Мулк сураси ҳақида
05 май 2020 й.
1737 марта ўқилди.

 

Мулк сураси ҳақида

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг Китобида бир сура бор. Унинг оятлари ўттизта. У соҳибини то мағфират қилингунича шафоат қилади. «Табарокаллази биядиҳил Мулк», - дедилар. (Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар).
Маккада нозил бўлган бошқа суралар каби бу сура ҳам ақида мавзусининг аслини муолажа қилади.
«Мулк» сураси учта асосий мақсадни ўз ичига олган:
1. Аллоҳнинг азамати, У Зотнинг тирилтириш ва ўлдиришга қодирлиги.
2. Тангрининг ягоналигига далил ва ҳужжатлар келтириш.
3. Қиёматга ва ўлгандан сўнг қайта тирилишга ишонмайдиганларнинг оқибати нима бўлиши.
Шунинг учун ҳам бу суранинг фазли улуғ бўлган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни мақтаганлар ва уни қироат қиладиганларга ушбу ҳадисдаги каби кўп нарсаларни ваъда қилганлар.
Бу сураи карима ўз соҳибини то у мағфират қилингунича шафоат қилгани учун «Шафоатчи» деб аталади. Шунинг учун ҳам бизнинг диёрларимизда уни дафндан кейин қабр устида ўқиш одатга айланган.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Алиф, Лаам, Мийм. Танзийл…» ва «Табарокаллази биядиҳил Мулк» ни қироат қилмасдан ухламас эдилар». (Термизий ривоят қилган).
Ҳозирда ҳам кўпчилик мусулмонлар «Мулк» сурасини ўқимасдан ухламаслик ҳақидаги ҳадиси шарифга оғишмай амал қилиб келадилар.
Имом Ҳоким келтирган ривоятда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Кишининг қабрига унинг оёқлари томонидан келинади. Шунда уларга: «Сизларга бу тарафдан йўл йўқ! У сураи «Мулк» ни қироат қилар эди», - дейилади. Сўнгра унинг кўкраги ёки қорни томонидан келинади. Бас, уларга: «Сизларга бу тарафдан йўл йўқ! У сураи «Мулк» ни қироат қилар эди», - дейилади. Сўнгра унинг боши томонидан келинади. Бас, уларга: «Сизларга бу тарафдан йўл йўқ! У сураи «Мулк» ни қироат қилар эди», - дейилади.
Имом Насаий келтирган ривоятда эса: «Ким «Таборакаллазии биядиҳил мулк» ни ҳар кеча қироат қилса, Аллоҳ азза ва жалла унинг сабабидан уни қабр азобидан ман қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида уни «Ман қилувчи» деб номлар эдик», - дейилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мулк» сураси ҳар бир мўъминнинг қалбида бўлишини хоҳлардим», - деганлар.
Кўриниб турибдики, бу сурани давомли равишда ўқиб боришимиз саодатимизни таъминлар экан. Ҳозиргидек файзли кечаларда ҳам,  “Мулк” сурасини ўқишни доимий одатга айлантирмоқлигимиз барчамиз учун зиёда савоблар махсули бўлур эди.

Манбалар асоси “Ҳадис ва ҳаёт” китобидан.
ЎМИ Бухоро вилоят вакиллиги Матбуот хизмати
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 06:00
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram