Қалбинг Аллоҳ ила қўлинг ҳалол меҳнатда бўлсин!
656 марта ўқилди.

 
Қалбинг Аллоҳ ила қўлинг ҳалол меҳнатда бўлсин!

Зоҳиринг бегона, ботинда бўл огоҳ ҳар нафас,
Бул каби озода рафторга жаҳон қилгай ҳавас
Баҳоуддин Нақшбанд
 
Маълумки, диёримизда, илм-маърифатга чанқоқ халқимизга тасаввуф ва тариқатга нисбатан ўзгача муҳаббат ва эътиқод мавжуд.
Мустақиллигимиз шарофати билан муқаддас Ислом динимиз кўрсатмаларига тўла эътиқод ва амал қилиш имконияти пайдо бўлди. Динга нисбатан бўлган халқимиз талаб ва эҳтиёжлари давлатимиз томонидан етарлича қондирилди. Шулар қатори аждодларимиз томонидан шакллантирилган тариқат ва тасуввуф йўли ҳам қайта жонланди. Бобокалонимиз Баҳоуддин Нақшбанд томонидан ислоҳ қилинган ва мукаммалашган тасаввуф йўли аста секин халқимизнинг маънавий тарбиясига ўз таъсирини кўрсата бошлади. Бу борадаги тарихий манбалар қайта нашр қилинди, халқимизга бу соҳанинг сир-асрорлари маълум қилинди. Лекин ҳар бир ишда асли ва сохтаси ҳам бўлганидек, тасаввуфни тўғри тушунадиган ва унга садоқат билан қарайдиган кишилар бўлганидек, ундан ўз манфаатлари йўлида фойдаланадиган, уни нотўғри талқин қилувчилар ҳам топилди.
Ёшларимизни маънавий баркамол руҳда тарбиялаш энг долзарб масалалардан бири бўлиб турган бир пайтда, яна бир мавзу хусусида тўхталиб ўтишга тўғри келади. У ҳам бўлса турли тариқат оқимларига ружу қўйиш ҳолатлари бўлиб, бу тўғрисида муқаддас динимиз кўрсатмаларидан узоқлашиб кетиш хавфини олдини олишдир.
Минг афсуслар бўлсинким, кўпгина шайхликни даъво қилувчилар ва жуда кўп муридликни даъво қилувчилар шаръий илмлардан бехабар ёки оз хабардор бўлганлари учун тасаввуфга ҳам доғ туширганлар ва туширмоқдалар.
Шариат билан тариқат орасидаги алоқа иккиси бир-бирини тўлдиради. Улар орасида ихтилоф бўлиши мутлақо мумкин эмас. Энг аввало, мусулмонлик ва исломият, исломий асослар ва қоидалар, исломнинг шартлари ва арконлари, буйруқ ва қайтариқлари нима эканлигини яхшилаб билиб олиш лозим. Зеро, бу маълумотларни билмаган ва ҳаётига татбиқ этмаган киши асло тасаввуф аҳли бўлаолмайди. Акс ҳолда Аҳмад Яссавий айтганларидек:
Тариқатга шариатсиз кирганларни, Шайтон келиб иймонини олар эрмиш.
Лекин, афсуски, шариатнинг асл қоидаларига эргашмайдиган, уни ўзларича тушунишга ҳаракат қиладиган ҳамда шариатни тариқат ва тасаввуфдан алоҳида тушунадиганлар ўзларининг жоҳилона ҳатти-ҳаракатлари билан кўплаб низо ва ихтилофларнинг келиб чиқишига сабабчи бўладилар. Ўзларини гўёки салафлар даврида яшаётгандек ҳис қилиб, яшаш тарзи, кийиниши, еб-ичиш, атрофдагиларга ўз таъсирини ўтказиш каби кўринишларда қайсидир маънода раҳнамо бўлишга ҳаракат қилаётганлар исломдан чала савод бўлганлари ҳолда кишиларни динни янада тор тушунишга, асосий қатъий ҳукмлар турганда, жузъий (иккинчи даражали) бўлган амаллар билан машғул бўлишга ундайдилар. Энг ачинарлиси, ана шундай ҳақиқий тасаввуф ва тариқатдан йироқ кимсаларга ўзларини бу соҳанинг даҳолари қилиб кўрсатишлари, оммага шу мақомда туриб мурожаат ва муносабатда бўлишлари, шу йўл билан қайсидир маънода таъсир кучига эга бўлиб олишларига сабаб бўлмоқда.
Хусусан нақшбандия тариқатининг асосчиси Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари пайғамбаримиз Муҳаммад солллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “ Киши қўли ила касб қилиб ризқини еганидан кўра яхшироқ таомни ея олмайди. Аллоҳнинг пайғамбари  Довуд алайҳиссалом қўллари ила касб қилиб, рўзғор тебратганлар”. (Миқдом розияллоҳу анҳудан, Бухорий ривояти.), деган ҳадиси шарифларини ўз тариқатларига дастур қилиб, “Дилба ёр-у дастба кор” қоидасини ҳаётга тадбиқ этдилар. Нақшбандия тариқати инсонларни Қуръон, ҳадисга асосланган ҳолда ҳаёт кечириб, жамиятга манфаати тегадиган комил инсонлар қилиб тарбияладики, бу таълимот ҳанузгача ўз кучини йўқотган эмас. У таълимотда исломий яшаш тарзи ва савоб топиш манбалари фақатгина намоз, рўза, ҳаж, закотдангина иборат бўлмасдан, ўз ҳаётини, маънавий покликка мос равишда ташкил қилиб, ижтимоий ҳаётга ҳиссасини қўшиб, халқ билан бирга яшаш, унга манфаат етказиш зарурлиги таъкидланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам: “Косиб, яъни касбу ҳунар билан шуғулланувчи киши Аллоҳнинг суюкли дўстидир”. Касбларнинг яхшиси ишчи қўл билан касб қилиниб, ҳалол меҳнат билан бўлганидир. (Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривояти) деганлар. 
Ҳазрат Баҳоуддиннинг касблари матога нақш солмоқ бўлган. Чунки тариқат пирлари маълум бир касбни ўрганиб, ҳаёт кечирганлар. Зеро пайғамбар соллалоҳу алайҳи васаллам нинг “Қуръонни ўқиб, унга амал қилинглар. Ундан узоқлашиб ҳам кетманглар, унинг маъносига чуқур етаман, деб хато ва муболағага берилиб кетманглар, уни тирикчилик воситаси қилиб олиб, мол дунё орттиришга ҳам ўтманглар”, деган ҳадиси муборакларига тариқат пирлари амал этган. “Арқон олиб тоғдан ўтин териб, уни сотиб еб ва садақа қилган одам, тиланчилик билан кун кечиргандан яхшироқдир”, деган ҳадис текинхўрлик, таъмагирликка қаршидир. Жумладан, шайхул машойих Абу Саид Харроз маҳсидўз, шайхул ислом Хожа Абдуллоҳ Ансорий этикдўз, шайх Муҳаммад Саккокий пичоқчи, шайх Абулфайз Ҳаддод темирчи, ўз замонасининг қутбивағавси (мададкори) ҳисобланган шайх Абулаббос Омилий ҳаммол, шайх Абулҳасан Нажжор дурадгорлик билан шуғулланган. Чунончи, касб-ҳунарга эга бўлиш одоби хусусида Кошифий бундай ёзади: “Билгилки, дарвеш ҳалол ва покиза касб билан шуғулланиши керак, чунки касб – тариқатнинг зарурий шартларидандир. Зеро, умр ўтказишга зарур восита (маош) ҳосил бўлмагунча, киши осойишта бўлмайди… Ва агар киши ўз касби билан зарурий нарсаларни муҳайё этмаса, одамларни ранжитади, азобга қўяди”.
ШайхСаъдий дейдиларки:
Фақат жойнамозу тасбеҳу хирқа
Ила ҳосил бўлмас экан тариқат.
Тариқат дегани, билсанг, аёдўст,
Бу – халққа хизматдур, хизматдур фақат!
 
Ҳозирги таҳликали дунёда, турли низо ва адоватлар ҳали бери барҳам топмаган мураккаб бир вазиятда Нақшбанд бобомизнинг – миллати, тили ва динидан қатъий назар инсон зотини азиз ва мукаррам билиш, ўзаро меҳр-оқибат, шафқат ва мурувват муҳитини қарор топтириш, етим-есирларнинг бошини силаш, муҳтожларга ёрдам бериш каби эзгу даъватлари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.

Бухоро туман “Имом Бухорий” жомеъ масжид
имом-хатиби Абдураҳмон Бақоев
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:25
Куёш: 06:57
Пешин: 13:10
Аср: 16:25
Шом: 18:10
Хуфтон: 19:50
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram