ва ривоятларига қараганда, илгарилари ушбу зиёратгоҳ Хўжа Ахмад Кабир ҳазратларининг номига бўлиб, кейинчалик  Саид Пўлот тахаллуси билан тилга олинган. Орадан анча вақт ўтгач, туб аҳоли мўтабар зотнинг қабрини унинг ҳурмати ва иззатини ўрнига қўйиб тепаликнинг энг юқори қисмига кўчирган. Бугунги кунда авлиёнинг фақирона мақбараси 40 метр баландликдаги тепаликда сақланиб қолган. Унга узун ёғоч йўлак орқали чиқилади. Ушбу мақбара Ўрта Осиё меъморчилигида ўзига хос камёб ёғоч гумбазли услубда қурилган. Мақбаранинг илк кўриниши тўлиқ ёғочдан ясалган бўлиб, ҳозирда тузилишини ўзгартирган. Атрофига ғишт терилиб, лой билан сувоқланган. Ташқи кўриниши уч қаватли қилиб терилган ҳамда тепаси саккиз бурчакли айланма ёғоч гумбаз билан ёпилган. Мақбарага жанубда жойлашган узун, паст ва торгина йўлакдан эгилган ҳолатда кирилади. Кириш дарвозаси тепасида учбурчак белгиси мавжуд, бу мақбара эркак кишига тааллуқли эканлигини англатиб туради. Бино ичкарисининг тўрида Аҳмад Кабирнинг қабри жойлашган. Тепалик ёнидан зовур ўтказилган. Қадимий тепанинг учдан бир қисми эса шарқ томонда ажралиб қолган. Тепаликда сақланиб қолган сопол буюмлар ҳам айнан XI-XII асрларга таалуқли бўлиб, мақбара ичини ёритишда фойдаланилган қорачироқлар яхши сирланган бўлиб, XVII-XVIII асрларга хосдир. Улар токчалар бўйлаб ёнма-ён қўйилиб, ёнилғи қолдиқлари 15-20 смгача етади. Ҳозирги кунда Хўжа Саид Пўлот тепалиги маҳаллий қишлоқ аҳолиси қабристонига айлантирилган. Ўтган асрда қадамжо турли кимсаларнинг қўнимгоҳига айланган. Мустамлакачилик даврида босмачилар ўзлари учун қўрғонга айлантириб, ҳаракатларни шу ердан туриб олиб боришган. Халқнинг айтишича, Саид Пўлотнинг икки укалари ҳам авлиё даражасига етган. Уларнинг бири Пешку туман Афшона қишлоғидаги “Хўжаи Банди Кушот”, иккинчиси Ромитан тумани Пайшанба қишлоғидаги “Ё Захмати Вали” номлари билан маълум қадамжолардир. Бир пайтлар Хўжа Саид Пўлот зиёратгоҳида катта тут дарахти бўлган. Зиёратгоҳ олдида XX асрнинг 50-йилларида 100 кишига мўлжалланган ёғоч масжид, таҳоратхона, айвон қурилган. Шунингдек, муқаддас қадамжо чор атрофи мевали боғ ва салқин ҳовуздан иборат эди. Меҳмонхона ҳам бу ерга келувчиларга беминнат хизмат кўрсатган. Ҳозирда эса буларнинг бирортаси сақланиб қолмаган. Бор дарахтлар кесилиб, турли мақсадларда фойдаланилган. Тепаликнинг пастроғида бундан 20 йил олдин қурилган 80 кишилик масжид қолган холос.
Бугунги кунда қадамжони қайта тиклаш, замонавий лойиҳа асосида тубдан янгилаш, қурилиш ва ободонлаштириш ишларини олиб бориш борасида эзгу мақсадлар кўзланмоқда. Азиз авлиёлари билан шуҳрат қозонган Ромитан туманида Хўжа Саид Пўлот Ахмади Кабир қадамжоси ҳам мустакиллик шарофати туфайли хазрат номлари билан аталган  масжид 2001-йил 4-апрелда № 92 рақам билан Адлия рўйхатидан ўтказилган. Ушбу масжид саховатпеша инсонларнинг кўмаги ҳамда ташаббускорлиги асосида таъмирланиб, тикланди.

Ромитан туман “Хўжа Саид Пўлот” жомеъ масжид
имом-хатиби С.Бозоров
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 05:58
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram