ҚАЛБ МАЛҲАМИ – ҚУРЪОН!
18 май 2020 й.
1812 марта ўқилди.

 

ҚАЛБ МАЛҲАМИ – ҚУРЪОН!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг башариятга юборган Муқаддас Китобидир. Роббимиз уни ўқишимиз, унда ёзилганлари тўғрисида фикр юритишимиз ва шу тарзда умримиз онлари гўзал ўтиши учун, севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга йиллар давомида нозил қилган. У Китобларнинг энг мукаммали ва охиргисидир. У фақатгина умматлар ичида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига насиб этилган улкан саодатдир.
Аллоҳ таоло уни васф қилиб: “Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва солиҳ амалларни қилувчи мўминларга хушхабарини берурки, албатта, ўшаларга улуғ ажр бордир” (Исро сураси, 9-оят), дейди.
Қуръони карим Аллоҳ таолонинг Каломидир. Бу фоний дунёда инсон сифатида чиройли умр кечиришимизни ўргатувчи, боқий дунёда Жаннат аталмиш маконни ҳадя этувчи  Фурқондир. Унда ҳеч қандай шубҳа йўқдир.
Аллоҳ таоло огоҳ этади: “Ушбу Китобда ҳеч шубҳа йўқ, тақводорларга ҳидоятдир”. (Бақара сураси, 2-оят). У Роббимиз инъом этган энг мукаммал ва охирги илоҳий китоб бўлиб, инсонлар учун улкан саодатдир. 
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади:  “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бир ҳасана (яхшилик ва савоб) ёзилади. Ўша ҳасана ўн баробар зиёда қилинади. Мен: “Алиф лам мийм”ни бир ҳарф деб айтмайман, балки “алиф” бир ҳарф, “лам” бир ҳарф ва “мийм” бир ҳарфдир”, деганлар”. (Термизий, Байҳақий, Табароний ва Ибн Абу Шайба ривояти).   
Қалб кўзини очган, Аллоҳга тақво ила, қилган гуноҳларидан тавба қилиб, ҳаёт(дунё)нинг ўткинчи ва сохталиги туфайли унга алданиб қолмай, муқим ибодатда бўлган, Қуръонни юрагининг бутун бир бўлаги дея оладиган инсонгина роҳат-фароғатга, бахтга, абадий Жаннатга эришади.
Шу ўринда ушбу ҳикматли ривоятни келтиришни жоиз деб билдик:
Боязид Бистомий ҳазратлари руҳий хастахона ёнидан ўтаётганларида, бир табибнинг ҳавончада дори майдалаётганини кўриб:
-Беҳад гуноҳкорман, - дебдилар, - шу касалимга қарши доринг борми?
-Табиб бошини кўтариб улгурмасдан, руҳий хастахона панжарасидан қараб турган бир хаста жавоб берибди.
-Тавбанинг томири билан истиғфорнинг япроғини аралаштир. Қалб ҳавончасида тавҳид тўқмоғи билан туйиб майдала. Инсоф элагидан ўтказ, кўз ёш билан йўғир, ишқ тандирида пишир ва бомдод билан шом орасида кўпроқ тановвул қил. Қуръоннинг туганмас нурларидан ҳар нафасингда баҳраманд бўл! Кўрасан хасталигингдан асар ҳам қолмайди. 
Бистомий ҳазратларининг кўзлари жиққа ёшга тўлиб дебдилар: “Ё, Роббим! Бу дунё хастахонасида не табибларинг бор!!!” (Одамийлик Мулки китобидан).
ҚУРЪОН- у шунчаки Муқаддас Китоб эмас. У Зикрдир. У Ҳақдир, У Танзийлдир. У Нурдир. У Шифодир. У Мавъизадир. У Раҳматдир. У Ҳикмат ва ҳакимдир. У Бурҳондир. У Каломуллоҳдир. У Фурқондир. Унинг шу каби бир неча номи ва сифатлари борки, у қанча кўп ўқилган, тиловат қилинган, англанган сари саодат манзилларига етаклайверади, етаклайверади!..
“Сенга Роббингнинг Китобидан ваҳий қилинганини тиловат қил. Унинг калималарини алмаштирувчи йўқ. Ундан ўзга ҳеч қандай паноҳни топа олмассан”. (Каҳф сураси, 27-оят).
Эй инсон! Аллоҳнинг Каломи бўлмиш Қуръони Каримга иймон келтир ва ундаги солиҳ амалларга эргашиб, умрингни гўзал тарзда ниҳоясига етказ. Шояд, Жаннат неъматидан баҳраманд бўлсанг! 
Зеро, у “Айтинг: “(Ушбу Қуръон) имон келтирган зотлар учун ҳидоят ва (дилдаги маънавий иллат учун) шифодир”. (Фуссилат сураси, 44-оят).

Бухоро вилоят Шофиркон туман отинойиси
Йўлдошова Ойнисо
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram