ҲАЗРАТ БАҲОУДДИН НАҚШБАНД
1935 марта ўқилди.

 

ҲАЗРАТ  БАҲОУДДИН  НАҚШБАНД  

Хожа Баҳоуддин Нақшбанд – ислом оламининг энг машҳур авлиёларидан бири, нақшбандия  тариқатининг  асосчиси. Насл насаблари Пайғамбаримиз  саллоллоҳу  алайҳи  васалламга  бориб туташади, яъни ота томонидан Ҳазрати Али розияллоҳу  анҳу ва оналари томонидан Абу Бакр Сиддиқ  розияллоҳу  анҳу орқали.  Хожа Баҳоуддин Нақшбанд - бу мўътабар ном асрлар оша мусулмон оламида инсонларга “Шайх Нақшбанд”, “Хожаи Бузург”, “Шоҳ Нақшбанд” номлари билан маълум ва машҳур бўлиб, у зот асос солган сўфийликнинг Нақшбандия  тариқати ҳануз кўплаб мухлисларга  эгадир.
Ул  зот  1318  йили Бухоро вилояти Когон туманининг  Қасри Ҳиндувон  қишлоғида таваллуд топдилар. Ўша вақтда шаҳардан четроқда бўлган бу қишлоқда ҳинд қабилалари истиқомат қилган. Кейинчалик Баҳоуддин Нақшбанд барокотларидан бу қишлоқ Қасри Орифон деб юритилган. 
Хожа Баҳоуддин ёшлигида ўша даврнинг билимдон одамлари орасида улғайди, Бухорода ўқиди, шариат ва тариқат  илмининг энг мартабалик билимдонлари унга таълим бердилар.
Дастлаб замонасининг етук олими Шайх Хожа Муҳаммад Бобо Самосий зийрак, ниҳоятда қобилият соҳиби ёш Баҳоуддинни  ўғил сифатида ўз тарбиясига олди. Устози вафотидан сўнг Баҳоуддин Саййид Амир Кулолга шогирд бўлади. Баҳоуддин устозлари тарбияси билан Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний асос солган Хожагон тариқатида ориф даражасига эришади. Хожа Юсуф Ҳамадонийнинг Туронзаминда тариқатини давом эттирган Аҳмад Яссавий ҳамда Абдулхолиқ  Ғиждувонийларнинг тасаввуф меросини чуқур ўрганиб, улар таълимотини ривожлантиради, хусусан  Абдулхолиқ  Ғиждувонийнинг кашф этган калимоти  қудсияга яна учта манзилни қўшиб-ўн бир калимот қилиб, умуман сўфийлик таълимотида Нақшбандия деб аталмиш инсонларнинг биродарлигига хизмат қилишга  қаратилган янги саҳифа очади.
Баҳоуддин Нақшбанд  ҳаётларида Муҳаммад Бобойи Самосий, Саййид Амир Кулол, Хожа  Ориф  Диггароний, Қусам шайх ҳазратларидан ва Абдухолиқ  Ғиждувонийдан таълим олганлар.
Баҳоуддин Нақшбанд таълимотлари мўътадил таълимот бўлиб, унда  дунё  ва охират ишлари баробар олиб бориш  тарғиб  қилган. Шунинг учун бу таълимот дунёда кенг тарқалган. Бу зотнинг “Дил ба ёру, даст ба кор” деган шиорлари бутун дунёга машҳур. Бу зоту бобаракот 1389 йилда Қасри Орифон қишлоғида вафот этганлар.    
Баҳоддин Нақшбанд – валий инсон, улуғ руҳоний мураббий, кўпдан-кўп покиза хислатли одамларни тарбиялаган, янги силсилани вужудга келтирган зот. Шунга қарамай, ниҳоятда камтарона ҳаёт кечирган, тақво, ҳалоллик, ҳақгўйлик, адолатпарварликда намуна бўлганлар. Ўзларига тегишли ерда деҳқончилик қилиб, баъзан ота  касб – кимхобга нақш солиб, луқмаи ҳалол билан рўзғор ўтказган. 
Баҳоуддин Нақшбанд назру ниёз қабул қилмаганлар, аксинча, ўз рўзғорларидан ортиб қолса, бошқа муҳтожларга берганлар. Қасри Орифон ўзига хос хонақоҳга айланиб, Баҳоуддин Нақшбанд шу ерда шогирдлар тарбиялаш билан шуғулланганлар. 
Нақшбандия таълимотининг асосий тарбия усули – суҳбатдир. “Суҳбатнинг фойдаси кўп, – дейдилар Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, – чунки суҳбат орқали инсон қалбига кириб бориш мумкин”. Бошқа тариқатлардаги чилла ўтириш, зикри жаҳрияни Баҳоуддин ҳазратлари хуш кўрмаганлар. 
“Даст ба кор-у, дил ба Ёр” шиори ҳам айнан шуни тақозо этар эди, яъни “Қўлинг ишда бўлсин, қалбинг – Аллоҳда”. Бошқача айтганда: Дунёни ҳам, охиратни ҳам, унутма. Худди шу маънода хожагон тариқатининг бошқа қоидалари, “сафар дар ватан”, “ҳуш дар дам”, “назар бар қадам” каби қудсий талаблар ҳам ички оламни поклаш, Аллоҳни севиш ва шариат йўлидан чекланмасликни чуқурроқ англаш, мустаҳкамлашга ёрдам бериб келган. 
Нақшбандия осойишта ва чин маънодаги маърифий таълимотдир. Унда тафаккур ва тахайюл меваларидан баҳрамандлик, бадиий ижод намуналаридан фойдаланишга кенг йўл берилган, бехудлик, шубҳа-гумонга тўла ақидалар тўқиш, қавмни таҳликага солиш, авом англамайдиган ҳаракатлар қилиш манъ қилинган.  
Нақшбанд ҳазратлари мулойим табиатли, раҳмдил одам бўлганлар ва шундай одамларни яхши кўрганлар. Ул зот бутун умр илм истаб, илм ўрганиш, жаҳлдан узоқ туришни насиҳат қилдилар. У киши Пайғамбар (с.а.в.) нинг “Қаерда бўлманг, илм талабидан узоқлашманглар ва агар обу оташ ичра ғарқ бўлсангиз ҳам, ғаввос бўлиб кечиб ўтинглар ва илм ўрганинглар”, деган ҳадисларини ўз шогирдларига такрор-такрор уқтириб турганлар.
У кишининг барча шогирдлари муайян касб эгаси бўлган. Зеро, ҳалол касб билан ҳалол луқма топиб ейиш нақшбандиянинг бош талаби эди. Унда камтаринлик улуғланиб, турли кийимлар кийиб ўзини кўз-кўз қилиш, керилиш катта нуқсон деб қаралган.
Баҳоуддин  Нақшбанд  ёдгорлик  мажмуаси  беш  юз  йил  мобайнида  шаклланди. Унинг  илк  тарихи  тўғрисида  маълумотлар  жуда  оз. Баҳоуддин  Нақшбанд  қабрлари олдидаги  дастлабки  бинолар,  тахминан  ҳазрат  вафотларидан  кейин  қурилган. Меъморий-археологик тадқиқотлар даврида илк биноларнинг қолдиқлари ва асослари топилди.  Баҳоуддин  Нақшбанд  вафотларидан  кўп  ўтмай  ҳазрат  мақбараларининг ғарбий томонида қабристон пайдо бўлиб, унда ҳазратнинг мурид-мухлислари дафн қилина бошлаган. Кейинчалик бу ерда Бухоронинг ҳукмрон сулола вакиллари дафн қилинадиган “Дахмаи шоҳон” ташкил топган. XV аср охирида Баҳоуддин Нақшбанд қабрлари устига дахма қурилиб, у мармар қоплама ва ўлчамлари бўйича бир-бирига мос келадиган гўзал нақшинкор мармар панжара билан безатилган.
XVI  аср  биринчи  ярмида  шайбоний  Абдулазизхон  (1540-1590)  буйруғи  билан Баҳоуддин  Нақшбанд  қабрлари  атрофи  ўраб  олинади,  унинг  шимолий-ғарбий бурчагида  эса  ҳижрий  951  (милодий  1545)  йилларда  хонақоҳ  барпо  этилади. Мақбаранинг шимолий томонидаги  ҳовуз  ҳам  шу  пайтда  қурилган  бўлиши тахмин қилинади.

ЎМИ Бухоро вилояти вакиллиги
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 05:58
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram