Ал-ҳикам ал-атоийя 50 – ҳикмат
16 сентябр 2016 й.
2822 марта ўқилди.

 50 – ҳикмат

لا صغيرة إذا قابلك عدله و لا كبيرة إذا واجهك فضله
Таржима:
Агар сенга Унинг адолати рўбарў бўлса гуноҳнинг кичиги йўқ. Агар сенга Унинг фазли робарў бўлса гуноҳнинг каттасийўқ.
 
Шарҳ:
 
Яъни Аллоҳ таоло сени Ўз адолати билан ҳисоб китоб қилса, сенинг кичкина гуноҳларинг ҳам катта гуноҳдек кўрилади. Чунки сен, Аллоҳ таоло бераётган неъматларнинг шукронасини ҳам адо этмаган ҳолингда гуноҳлар содир этишлигинг - бу адолат билан олиб қаралганда азоб ва жазога лойиқ иш. Зеро қул ўз ҳожасини амридан ҳаргиз чиқмаслиги лозим. 
Аммо Аллоҳ таоло сенга ўз фазлу карами ва лутфи марҳамати билан қараса унда сенинг ҳар қандай гуноҳларингни ҳам кечириб юбориши мумкин. Чунки У зотнинг фазли кенг, марҳамати чексиздир. У зот ширкдан бошқа ҳар қандай гуноҳни Ўз фазлу карами билан Ўзи хоҳлаган бандасидан кечиб юборади. Шу сабабли ҳазрати Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилган муборак ҳадисларини эсла ва уни англа! У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч ким ўз амали - қилган яхшиликлари билан билан жаннатга киролмайди”, дедилар.  Чунки ҳеч қайси инсон ҳам Аллоҳ таоло берган неъматларининг шукронасини адо қилолмайди. Шукронаси адо қилинмаган неъматлари билан бирга яна гуноҳ ҳам қилган бўлса ва уни Аллоҳ таоло Ўз адолати билан ҳисоб китоб қилса  унинг ҳалок бўлиши тайин. Шунинг учун жаннатга кирганлар У зотнинг фазлу марҳамати ва ёрдами билан киради. Аллоҳнинг фазлига эришиш учун эса у зотга маҳбуб бўлган амалларда бардавом бўлиш лозим. Аллоҳнинг фазлу марҳаматини инсонга келтирадиган, жалб қиладиган нарса У зотнинг йўлида юриш – амрларини бажариб қайтарган ишларидан қайтиш – тийилишдир. Унинг фазли ва марҳаматига эришсанг қилган баъзи катта – кичик гуноҳларингни кечириши муҳаққақ. Аммо Унинг йўлидан оғишиб бошқа йўлларда сарсон бўлсанг, У зотнинг марҳаматидан мосуво бўласан ва ҳисобинг қаттиқ бўлади. Сен кичкина деб ўйлаётган гуноҳларинг ҳам Аллоҳга нисбатан қилингани учун катта ҳисобланади ва адолат юзасидан ҳолинг вой бўлади.  
Эй инсон, ўзингдек бир инсонга муҳаббат қўйсанг унинг тоғдек айбу хатолари ҳам кўзингга кўринмайди. Раббингга муҳаббат қўй, Унинг неъматларини тафаккур қил ва шундай амал қилгинки, Аллоҳ ҳам сени яхши кўрсин…
 
Мир Араб мадрасаси кутубхоначиси
Улуғбек Жиянов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 06:00
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram